Ватан, айланайин тупроқларингдан!

343

Ўзбекистон деганда жоним ичида бир сеҳрли қўнғироқ жаранглайди.  Юртимиз мустақилликка эришганда мен тўрт ёшда эдим. Истиқлол билан бирга улғая бордим. Ўзимнинг уйим, ўзимнинг кўчам, ўзимнинг маҳаллам, ўзимнинг мактабим, ўзимнинг китобим ва ўзимнинг дўстларим дея қадр қиладиган ва қадр биладиган даражага етдим.

Биринчи марта қўлимни кўксимга қўйиб Ватан мадҳиясини ижро этганимда бутун борлиғим ларзага тушганлигини ҳеч унутолмайман. Биз болалар ­Мустақиллик дарслари орқали мамлакатда бўлаётган буюк ўзгаришлар ўсиб келаётган авлодга хизмат қилишини англаганимиз сари ушбу муқаддас заминга меҳр-муҳаббатимиз ҳам ортиб бораверди.
Бугун ўзим ҳам онаман. Жажжи қизалоғимга жонажон Ватаним ҳақида ҳикоялар, шеърлар ўқиб бераман. У ҳали жуда ёш, лекин Ватан туйғусини жон-жаҳди билан англашга интилади. Худди ўзим каби ўзимизнинг уйимиз, ўзимнинг гулларим, дафтарларим, қушларим дейди.
Улуғ ёзувчи Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» асарини, албатта, сиз ҳам мутолаа қилгансиз. Ундаги Зеби худди менинг дугонамга ўхшайди. Йўқ, аччиқ қисмати, бахтсиз тақдири билан эмас, балки мен билан баробар ёшда эканлиги билан ҳам менга ўхшайди. Тафовутни қарангки, мен олий ўқув юртларини тугаллаб, халқаро журналист мутахассислигига эга бўлдим. Зеби эса гулдек гўзаллиги, қўнғироқдек овози, гўзал орзулари билан тўрт девор ичида қолди. У ҳатто ўзини химоя қилишни ҳам билмайди, ҳатто савод ҳам чиқармаган. Содда, беғубор қизнинг умри қоронғу кечаларда йўқликка юз тутди…
Бугун биз бошидан сув ўгириб ичса арзигулик ўхшаши йўқ Ватанда яшамоқдамиз. Ҳамма нарса муҳайё. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида биз ёшлар ҳақида алоҳида тўхталиб, адабиёт, театр ва кино, мусиқа ва тас­вирий санъат, журналистика соҳаларига кириб келаётган ёш истеъдод эгалари учун Ўзбекистон ёш ижодкорларининг семинарини ташкил этиш масаласини ўртага ташлаганларида қанчалар қувонганимни таърифлаб беролмайман.
Бу ижодий анжуман ёшларимизни маҳорат сирларига ошно қилиш билан бирга, улар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ҳам қарор топтиришга хизмат қилган бўларди, деб таъкидладилар Давлатимиз раҳбари. Шунинг­дек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасини алоҳида бино билан таъминлаш масаласи ҳам ўз ечимини топди.
Она Ўзбекистонимизда ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида бўлаётган улкан ўзгаришлар мендек ёшлар учун фахр ва ҳайрат мактабидир. Она ўз боласини ўзига хос муҳаббат билан яхши кўрганидек мен ҳам ўз она Ватанимни фарзанд­лик муҳаббати билан ўзимгагина хос бокира туйғулар билан яхши кўраман.
Менинг мустақил, ёш, навқирон Ўзбекистоним ўз Конституциясига, унинг 5-моддасида белгиланган давлат рамзлари — ўз байроғи, герб ва мадҳиясига эга.
Ҳар тонг давлат мадҳиямиз бизни уйғотиши, мусаффо осмонимиз кўксида байроғимизнинг улуғвор ҳилпираб туриши, бу халқимизнинг битмас-туганмас бойлиги, асрий армонлари рўёбидир.
Юртимизнинг қон томирлари бўлган кўнгилни равшан, узоғимизни яқин қилувчи йўллардан юрганимда кўксим фахр-ифтихорга тўлиб кетади. Тошкент — Қарши, Тошкент — Самарқанд ва Тошкент — Бухоро йўналиши бўйлаб бораётган энг замонавий поездларимиз, ажойиб темир йўл вокзаллари, аэропортлар юртимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларни-да ­ҳаваслантираётгани бежиз эмас. Ўзимизда ишлаб чиқарилган кўчаларни тўлдириб юрган машиналаримизни ­айтмайсизми?!
Истиқлол қуёши ҳар дақиқа, ҳар он нурларини бошимиздан сочиб турибди. Истиқлол бизга ўзимизни англаш имкониятини берди:
«Бир ўлкаки боғларида шивирлар баҳор, Бир ўлкаки сал кўрмаса қуёш соғинар», деб ёзган эди улуғ шоиримиз Ойбек. Чиндан онажон Ватанимиз таърифи шеъру дос­тонларга сиғмайди. Унинг бир ҳовуч ­тупроғи кўзга тўтиё. Мен уни кўзимга суриб: Ватан, айланайин ­тупроқларингдан, дегим келади…

Нозима УМАРОВА

 

Бошқа хабарлар