Хоразмий авлодларимиз

138

Ўтган йили университетимиз ҳаётида унутилмас воқелик юз берди. Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилиб, улуғ аллома номини абадийлаштириш ҳамда унинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш билан боғлиқ қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таълим муассасамизда истеъдодли талабалар жуда кўп. 2017 — 2018 ўқув йилида ТАТУ Урганч филиалининг 4-босқич талабаси Дониёр Хўжамов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияга сазовор бўлди. 2017 йилнинг ноябрида эса Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида ташкил этилган дастурлаш бўйича очиқ чемпионатда жамоамиз муносиб ўринни олди.
Ҳар йили ўтказилаётган Дастурлаш бўйича жаҳон чемпионатининг чорак ва ярим финалларида филиал талабалари муносиб қатнашиб келмоқда. Вилоят миқёсидаги кўрик-танловларда ҳам талабаларимиз пешқадам. Филиал талабаси Сарвар Аҳмедов 2013 йилда «Software» дастурлаш халқаро олимпиадасининг мутлақ ғолиби бўлиб, ташкилотнинг стипендианти бўлган.
Ютуқлар ўз-ўзидан қўлга киритилмайди, албатта. Бу муваффақиятлар ортида профеесор-ўқитувчиларимизнинг самарали меҳнатлари мужассам. Профессор Пирнафас Юсупов, физика-математика фанлари номзоди, доцент Қудрат Мамедов каби кўплаб устозларимиз фанлардан пухта сабоқ бермоқдалар.
Табиий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Комилжон Бобожонов дарс жараёнини ноанъанавий услубда ўтказиб, физика фанига бўлган қизиқишимизни янада оширмоқда. Энг муҳими, талабаларнинг мустақил билимини самарали ташкил қилиш мақсадида виртуал таълим намунали йўлга қўйилган. Дарсларимиз аудио, видео, анимацияларга бой, мултимедия материаллари билан янада мазмунга тўлмоқда. Виртуал таълим тизимига уланиб, фан бўйича маъруза матни, амалий машқлар ва, айниқса, лаборатория машғулотлари учун PhET симуляторидан фойдаланишимиз ушбу фанни янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини яратмоқда. Шунингдек, саволлар ва тестлар орқали ўзимизнинг билимимизни баҳолаш, мониторинг қилиш имкониятига эгамиз.
Ўзим инглиз тилини мустақил ўрганяпман. Корея давлатида ўқиш ниятидаман. Бунинг учун ўз устимда ишлаб, фан сабоқларини пухта эгаллашга ҳаракат қиляпман. Тажрибали устоз Комилжон Бобожонов яқиндан ёрдам бермоқда.
Олийгоҳимизда биз, ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб етишишимиз учун барча шароитлар мавжуд. «Компютер инжиниринг», «Дастурий инжиниринг», «Телекоммуникация технологиялари» ва «АКТ соҳасида касб таълими» ва «Ахборот хавфсизлиги» (соҳалар бўйича) каби 5 та таълим йўналишлари ҳамда «Компютер инжиниринг» каби 1 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
2013 йил ТАТУ Урганч филиалининг янги биноси жаҳон талаблари асосида жиҳозланиб, фойданишга топширилган эди. 160 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойида ёшлар яшаши ва таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Ётоқхонада турли маънавий-маърифий тадбирлар, савол-жавоб кечалари тез-тез ўтказилади. Бу тадбирлар талабалар ўртасида ўзаро аҳиллик, ҳамкорлик, дўстона муносабатларни ­мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.
Яқинда филиалимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ­бошланғич ташкилоти ташаббуси билан «Энг фаол ва тезкор дастурчи» кўрик-танлови ўтказилди. Унда биринчи босқич талабалари ўзаро куч синашдилар. Дастурий инжиниринг йўналиши талабаси Алишер Раззоқбердиев ғолибликни қўлга киритди.
Буюк ва беназир олим, дунё фан оламида машҳур аллома ал-Хоразмий меросини давом эттираётган тенгқурларимиз меҳнати эртага ўз натижаси ва самарасини беришига ишонаман.

Гулёр ПАЛВАНОВА,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ
Урганч филиали талабаси

Бошқа хабарлар