Истиқболли лойиҳалар халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда

307

Аввал хабар қилинганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, белгиланган вазифалар ижроси билан танишиш мақсадида 19-20 январ кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни Жануби-ғарбий махсус округига қарашли ҳарбий қисмда бўлди. Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида берилган вазифалар қандай бажарилаётгани билан танишди. Ҳарбийлар билан мулоқот қилди.
Мамлакатимизда янги таҳрирдаги Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Ундан кўзланган асосий мақсад миллий армиямиз жанговар қудратини ошириш, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини янада мус­таҳкамлашдир, деди давлатимиз раҳбари. Доктринада Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойили, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини янада мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилди.
Мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада юзага келаётган ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар асосида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил этилди. Мудофаа вазирлиги қўшинларини қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва алоқа воситаларининг замонавий турлари билан таъминлаш ишлари янги босқичга кўтарилди.
Ҳарбийларимиз жисмонан бақувват, маънан юксак, замонавий билимларни пухта ўзлаштирган шахслар бўлиши керак, деди Президентимиз. Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимизга муносиб хизмат қилишларингиз лозим, токи ёшларимиз ватанпарварлик ва она юртга садоқат туйғуларида сиздан ўрнак олсин.
Учрашувда ҳарбийларнинг хизмат ва яшаш ­шароитини яхшилаш, фарзандлари олий ўқув юртларида ўқишида имтиёзлар жорий этиш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун жойларда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги айтилди. Ҳарбийлар ва уларнинг оилалари учун барча шароит яратиб берилади.
Мамлакатимизда санъат саройлари, театрлар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини ­мустаҳкамлаш, янги саҳна асарлари яратиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Термиз шаҳридаги 700 ўринли замонавий Санъат саройи ҳамда 3 минг ўринга мўлжалланган амфитеатрда «Файз-Бинокор-Олтиариқ» хусусий корхонаси қурувчилари томонидан 82 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Франция, Англия, Испания, Россия ва Хитойдан келтирилган замонавий овоз ёзиш ҳамда созлаш, ёритиш тизими жиҳозлари, мониторлар ўрнатилди. Санъаткор ва томошабинлар учун барча қулайлик яратилди.
Ҳудуди 32,5 гектар бўлган масканнинг атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Мусиқали фаввора, автомобиллар турадиган жой қурилди, замонавий ёритгичлар ҳамда ўриндиқлар ўрнатилиб, турли дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур маданият масканига таниқли санъаткорларни таклиф қилиб, ҳамкорликда маҳорат дарслари ўтказиш, «устоз-шогирд» анъанасини янада ривожлантириш, Ҳаким Термизий ва Алпомиш ҳақида спектакллар саҳналаштириш лозимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев «Амударё» болалар соғломлаштириш оромгоҳида яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига аввалги ташрифи чоғида Термиз шаҳрида «Амударё» болалар соғломлаштириш оромгоҳи барпо этиш лойиҳаси билан танишиб, ҳудудда инфратузилма объектларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берган эди.
Шунга мувофиқ, Сурхондарё дарёси бўйида 200 ўринли дам олиш маскани қурилиб, ўтган йил ёз мавсумида фойдаланишга топширилди. Оромгоҳда умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болалар дам олдирилиб, соғломлаштирилади.

