Фидойилик билан жонфидолик:бу тушунчалар ўртасидаги фарқни унутмадикми?

700

Бугун нимагадир баландпарвозликка одатланиб қолдик. Баъзан эса ким ўзарга ўйнагандек шу қадар таърифу-тавсифларга берилиб кетамизки…

Камчиликни баратараф қилгандан унинг олдини олган афзал, дейишади. Тегишли ишчи гуруҳлар томонидан маҳаллалар ҳаётини ўрганиш давомида қанчадан-қанча аҳоли қатламининг муаммолари аён бўлди. Ҳатто туғилганлик гувоҳномаси йўқ, шу сабаб на мактаб, на боғчага бормаётган болалар, ҳеч ким борлигини ҳам билмаган, аммо сизу биз яшаётган маҳаллада истиқомат қилаётган ногиронларни «сезиш»га муваффақ бўлдик. Бу, аслида, ютуқ ёки ҳисобот тўлдириш шакли эмас, балки ўтган йилларда амалда қилинмаган, қоғозбозлик билан яширилган камчиликларимиздир. Ачинарлиси, унда ҳаммамизнинг ҳиссамиз бор. Уларнинг амалга ошишида бевосита иштирокчи бўлмагандирмиз, аммо бемаврид СУКУТимиз билан ҳисса қўшганимиз бор гап.
Келинг, кундалик ҳаётимиздаги айрим муаммоларни таҳлил элагидан бир ўтказайлик: ўз ишингиз (ўқиш ёки ҳунарингиз)ни бажаришда доимо ҳалоллик мезонига таянаяпсизми? Атрофингиздаги одамларга эътиборли ва даврадошларингизга нисбатан масъулиятни ҳис қиласизми? Зеро, ижтимоий ҳаётимиз мунтазам қандайдир давралар (ишда ҳамкасблар, оилада қариндошлар, кўча-кўйда танишлар, боғчада ёки мактабда фарзандингизга ўртоқ бўлганларнинг ота-оналари ва ҳоказо давралар) қуршовида кечади. Айни шу гуруҳларда ўз масъулиятингизни билиш ва уни ҳис қилиш фидойилик томон илк қадамдир десам, муболағага йўйманг. Мулоҳаза қамровини кенгроқ олсак, муддао ойдинлашади. Бир танишим вилоят марказига тумандан қатнаб ишлайди, кунлик узоқ йўл, таассуротлар ҳам шунга яраша. Бир куни кечки пайт одатича бекатга борибди. Йўл четида кайфи ошиб қолган ўрта ёшлардаги эркак узала тушиб ётганмиш, ёнида 7-8 ёшлардаги ўғилчаси дада деган зотни нима қилишни билолмай кўзлари мўлтираб турганмиш. «Бир бекат одам, бирортаси болага қарай демайди, — ҳикоя қилади танишим. — «Ўғлим, уйинг қаерда?» деб сўрасам, елка қисади. Киракашлар: «Опа, бу киши фалон қишлоқдан», дейишди. Ўша қишлоққа борадиган биттасига: «Ука, шу боламни олиб бориб, уйига ташлаб қўйинг, йўл ҳақини мен бераман», дедим. Атрофдагилар ҳайрон бўлиб, «бу бола сизга бирор кимми?» деб сўрашади. «Менга-ку ҳеч киммас, аммо куннинг совуғида гўдакни кўчада қолдириб бўладими? Дадаси кайфи тарқалса, йўлини топиб олар, аммо болани бундай хор қилиш яхшимас», дедим. Болани жўнатгач, кўнглим хотиржам тортди-ю, бироқ шунча пайтдан бери одамларимизнинг унга эътиборсизлик қилганидан ранжидим. Худо кўрсатмасин, бирор кўнгли қора кимса шикаст етказса, нима бўларди? Ёрдам сўраб, давлат идоралари эшигини тақиллатамиз. Вақтида ҳушёрликни қўлдан бермасак, қанча-қанча жиноятлар содир бўлмайди, бу дегани бюджетнинг (яъники мен ва сизнинг) маблағимиз бошқа хайрлироқ ишларга йўналтирилади-ку!» Ўринли мулоҳаза. Керакли ишни ўз вақтида қилиш билан ўлчанмайдими, ахир, фидойилик!

