Хуш келибсиз, афғонистонлик дўстлар!

289

Президентимиз ташаббуси билан Термиз туманида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Рес­публикаси бўйича махсус вакили И.Эргашев, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг иқтисод ва инсон ресурслари бўйи­­ча катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Афғонистон Ислом Респуб­ликаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар, афғонис­тонлик талаба Рана Шержод ва бош­қалар мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил ривож­ланаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон қўшни давлатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, тинчликни таъминлаш, барқарорликни тиклаш, иқтисодиёт, таълим, фан, маданият ва бошқа соҳаларни ривожлантириш тарафдори бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Афғонис­тондаги вазиятни барқарорлаштириш, афғон халқининг ўз тақдирини мустақил, тинч йўл билан ҳал қилишига эришиш масаласини халқаро миқёсда кўтаргани бунинг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон кўмаги билан қўшни давлатда юқори волтли электр энергияси ва оптик толали кабел линиялари, сув таъминоти тармоғи, кўприк­лар барпо этилган. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Хайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурган. Мамлакатимиз қўшни давлатда тоғ-кон саноати, қурилиш, энергетика, таълим соҳаларидаги ­лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётир.
Юртимиздан қўшни давлатга озиқ-овқат ва нефт маҳсулотлари, электр энергияси, минерал ўғитлар, транспорт воситалари экспорт қилинмоқда. Ўтган йили Термизда фойдаланишга топширилган «Termiz kargo» экспорт маркази ҳам мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари билан афғонистонлик ишбилармонларнинг ҳамкорлик алоқаларини янада мус­таҳкамлашга кенг имконият яратди.
Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг 2017 йил декабр ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида 20 дан ортиқ ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этиш бўйича битим имзоланган эди. Шунга мувофиқ, қисқа вақтда мазкур марказ учун ажратилган бино тубдан реконструкция қилиниб, жаҳон андозаларига мос жиҳозланди.
— Бугун нафақат ёшлар, балки бутун Афғонис­тон халқи учун тарихий кун бўлди, — деди Афғонистон ­Ислом Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар. — Давлатларимиз раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари халқларимиз ўртасида маълум муддат узилиб қолган анъаналарни қайта тиклади. Бобом бундан 110 йил илгари Бухорода мадрасада таҳсил олган. Бугун бу масканнинг тантанали очилиши Амир Темур, Алишер Навоий, Беруний сингари кўплаб улуғ зотларнинг руҳини шод этди. Афғонис­тонда 7 миллионга яқин ўзбек миллатига мансуб аҳоли яшайди. Термизда барпо этилган ушбу таълим муассасаси мактаб ва боғчаларимиздаги ўзбек тили мутахассисларига бўлган эҳтиёжни таъминлайди. Келгусида темир йўл, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳам малакали мутахассислар тайёрлаб беради. Бундай улуғ ишнинг ташаббус­кори бўлган Президент Шавкат Мирзиёевдан бениҳоя миннатдормиз.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида барпо этилган ушбу замонавий таълим муассасаси Афғонистоннинг иқтисодий-ижтимоий ва бош­қа соҳалари учун олий ва ўрта махсус маълумотли малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
— Халқимизнинг «Ён қўшнинг — жон қўшнинг», деган ҳикматида чуқур маъно бор, — дейди Ўзбекистон Рес­публикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази директори вазифасини бажарувчи Ойбек Рўзиев. — Азалдан яқин қўшни бўлиб келган давлатнинг ўғил-қизларига Ўзбекистон таълим тизимида қабул қилинган нормалар асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасдиқлаган ўқув режаси ва дастурларга мувофиқ икки йиллик, тўрт ва олти ойлик кундузги таълим шакли бўйича сабоқ берилади. Ўз мутахассислиги бўйича дас­турни муваффақиятли ўзлаштирган талабаларга давлат намунасидаги тегишли ҳужжат топширилади. Бунинг учун бу ерда барча шароит яратилган.
Янги ўқув марказида Афғонистон томони эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 17 олий ва 16 ўрта махсус, касб-ҳунар таълим йўналиши ўқув режаларининг модуллаштирилган шакли ишлаб чиқилган. Қўшни давлатнинг илмга чанқоқ ёшларига ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўргатиш учун мамлакатимиз олий таълим муассасаларидан энг малакали профессор-ўқитувчилар жалб этилган. Шунингдек, олий таълим муассасалари корпоратив тармоғи орқали «Электрон таълим тармоғи»га уланиб, Ўзбекистоннинг исталган олий таълим муассасаси етук олим ва мутахассислари томонидан видеоконференция орқали масофадан туриб машғулот ўтказиш имконияти мавжуд.
— Қўшни давлат фарзандларининг ўзбек тили ва адабиёти бўйича зарур билим олиши ва соҳа сирларини пухта эгаллашига алоҳида эътибор қаратамиз, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Мардон Раҳматов. — Дарсларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ўтишимиз таълим сифати ва самарадорлигини таъминлайди. Жорий ўқув йилининг дастлабки семестри учун ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши бўйича дарс жадвали ўзбек ҳамда дари тилларида тайёрланди.
Таълим марказининг илк талабалари ўзбек тили ва адабиёти йўналишига қабул қилинди. Улар икки йил давомида соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишади.
