Маҳаллада бир кун

42

Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини аҳли тадбиркорлиги билан ажралиб туради. Маҳалла кўчалари обод, саришта. 1 минг 212 хўжалик, 4 минг 700 дан зиёд аҳоли яшаётган ҳудудда ўнлаб савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тикувчилик цехлари фаолият юритмоқда.

— Ўтган йили ҳам ҳудуд фаровонлиги учун бир қатор ишларни амалга оширдик, — дейди маҳалла раиси Ғайрат Авазмуродов. — Хусусан, мактаб ва бошқа иншоотлар атрофига, кўча бўйларига 300 дан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. 1,5 километрлик таъмирталаб йўлга шағал ётқизилди. Лотоклар ҳашар йўли билан лойқадан тозаланди. Ҳомийлар ва маҳалла фаоллари ёрдами билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногирон фуқароларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Маҳалла фаоллари ҳар бир хонадонга кириб аҳолининг яшаш тарзини ўрганиш, томорқадан унумли фойдаланиш ва уни даромад манбаига айлантириш, хонадонларда касаначилик, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тарғибот ишларини доимий йўлга қўйган. Бунинг натижасида одамлар мўъжазгина ҳовлисини гуллатиб, яшнатиб қўйибди. Кимдир ихчам иссиқхона қурган бўлса, кимдир уйида тикувчилик цехи очган. Бошқаси бетон ғишт ишлаб чиқармоқда. Айни пайтда маҳаллада 10 дан зиёд мана шундай тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Улардан бири «Мансуржон Аҳрор» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳрор Қодировдир.
— Фаолиятимизни 2008 йилда бошлаганмиз, — дейди Аҳрор ака. — Цехимизда асосан бетон ғишт ишлаб чиқарилади. 5 иш ўрни яратганмиз. Мавсум пайтида кунига 1,5 мингтагача бетон ғишт ишлаб чиқарилади. Ускуналаримиз бироз эски, шу боис энергия сарфи юқори. Яратилаётган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, энергия тежамкор замонавий технологиялар келтиришни режалаштирганмиз. Бу цехимиз фаолиятини янада кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.
Маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уй шароитида касаначилик, миллий ҳунармандчилик билан шуғулланишлари учун ҳам шароит яратилган. Ҳозир бу ерда ўнлаб ҳунарманд аёллар уй шароитида ўзларига ўхшаган хотин-қизларни атрофига бириктириб, тикувчилик, тўқувчилик сирларини ўргатмоқда.
— Тикувчилик билан шуғулланаётганимизга 10 йилдан ошди, — дейди «Шерматова Мадина Мухторовна» оилавий тадбиркорлик корхонаси раҳбари Мадина Шерматова. — Аввалига якка тартибда фаолият юритдим. Кейинчалик буюртмалар кўпайгач, оиламдагиларни кўмакка чақирдим ва оилавий тадбиркорга айландик. Айни пайтда буюртмага қараб 3-4 турдаги эркаклар кийими тикамиз ва ички бозорга чиқарамиз. Тўлиқ маҳаллий хомашёдан фойдаланамиз. Орттирган даромад ҳисобига сўнгги русумдаги 5 тикув машинаси харид қилдик. Бу эса маҳсулотларимиз сифатини янада оширди. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Алишер Навоий номидаги маҳаллада бир кунимиз мана шундай ўтди. Қайси хонадонга кирманг, бир ўзгариш, янгиликнинг гувоҳи бўласиз. Одамлар бугунидан, ҳаётидан мамнун, эртанги кунга ишончи мустаҳкам.

Ў.БАРОТОВ,
ЎзА мухбири.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ
(ЎзА) олган сурат.

Бошқа хабарлар