«МЕНГА МУМКИН!»

Болаларимни олиш учун боғчага бордим. Кийим алиштириб турсак, хонага икки она кириб келди. Қизиғи, кийим алиштириш хонасига қадар, учта хонадан ўтиб келадиган масофага иккиси ҳам этигини ечмай кириб келишганди. Бу, биринчи навбатда, болажонларнинг саломатлигига бепарволик, қолаверса, фаросатсизликни кўрсатувчи белги экани ҳеч кимга сир эмас. Эшитилган жавобдан нафақат биз, сиз ҳам ажабланишингиз табиий: «СЭСда ишлаймиз, бизга мумкин! Шу киришимиз ёқмаётган бўлса, боғчани ёпиб қўйиш ҳам бизнинг қўлимизда!»
Халқимизда «Гапни гапир уққанга» деган чиройли нақл бор. Ҳазрат Навоий бу ҳақда шундай дейди: «Қобилға тарбият қилмоқ зулмдур ва ноқобилға тарбият хайф. Ани адами тарбият бирла зоеъ қилма ва мунга тарбиятингни зоеъ қилма».
Соҳа фахрийларидан бири билан бу ҳақда суҳбатлашганимизда: «Болалар гавжум жойларга бошқа жойларга нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз шарт. Айниқса, соҳа ходимлари. Чунки улар касб тақозоси билан турли хавфли инфекцион ўчоқларда бўлишади. Қолаверса, бола ўйнайдиган, ўйинчоқлари турадиган жойга қайси она шу ҳолатда қадам босади. Бу тузлиғингга туфлаш билан баробар-ку!»
Қизиқиш устунлик қилиб, туман ДСЭНМ бош врачига қўнғироқ қилдик. Ҳалиги бизга беписанд муносабатда бўлган аёллар ҳақиқатдан ҳам туман покизалиги, санитария ­талабларига мувофиқлигини назорат қилувчи шу даргоҳда ишлашар, қизиғи, улардан фақат бириси ҳамшира, ­бошқаси санитарка (кичик тиббиёт ходими) экан. Жамоат жойида касбий этикага, умуминсоний ахлоқ нормаларига амал қилмаган инсондан ким ҳам вазифасига сидқидилдан ёндашишни кутарди. Бу худдики болалигимизда ёдлаганимиз «Доктор Бўри» балладасини ёдга солмаяптими? Боши оғриётган қуённинг оёғини кесиб даволашдан не наф! Ўзи ибрат бўлиб, покизалик аъмолини намоён этмаган, муассасасининг вазифаси ижтимоий объектни ёпиб қўйиш эмас, назорат, амалий ёрдам бериш эканлигини тушунмаган, қолаверса, бу ишлар унинг лавозимий ваколатига кирмаслигини тушунмаган ходимдан қандай натижа кутиш мумкин? Бу, шунчаки, бизни қийнаган саволлар. Ҳолатнинг қонуний баҳосини марказ раҳбарига ҳавола этдик.
Аслида, касбий садоқатсизлик шундай ҳаволаниш­лардан бошланади, бизнингча. «Менга мумкин!» дея ҳамшира ёхуд санитарка шундай номаъқулчиликка йўл қўяди, шундай бемаврид ишонч билан ЙҲХ ходими светофорнинг қизил чироғида ўтади, солиқ назоратчиси ҳудудидаги тадбиркордан пулини тўламай харажат қилиб кетаверади… Бу ишлар биринчи босқич сифатида навбатдаги кўнгилсизликларга йўл очиб бераверади. Биринчи босқичнинг ўзидаёқ бу дилхиралик­ларга барҳам бериш — ҲУШЁРлик ҳам Ватанга фидоликнинг бир кўринишидир!

Дилдора РАҲМОНОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар