Анор юрак мушагини мустаҳкамлайди

142

Анор — шифобахш неъмат. Ҳатто пўстлоғи, илдизи ҳам кони фойда. Мевалари орасидаги ҳарир пардасидан чой дамлаб ичилса, асаб тинчланади, уйқусизликда ёрдам беради. Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида анорни шундай таърифлайди: «Анорнинг ҳамма турларида, ҳатто нордонида ҳам буриштириш билан бирга, аъзоларни тозалаш хусусияти бор.Милк касалланганда анор уруғи асал билан қўшиб суртилади.

Анор уруғи ёмғир суви билан қўшиб ичилса, қон тупиришда фойда қилади. Анорнинг ҳамма турлари хафақонга фойда қилади ва ширини кўнгилни очади. Уруғининг янчилган талқони ҳамиладор аёлларда кузатиладиган бошқоронғилик (токсикоз) аломатларини йўқотади, қайнатиб суюлтирилган сувининг ҳам шундай хусусияти бор». Қолаверса донишманд зот анор пўстлоғини қон қусишда, милк ва ичакдан қон кетганда, яра ва жароҳатларга малҳам сифатида ишлатган. Пўстлоғидан тайёрланган қайнатма ичбуруғга даво эканлиги ва гижжани ҳайдаши тўғрисида ҳам маълумот берилади. Пўстлоғининг кули сариёғ ёки мол ёғи билан яхшилаб аралаштирилиб сурилса, теридаги йирингли яраларнинг тузалишини тезлаштиради.
Шарбати иштаҳани очиб, одамга қувват бағишлайди. Айниқса, оғир операцияни бошидан кечирган беморлар учун бениҳоя фойдалидир. Қуритилган анор гуллари чой сифатида дамлаб ичилса, қон босимини туширади. Шифобахшликда анор шарбати узум шарбатидан устун. Таркибидаги антиоксидант моддалар тана аъзоларини яшартириб, саратон хасталигидан асрайди. Силла қуриганда, камқонликда, астма ва радиоактив нурланишда анор шарбатини ичиш тавсия қилинади. Унинг нордон нав­ларидан олинадиган шарбат қандли диабетда самарали воситадир. Таркибидаги ошловчи моддалар оғриқни қолдирса, органик кислоталар эса инфекцияга қирон келтиради. Қолаверса, анор инсулин ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Шу боис деабетга чалинганлар учун энг ишончли дори ва фойдали неъматдир. Шунинг­дек, шарбати астма, паришонхотирликда яхши наф беради. Клемакс давридаги жизғанаклик, бош оғриғининг олдини олади. Ширин анор суви ошқозон шиллиқ қавати яллиғланганда, буйрак санчиғида тавсия этилади. С витаминига бой бўлган меваси иштаҳани очибгина қолмай, юрак мушакларини мустаҳкамлайди. Анор суви организмдаги моддалар алмашинувини яхшилайди.
Мутахассис олимларнинг эътироф этишларича, анор меваси ирсиятга ҳам таъсир этар экан. Ҳомиладорликда кўп анор танаввул қилинса, туғилажак болада учраши мумкин бўлган юрак хасталиклари, бош мия нуқсонларининг олди олинади.
Анор, айниқса, жигар, сариқ хасталиклари, юракнинг тез-тез уришида, кўкрак соҳасида оғриқ пайдо бўлганда шифо бағишлайди. Нордон анор товушни равон қилади, таом ҳазмини яхшилайди, тери қичишида даво бўлади.
Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, анор пўстлоғидан тайёрларган дамлама ва қайнатмаларни кўп истеъмол қилиш бош айланишига, умумий дармонсизликка, қусишга ва ҳатто томир тортишишига олиб келади.
Анор тери ошлаш ва газламаларни бўяшда самарали восита бўлиб, унинг ёввойи туридан лимон кислота ҳам олинади. Шунингдек, анор шарбати косметологияда ҳам қўлланилади. У юздаги пигмент доғлар, сепкиллар, ҳуснбузарларни йўқотиб, юз терисини тиниқлаштиради, қолаверса, тирноқ ва сочларни ­мустаҳкамлайди. Агар уни учга бир нисбатда сметанага аралаштириб, ҳар куни крем сифатида фойдаланилса, юз терини озиқлантиради ва ёшартиради.

Нурилла ШАРИПОВ,
олий тоифали шифокор

Бошқа хабарлар