Мудофаа доктринаси – барқарор тинчлик кафолати

447

Халқимиз ўз тарихида ўчмас из қолдирган 2017 йилни мамнуният билан кузатиб, буюк мақсадларимиз сари интилишда янада юксак марралар кўзланган янги — 2018 йилни катта умидлар билан қарши олди.
Ўтган йил барча соҳалар каби мамлакатимиз мудофаа соҳасида ҳам туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Шубҳасиз, бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси асосида Олий Мажлис палаталари томонидан Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Мудофаа доктринаси қабул қилиниши улкан сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга эга воқеа бўлди.
Маълумки, хорижий давлатларнинг ҳуқуқий тизими тажрибасида «концептуал», «мақсадли дастурлар», «стратегик режалаштириш» ҳамда «доктринал» ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти кенг қўлланилади. Ўз навбатида, уларнинг ҳуқуқий мақоми, таснифланиши ва тартибга солиш кўламлари ҳам турлича. Бироқ доктринал ҳужжатлар туркуми шу каби мафкуравий характердаги бошқа ҳужжатлардан асосан ўзининг чуқур илмий таҳлилларга таянган ҳолда ишлаб чиқилиши, реал воқеликка яқинлиги билан ажралиб туради. Шу тариқа, Мудофаа доктриналари давлатларнинг ҳарбий хавфсизлик соҳасидаги сиёсатини намоён қилиб, Қуролли Кучларнинг қурилиши, тайёргарлиги ва зарур ҳолларда қўллашга доир йўналишларни белгиловчи расмий қарашлар, принцип ва ёндашувлар тизимлашган, яхлит жамланма хусусиятига эга муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида айтилганидек, мамлакатимизда кейинги даврда ҳарбий ва мудофаа соҳаларида кўп ишлар қилинди. Улар асосида ихчам, яхши таъминланган, юксак жанговар руҳга эга бўлган миллий армиямиз барпо этилди. Аммо ҳозирги вақтда ҳарбий-сиёсий вазият кес­кин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бормоқдаки, бу миллий армиямизни янада такомиллаштиришда пухта ўйланган ва изчил ҳаракатларни давом эттиришимизни талаб этмоқда. Бир сўз билан айтганда, стратегик режалаштириш бўйича аниқ давлат тизимини барпо этишга эҳтиёж сезилмоқда.
Жаҳонда ва минтақада вазиятнинг ривожланиш динамикаси ҳамда устувор вазифа ва имкониятларимизни ҳисобга олиб Мудофаа доктринасини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда, деб алоҳида таъкидланади табрикда.
Янгиланган Мудофаа доктринаси Президентимизнинг юқоридаги кўрсатмаларига таяниб, Ҳаракатлар стратегиясининг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дас­тури ижроси доирасида тайёрланган. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги ва суверенитетини мус­таҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилган ушбу янгиланган ҳужжатнинг қабул қилиниши тартиби ҳамда мазмуни бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга.
Биринчидан, бизда шу давргача мудофаа соҳасидаги давлат сиёсати асос­лари, Қуролли Кучларнинг қурилиши, тайёргарлиги ва қўллашга оид асосий принцип ва йўналишлар иккита ҳужжат, яъни 1995 йилда Олий Мажлис қарори билан тасдиқланган ҳамда 2000 йилда Президент фармони асосида кучга кирган доктринал ҳужжатлар билан тартибга солиб келинган. Айни пайтда мазкур мазмунан бир-бирини ўзаро тўлдирган ҳарбий соҳага оид ҳужжатларнинг бири очиқ тусда бўлса, иккинчиси махфий тусдаги характерга эга эди.
Иккинчидан, янгиланган Мудофаа доктринаси жаҳон ва минтақадаги вазият, юзага келаётган хатар ва таҳдид­ларга, мамлакат имкониятларига мос ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда амалдаги иккала доктриналар ўрнини эгаллайди. Зеро, кўпчилик хорижий мамлакатлар тажрибасига кўра, бундай доктриналар мазмуни асосан очиқ тусга эга. Бизда ҳам ушбу йўл танлангани ташқи сиёсатимиз очиқ, яқин қўшнилар билан ишонч­­ли, бошқа чет давлатлар билан ҳамкорликнинг юксалишига хизмат қилади.
Бу жиҳатлар Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги қуйидаги фикрларига тўлиқ ҳамоҳанг: «Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё — бош устувор йўналиш» тамойилини амалда татбиқ этишга киришдик. Ўтган давр мобайнида ташқи сиёсат соҳасида хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришдик. Натижада, минтақамизда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда». Яъни ушбу доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойилини, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришни ифода этади.
Учинчидан, янги таҳрирдаги Мудофаа доктринаси Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий соҳада миллий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган расмий қарашлар, принцип ва ёндашувлар тизимини ўз ичига олган. Унда бугунги кунда вужудга келган вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилиш негизида соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Хусусан, мавжуд ҳарбий-сиёсий вазиятни баҳолаш ва чуқур таҳлиллар асосида таҳдидларни аниқлаш, давлатимиз мудофаа соҳасидаги сиёсатининг принципиал ёндашув ва йўналишлари, Қуролли Кучларнинг вазифалари ва қўллаш асос­лари, шунингдек, мамлакат мудофаасига раҳбарлик қилиш тартиблари мантиқий кетма-кетликда очиб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони мамлакатимиз мудофаа тизимининг ташкилий тузилмаси, унинг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ва офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражаси бугунги тез ўзгараётган давр талабларидан ортда қолаётгани тўғрисида куйиниб гапиргани ҳам бежиз эмас. Шу боис, ўтган қисқа даврда миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилиниб, Қуролли Кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш жараёни кенг миқёсда бошлаб юборилди.
Хусусан, мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Миллий гвардия барпо этилди, армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Ҳарбий кадр­лар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар асосида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил этилди. Бинобарин, ҳарбий соҳадаги ислоҳотларимизнинг самарасини янада ошириш мақсадида янгидан қабул қилинаётган Мудофаа доктринаси муҳим рол ўйнайди.
Тўртинчидан, мудофаа тизимини ҳарбий-иқтисодий таъминлаш, жумладан, Ўзбекистонда ҳарбий саноат комплексини ривожлантиришнинг истиқбол йўналишлари белгиланишига ҳам мазкур ҳужжатнинг яна бир муҳим қирраси, деб қараш лозим. Зеро, ҳар қандай мустақил давлат ўз мудофаа хавфсизлигини таъминлашда миллий иқтисодиётининг таянч соҳасига айланган миллий мудофаа саноати қудратига таяниши талаб этилади.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мудофаа саноати давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги қарори билан мамлакатимизда мудофаа мақсадидаги буюртмалар ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш ­бўйича ягона сиёсатни мувофиқлаштириб борувчи махсус орган тузилиши айни муддао бўлди. Қарорга мувофиқ, давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимига қурол-яроғ, ҳарбий техника, моддий буюмларни етказиб бериш ва таъминлаш билан шуғулланади. Бир қатор давлатлар, шу жумладан, ҳарбий техника ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи компания билан ҳарбий техника соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади.
Ўйлаймизки, миллий мудофаа саноатининг ривожланиши яқин келажакда ўз салмоғи билан мамлакатимиз иқтисодиётида етакчи тармоққа айланиб, улкан инвестицияларни жалб этиш, илмий-техникавий ишланмаларнинг кучайиши, соҳага энг замонавий технологияларни жорий этиш, рақобатбардош маҳсулотлар яратиш учун кенг имкониятлар эшигини очади.
Бешинчидан, Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, шиддат билан ўзгараётган замонда кескин иқтисодий рақобат, ахборот хуружлари, террористик таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ минтақасида қонли тўқнашув ва низолар давом этмоқда. Минг афсуски, бундай нотинч кескинлик ўчоқлари камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда. Ана шундай таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича фаолиятимизни ҳар томонлама кучайтиришимиз шарт.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, доктринал ҳужжатнинг айрим қоидалари вақти-вақти билан қайта кўрилиши ёки янгилари билан тўлдирилиши табиийдир. Шундагина ўз боламизни, ўз уйимиз, ўз маҳалламизни ўзимиз асрай оламиз, бундай бало-қазолар ҳаётимиздан, албатта, йироқ бўлади. Шу боис, устувор вазифа ва йўналишлар, таҳдидлар ўзгариши, ҳарбий-сиёсий вазият, замонавий ҳарбий можаролар хусусиятига боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан доктринанинг қоидалари аниқлаштирилиши ҳамда тўлдирилиши мумкинлиги ҳам белгилаб қўйилмоқда.
Олтинчидан, ҳозирги даврда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилалари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017 йилда ҳарбий хизматчилар учун 56 та кўп қаватли уй барпо этилгани ва бу ишлар бундан буён ҳам катта ­ҳажмда давом эттирилиши диққатга сазовордир. Албатта, ҳарбий хизматчилар ва улар оиласининг ижтимоий ҳимояси Қуролли Кучлар тизимида маънавий барқарорлик, жанговар-руҳий тайёргарлик ва салоҳият юксак даражада бўлишининг гаровидир. Шу жиҳатдан қараганда, Мудофаа доктринасида шу каби бир қатор муҳим масалалар ҳар томонлама ўз аксини топган.
Хулоса қилиб айтганда, яқин кунларда расмий эълон қилинадиган бундай улкан сиёсий-ҳуқуқий миқёсдаги концептуал ғоя ва қарашлар жамланган янги таҳрирдаги қонун ҳужжатининг қабул қилиниши мамлакатимизнинг энг янги тарихида ўз аҳамияти ва салмоғига кўра том маънодаги тарихий воқеа бўлиб, давлатимизнинг мудофаа соҳасидаги янги сиёсати устуворликлари, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларни тайёрлаш, қуриш ва қўлланилиши принципларини белгилаб берадиган илғор ҳуқуқий норма ва механизмларни яратади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси шунга ўхшаш концептуал ҳужжатлар қабул қилиш борасидаги чет эл тажрибасига тўлиқ мос келади, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа чет давлатлар билан самарали ҳарбий-сиёсий муносабатлар ва ўзаро ҳамкорлик қилиш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратади, соҳада анчадан буён ўз ечимини кутаётган масалаларни тизимли ҳал этишга ва ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан мудофаа соҳасида белгилаб берилган янги ва муҳим вазифаларни рўёбга чиқариш учун барчамиз биргаликда уларни сўзсиз бажариш, Ватан тақдири ва келажаги, халқимиз бахти ва камоли йўлида белимизни маҳкам боғлаб ишлаш, бор ақл-заковат, билим ва тажрибамизни, садоқатимизни сафарбар этишимиз керак бўлди.

Акмал РАХМАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси
ўринбосари

Бошқа хабарлар