Инновация — тараққиёт

259

Ҳар қадамда бир янгилик, улкан ўзгариш.Тезкор давр эндиликда турли касб эгалари сингари шифокорларни ҳам ўз устида ишлаб, касб маҳоратини ошириб боришга даъват этаётир. Изланишлар эса фақат ютуқлар томон элтади. Қолаверса, ақлий меҳнат машаққатлари ортида хотиржамлик, қониқиш ва қалб ҳаловати бор.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва буюк келажагига қаратилгани боис ҳам ҳар биримизни руҳий уйғоқликка чорлайди. Унда, жумладан, шундай дейилади: «Албатта, Мурожаатномада баён этилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи босқич бўладиган 2018 йил биз учун осон бўлмайди. Буни очиқ айтиш керак. Лекин, халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам, танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди. Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак».
Тиббиёт муассасалари билан танишар эканмиз, Давлатимиз раҳбарининг ҳаётбахш фикрлари бизга ҳамнафаслик қилди. Қаерга, қай шифохонага бормайлик, бу ерда аҳоли саломатлиги йўлида олиб борилаётган амалий ишлар самараси, шифокорларнинг ўй-хаёллари, ташаббус­лари, инновацион ғоялари, турли касалликларни даволашда амалиётга киритилган янги усуллар билан қизиқдик.

УМУРТҚАГА… МЕТАЛЛ МОСЛАМА!

Республика Нейрохирургия илмий маркази директори, профессор Ғайрат Қориевнинг таъкидлашича, марказнинг «Бош мия асоси жарроҳлиги» бўлимида бугунги кунда мутлақо янги йўналишда иш олиб бориляпти. Бу ерда умуртқа поғонаси ва орқа мия касалликларини жарроҳлик билан даволашда илғор усуллар йўлга қўйилди. Аслида, умуртқа поғонаси жароҳатлари йўл ҳаракати ҳодисаси, баландликдан йиқилиш, сувга шўнғиш вақтида юзага келиши мумкин. Баъзан сув тубига бошнинг урилиши туфайли бўйин умуртқалари синади. Бундай оғир жароҳатни даволашда эндиликда умуртқа поғонасини мустаҳкамловчи металл мосламалардан фойдаланиляпти.
Авваллари умуртқа ўсиқларига маҳкамланадиган ўткир ўсиқлараро металл пластиналар қўлланиларди. Бу пластиналарнинг умуртқаларни ушлаб туриш хусусияти пастлиги аниқланиб, ҳозирги вақтда транспедикуляр тизимлар қўлланилмоқдаки, уларнинг таркибий қисмлари умуртқа танасига ўрнатилаётир, натижада умуртқа поғонаси оғир юкламаларга ҳам дош бермоқда.
Умуртқа поғонаси касалликлари туфайли бел соҳасида қаттиқ оғриқ бўлганда илгарилари сезгир нервларни фалажловчи новокаинли блокадалар ишлатиларди. Афсуски, бу усул вақтинчалик натижа берарди. Шунинг учун охирги йилларда турғун оғриқсизлантириш усули, яъни умуртқа кичик бўғимларининг «радиочастот абляцияси» қўлланилмоқда. Бунда маҳаллий оғриқсизлантириш йўли билан умуртқанинг кичик бўғимлар сатҳига махсус игна ўрнатилади. Шу игна орқали электрод қўйилиб, юқори частотали тўлқин юборилади. Натижада, бўғим орқали ўтувчи нервлар фалажланади, бу эса оғриқ йўқолишига олиб келади. Бемор муолажа вақтида ҳеч қандай нохушлик сезмайди.
— Спастик болалар церебрал фалажига учраган беморларда қўлланиладиган дорзал селектив ризотомия, яъни юқори технологиялар асосида бажариладиган жарроҳлик туфайли қўл-оёқлардаги мушаклар тортиши сусаяди ва бемор боланинг ҳаракат имкониятлари кенгаяди. Шу пайтгача бу амалиётлар фақат ривожланган давлатларда бажарилар эди. 2015 йилдан бошлаб марказимизда амалга оширила бошланди ва бунинг натижасида республикамизда «болалар церебрал фалажи» билан касалланган кўплаб беморларнинг ҳаёт сифати янада яхшиланди, — дейди суҳбат ниҳоясида профессор Ғайрат Қориев.

«ТЕРАБОЛТ» — ЗАМОНАВИЙ  РАДИОТЕРАПИЯ

Онкологик хасталикларни тезкор ва самарали даволаш усуллари қўлланилаётганлиги натижасида юртимиздаги беморлар ўртасида бу оғир дард оқибатида ўлим кўрсаткичи ­кескин камаймоқда.
Тошкент шаҳар онкология диспансери бош шифокори, профессор Мирза Али Ғафур Охуновнинг айтишича, бу жойда яқин вақтдан буён қўлланилаётган масофадан бошқариладиган «Тераболт» замонавий радиотерапия тиббий аппарати шифокорлар ишини анча енгиллаштирмоқда. Чехияда ишлаб чиқарилган ушбу ускуна ўрнатилгандан сўнг уни ишлатиш бўйи­­ча диспансер мутахассислари Москва, Белорус ва Чехияда малака ошириб қайтдилар.
Хорижий «MАGАTЕ» ташкилоти томонидан диспансерга олиб келинган ташқи ва ички нур беришга мослаштирилган бундай аппарат ёрдамида сут бези саратони, бачадон бўйни, юмшоқ тўқималар, бош ва бўйин саратони касалликларига сиртдан нур бериб даволанади. Муолажа давомида бемор танасидаги соғлом аъзоларга зарар етмаслиги учун махсус ҳимоя чоралари мавжуд.
Ушбу даволаш муассасасида «Бебик» аппарати ёрдамида бошқа тўқималарга зарар етказмасдан, гинекологик касалликлар, ичак, трахея, ўпкадаги хасталикларнинг турига қараб мутахассис томонидан даво тайинланади. Бундан ташқари, диспансерга «Блиско» фокусли рентгентерапия аппарати ҳам ўрнатилди. У асосан тери саратонини даволашда қўл келаяпти. Муҳими шундаки, касалликнинг бош­ланғич босқичида «Блиско» кўмагида муолажалар бош­ланса, бемор тез ва асоратсиз тузалиб кетади.