Маскан 6,2 гектар майдонни эгаллаган. Тўртта ётоқхона, амфитеатр, ошхона, сузиш ҳавзаси, спорт майдонлари, бошқа бино ва иншоотлар бунёд этилиб, зарур инвентарлар билан жиҳозланган. Болаларнинг мазмунли ва мароқли дам олиши, бўш вақтида турли тўгаракларда қатнашиб, билим ва салоҳиятини мус­таҳкамлаши учун ҳар томонлама қулай шароит яратилган.
Оромгоҳга кираверишдаги ота-оналар фарзандлари билан учрашадиган бинода иккита фитобар, ахборот-ресурс маркази, маънавият ва маърифат хонаси, машғулот заллари мавжуд. Инглиз тили, тасвирий санъат, моҳир қўллар, компютер саводхонлиги каби ўн бешга яқин тўгаракда малакали мураббийлар машғулот олиб боради. Тиббиёт бўлимида болалар учун физиотерапевтик муолажалар, фитодаволаш хизматлари, жисмоний тарбия машқлари ўтказиш ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари муассасада болаларнинг мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, овқатланиши ва яшаши учун яратилган шароитлар билан танишди.
Жорий йил март ойидан оромгоҳ йил давомида узлуксиз фаолият юрита бошлайди. Унга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан фан олимпиадалари, халқаро танлов ва спорт мусобақалари ғолиблари бўлган 5 — 11-синф ўқувчилари, ёзги таътилда эса минг нафар ўғил-қиз қабул қилинади.
Бугунги кунда оромгоҳ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига ўтказилиб, уни халқаро ёшлар оромгоҳига айлантириш режалаштирилмоқда. Яқин вақтлар ичида бу ерга қўшни мамлакатлар ва узоқ хориждан болалар келиши кутилмоқда. Бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва БМТнинг ЮНИСЕФ ташкилоти ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Оромгоҳ ҳузурида умумтаълим мактаби барпо этилган. Мактаб негизида 125 ўринли 22-болалар мусиқа, санъат ва бахшичилик мактаби ҳам фаолият юритади. Ўқувчилар бу ерда бахшичилик ва ўзбек халқ чолғуларидан сабоқ олади. Дарс машғулотларини ўқитувчилар билан бирга, Ўзбекистон халқ бахшилари ҳам олиб боради.
Президентимиз мактабни кўздан кечирди, Ўзбекис­тон халқ бахшилари Шоберди Болтаев ва Абдуназар Поёнов билан мулоқот қилди.
Достончилик ва бахшичилик — миллий ғуруримиз. Унинг замиридаги эзгу қадриятларни халқимизга етказиш лозим. Бахшичилик мактаби халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналарини асрашга, уни ривожлантиришга, бахшиларнинг обрўсини кўтаришга хизмат қилиши керак. Жорий йил Наврўз байрами арафасида юртимиз бахшиларининг биринчи республика семинарини ташкил этамиз, уни ҳар йили муайян бир вилоятда ўтказишни йўлга қўямиз, деди Шавкат ­Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари «Мустақиллик бахшилари» китобини чиқариш, Сурхондарё вилоятидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида ҳам ушбу санъат турини ўқитиш юзасидан топшириқлар берди.
Шу ерда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Президентимиз 2017 йил 4-5 апрел кунлари Россия Федерациясига ташрифи чоғида ушбу мамлакат инвес­тиция компаниялари билан Бойсун туманидаги «Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги» газ конини ўзлаштириш, унинг негизида газни қайта ишлаш заводи ва газ-кимё мажмуаси қуриш бўйича маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланган эди. Лойиҳа 2023 йилда ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада, бу ерда йилига 4 миллиард кубометр газ қайта ишланиб, полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти буюртмаси асосида ўтган йил охирида Тўполанг дарёсида тўғон қуриб битказилган эди. Айни пайтда бу ерда коммуникация ишлари амалга оширилмоқда. Тўғоннинг баландлиги 180 метр, йиғиладиган сув ҳажми 500 миллион кубометрни ташкил этади.
Тўғон ишга туширилиши билан Тўполанг дарёсининг юқори қисмида қурилган ГЭСда қўшимча 145 мегаваттли гидротурбиналар ўрнатилиб, ГЭСнинг умумий қуввати 175 мегаваттга етказилади. Бундан ташқари, Тўполанг дарёси ўзанида Зарчоб каскад ГЭСлари қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Унинг қуввати 75,6 мегаватт соатни ташкил этади.
Учқизил сув омбори бўйидаги «Термиз марвариди» санаторийси ҳудудида 200 ўринли дам олиш ва кўнгилочар маскан бунёд этилмоқда. ­Мажмуа майдони 7,2 гектар. Бу ерда меҳмонхона, сузиш ҳавзалари, умумий овқатланиш шохобчалари, 3D кинотеатр, ўйин қурилмалари, мусиқали фавворалар ва бошқа объектлар қурилиши мўлжалланган. Сув омбори қирғоғида чўмилиш ҳудуди, қайиқлар бекати ташкил этилмоқда. Маскан 2018 йил 1 июнда фойдаланишга топширилади.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Термизда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент тиббиёт академияси филиаллари ташкил этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев мазкур филиалларни ўқув бинолари ва ўқитувчи кадрлар билан таъминлаш масалаларига тўхталар экан, талабаларни қабул қилишда адолат мезонларига қатъий амал қилиш кераклигини таъкидлади. Талабаларни дарсдан ташқари амалиётга кенгроқ жалб этиш, улар билимини бевосита қўллай олиш кўникмасига эга бўлиши зарурлиги қайд этилди.
Сурхондарё вилоятида кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганиб чиқдик. Вилоят ёшларини шу ернинг ўзида ўқитиш лозим. Таълим сифатини ошириш учун Тошкент тиббиёт академияси ва унинг Термиз филиали ўртасида дарсларни онлайн режимда ўқитишни йўлга қўйиш керак. Таълимнинг бундай ноанъанавий усулида ҳам ўқитувчилар салоҳиятидан унумли фойдаланилади, ҳам фандаги илғор тажрибани ҳудудларга етказишга эришилади, деди Президентимиз.
Мамлакатимизда касалликлар профилактикасини замон талаблари асосида амалга ошириш, уларни самарали даволашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, жойларда янги-янги шифохоналар очилмоқда. Соҳадаги ўзгаришларни изчил амалга ошириш, замонавий кадрларга бўлган талабни ўз вақтида ҳал қилиш мақсадида филиалларни жорий йил 1 февралдан ишга тушириш бўйича тегиш­ли кўрсатмалар берилди.
Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи доирасида вилоят иқтисодиётини янада юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга оид қатор истиқболли лойиҳалар белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари билан учрашиб, уларнинг ўй-фикрлари билан қизиқди, ҳаётий таклифларини эшитди, мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқлар берди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Умар АСРОРОВ,
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА махсус мухбирлари

 

 

Бошқа хабарлар