Ақтўбеда ҳалок бўлганларнинг 30 нафарининг шахси аниқланди

353

Бугун, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе областида содир бўлган фожиа сабабларини ўрганиш учун Ўзбекистон президенти топшириғига кўра бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ташкил этилган Махсус ҳукумат комиссияси айни вақтда Қозоғистонда бўлиб турибди.

Бугун тонгда Актўбе области Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи «Самара-Чимкент» автомобил йўлининг 1068 кмда Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 км узоқликда йўловчи автобус ёниб кетди. Setra русумли автобус (дастлабки хабарларда бу «Икарус» бўлгани айтилганди) бошқа транспорт воситаси билан тўқнашмаган, ҳаракатланаётган вақтида аланга олган. Автобус Қозоғистон жанубидан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олганди. Автобусда жами 57 киши бўлган, фақат 5 киши ундан чиқа олган, қолган 52 киши ҳалок бўлган. ОАВда қурбонларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинди.

Омон қолган 5 кишидан икки нафари Ўзбекистон фуқаролари экани маълум. Айни вақтга келиб уларнинг шахси аниқланган. Улар 1988 йилда туғилган Аҳрор Исаков ва 1980 йилда туғилган Исроилжон Мирзааҳмедов бўлиб, уларнинг иккиси ҳам Наманган вилоятида истиқомат қилишади.

Махсус комиссия таркибидаги манба Kun.uz нашрига маълум қилишича, айни вақтда автобус ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлган 52 кишидан 31 нафарининг шахси аниқланган. Уларнинг аксар қисми Наманган вилоятидан бўлган.

Яқин вақтлар ичида шахсни аниқлаш ишлари якунланиб, марҳумларнинг рўйхати эълон қилиниши кутилмоқда.

Бошқа хабарлар