ЯНГИ ФИКР, ЯНГИ ҒОЯ САРИ

Машаққатлардан ҳеч қўрқмай мудом илгарига қараб борилса, баландликлар бирин-кетин забт этилаверади. Пойтахтимиздаги 1-респуб­лика клиник шифохонаси иш фаолиятидаги янгиликлар бу фикримизни тасдиқлайди. «Эндоурология» бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Назирулло Алижонов билан суҳбатимиздан маълум бўлдики, ушбу шифохонада турли йўналишдаги бўлимлар қаторида бир қанча марказлар ҳам фаолият юритаётир. Жигар ва ўт йўллари хирургияси илмий марказида йил давомида 300 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади. Марказ ходимлари томонидан таклиф килинган меъда ва ўт чиқарув йўлларида бажариладиган янги операция турлари ва модификациялари мамлакатимиз ва МДҲ клиникаларида кенг қўлланилади. Неврологик реабилитация марказида марказий ва периферик нерв тизими касалликларининг ҳамма спектрларида замонавий даво муолажалари ўтказилади.
Буйрак трансплантацияси марказининг асосий вазифаси эса буйраклар иши буткул издан чиқиб, аҳволи оғирлашиб қолган беморларга экстракорпорал даволаш усулини қўллашдир. Даво усули махсус гемодиализ аппаратурасида амалга оширилади. Бунда бемор танасидаги қон махсус аппаратдан ўтказилиб, тозаланади ва қайта қуйилади. Марказда эндиликда Германиянинг «Fresenius» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган «Aqua 500» сув тайёрлаш тизими, 6 та «Сунъий буйрак» аппаратли, миксер – диализловчи эритма олиш тиббий аппаратларидан фойланилмоқда. Йилига 100 нафар бемор сурункали дастурли гемодиализ муолажасини қабул қилади.
Янги ташкил этилган эндовидеохирургия бўлимида замонавий тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланилган ҳолда жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Пешоб йўллари тошларининг аксар қисми бемор танасига жароҳат етказмасдан «уретеролитоэкстракция» усулида олиб ташланмоқда. Буйракдаги катта тошлар беморлар бел соҳасидан найча ёрдамида «нефролитотрипсия» усулида майдалаб олинади. Шунингдек, травматология ва ортопедия бўлимида узун найсимон суяклар синишини ва оғир ортопедик касалликларни тез ва асоратсиз даволашда замонавий юқори технологик усул ишлаб чиқилган ва фаол қўлланилмоқда.
Эндоуролог олим таъкидлашича, эндиликда бўлимда Гольмий лазери ёрдамида эндоурологик жарроҳликлар йўлга қўйилган. Бу жарроҳликда янги тажриба ҳисобланиб, бугунги кун фан ва техника ютуқларининг илғор намунасидир.

ИЗЛАНИШ ЧЎҚҚИГА ЕТАКЛАЙДИ

— Ҳукуматимиз томонидан ёшларга катта имкониятлар яратилаётган бир пайтда билимларимизни янада чуқурлаштириш йўлидан боришимиз лозим. Мен ҳам неврология соҳаси ривожига ўз ҳиссамни қўшишга аҳд қилганман, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт инс­титутининг «Неврология, болалар неврологияси ва тиббиёт генетикаси» кафедрасининг ассистенти Мухлиса Ханова:
Мухлиса айни вақтда «Паркинсон касаллиги «номотор» белгиларининг клиник-нейрофизиологик кўрсаткичлари ва терапиясини оптимизациялаш» мавзуида илмий иш олиб бораяпти. «Ниятим кекса ёшлилар ўртасида учрайдиган Паркинсон касаллиги сабабларини излаб топишда ва бу хасталикни замонавий даволашда олимлар тажрибаларини ўзлаштириб, амалиётга татбиқ этиш», дейди у.
Тошкент тиббиёт академиясининг урология йўналиши магистри Жасур Саитқуловнинг орзу ва интилишлари янада юксак:
— Бу кун урология соҳасида олға силжишлар бир талай. Масалан, республикага таниқли эндоуролог олимлар юқори технологияларга асос­ланган ҳолда каминвазив операцияларни муваффақиятли бажаришмоқда. Онколог олимларимиз эса қовуқ саратонига чалинган беморларда цистоэктомия ўтказишиб, айни шу операция вақтида резервуар (сунъий пешоб қопи) ясашга эришяптилар. Бу амалиёт ўтказилгач, беморларнинг ҳаёт сифати яхшиланади, умри яна бир қанча йилларга узаяди. Мўъжизалар йўлини кўрсатувчи маёқ ҳисобланган юқори технологиялар кучидан фойдаланишни тинмай ўрганиб бориш асосий мақсадимга айланган.

***

Янгиликлар ҳар қадамда рўй бермоқда.
Аниқроқ айтганда, давр мўъжизаларидан илҳомланган ҳар бир киши яратиш ва ­янгиланишлар сари ўзини чоғлаётир.
Зеро, Мурожаатноманинг ҳаётбахш кучи ҳали яна узоқ йиллар вужудимизга куч-ғайрат ва жасорат бағишлаб, қалбларимизни мунаввар этиб туради.

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
Соғлиқни сақлаш аълочиси

Бошқа хабарлар