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқа соҳаларимиз қатори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига қаратган бу эътиборини юксак қадрлаймиз, — дейди Афғонистон тижорат ва саноат вазирлиги масъул ходими Мусофир Қўқондий. — Афғонистонда ўзбек тили учинчи давлат тили саналади. Бироқ, бу тилдан сабоқ берадиган мутахассислар жуда кам. Афғонистоннинг турли ҳудудларидаги ана шу талабни эътиборга олиб, келажакда мураб­бий бўлишни кўнглига туккан 100 га яқин ўғил-қиз ушбу марказда ўқишга жалб этилди. Айни пайтда дунёнинг бир қатор давлатларида минглаб афғон ёшлари таълим олиб, касб ўрганмоқда. Лекин, афғон ўғил-қизлари учун бирорта мамлакатда Ўзбекистондаги каби муҳташам махсус таълим муассасаси йўқ. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Марказнинг кўп қаватли муҳташам ўқув биноси, 110 ўринга мўлжалланган талабалар ётоқхонаси, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва спорт майдончалари, ошхона афғонистонлик талабалар учун хизмат қилади. Бинода кимё ва физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар мавжуд. Ахборот-ресурс маркази иқтисодий-техник ва ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги фанлар бўйича етарли ўқув ва ёрдамчи дарсликлар, бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекис­тонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли филмлар, аудиотўпламлар дисклари билан тўлдирилган. Электрон кутубхона тизимига лотин алифбосидаги 700 дан зиёд электрон адабиёт жойлаштирилган. Иккита инфокиоск ўрнатилиб, ўзбек ва дари тилларидаги Ўзбекистон рамзлари, маданий мерос, арбоблар, ифтихорларимиз, галерея бўлимларидан иборат дастурий таъминот ишлаб чиқилган.
— Мен бундай тинч-осуда юртга ўз она тилим бўйича мутахассис бўлиб камолга етиш орзусида келганимдан фахрланаман, — дейди Фарёб вилояти Майманак шаҳридан Жамшид Шерзод. — Бу юрт Амир Темур, Беруний, Ибн Сино, Бобур каби буюк аждодларимизни камолга етказган. Бизни аэропортда тенгдошларимиз гуллар билан самимий кутиб олганидан жуда-жуда қувондик. Қадимий шаҳарни мириқиб томоша қилдик. Улуғ бобомиз Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилиб, маънавий қувват олдик. Экспонатга бой Археология музейи билан танишиб, қадимий бу юртнинг ривож­ланиш босқичлари ва халқнинг турмуш тарзи билан танишишга муяссар бўлдик. Қизиқарли концерт дастурини мириқиб томоша қилдик. Ўйнаб, кулдик. Бу ерда яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, келгусида шундай улуғ аждодларга муносиб ворис бўлишга интиламиз.
Дарвоқе, аввал хабар қилинганидек, 21 январ куни Термиз халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази қалдирғочларини давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олди. Афғонистонлик ёшлар бу ерда Термиз давлат университети талабалари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари билан илк марта учрашаётган бўлса-да, гўё эски қадрдонлардек аэропортнинг ўзида жуда тез тил топишди, дўстлашиб олди. Икки давлат ўғил-қизларининг дилдан суҳбат қуриб, фикр алмашгани барчада катта таассурот қолдирди.
— Биз бир дарёнинг икки қирғоғида яшаб келаётган яқин қўшнилармиз, — дейди Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан Рухшона Ҳакимий. — Ўзбекистоннинг биз, афғонис­тонлик ёшларга маърифат улашиш ва касб ўргатиш борасидаги эзгу қадамларидан ота-оналаримиз ҳам ғоят хурсанд. Бизни кузатишар экан, Ўзбекис­тондаги тинчликнинг, тўкинликнинг абадий бўлиши ва бундан-да ривожланишини тилаб, дуо қилишди. Ўзбекис­тон ҳақида кўп эшитганмиз. Бугун гўзал бу юртнинг муқаддас туп­роғига беғубор орзулар билан қадам қўйдик. Тайёрамиз юртингизга қўниши биланоқ, ўзбекистонлик ўғил-қизларнинг бизни қучоқ очиб кутиб олганидан кўнг­лимиз тоғдек кўтарилди. Улар билан дўстлашиб олдик. Бу юртдаги тинч ва осуда ҳаётга, тенгдошларимиз эришаётган ютуқларга ҳавасимиз келди.
Салобатли марказ икки давлат ёшлари ўртасида мус­таҳкам дўстлик алоқаларини боғлашда янги саҳифа очди. Бу сурхондарёлик ўғил-қизларда ўз юртидан фахрланиш туйғуларини жўштирди.
— Бугун афғонистонлик қизлар билан яқиндан танишдик, дугоналаримиз сафи кенгайди, — дейди Термиз тиббиёт коллежи ўқувчиси Севара Самадова. — Уларнинг гўзал диёримиз, осойишта, мусаффо осмонимиз ҳақидаги илк таассуротларидан қувондик. Афғонистондаги ҳаёт ва қизларнинг турмуш тарзи тўғрисида гурунглашдик. Эсдалик учун суратга тушдик. Ангор туманиданман. Дугоналаримга маҳалламиз ёшлари ва коллежда таҳсил олаётган тенгдошларим ҳақида гапириб бердим. Биз, Ўзбекистон ёшлари шундай обод, озод мамлакатда яшаётганимиз ва ён қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларимиз янги босқичда ривож­ланаётганидан фахрланамиз.
Келгусида марказни янада кенгайтириш, ёзги ошхона ва новвойхона, ҳаммом ва кир ювиш биносини янгидан қуриш режалаштирилган. 300 ўринли қўшимча ётоқхона барпо этиш мўлжалланган. Ўқув ишлаб чиқариш устахонаси реконструкция қилиниб, янги бино қурилади. Афғонистонлик талаба-ёшларнинг ўқиши, касб ўрганиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қўшимча шароитлар яратилади.
Тантанали тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг иқтисод ва инсон ресурслари бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий янги таълим марказининг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар