Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун алоҳида паспортлар берилади, биопаспорт муомаладан чиқарилади

410

Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун алоҳида паспортлар жорий қилинади, ҳозирда амалда бўлган биометрик паспортлар чет эл паспортлари деб тан олинмайди ва босқичма-босқич ID-карта жорий этилиши муносабати билан муомаладан чиқарилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори Нажмиддин Тўрахўжаев «Газета.uz» нашрига маълум қилишича, хорижга чиқиш учун белгиланган тартибда алоҳида ранг ва шаклдаги паспортлар берилади.

2018 йилги Давлат дастури лойиҳасида миллий паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида тан олиш таклиф қилинган бўлса ҳам, ҳужжатнинг тасдиқланган талқинида ушбу банд олиб ташланган. Айни пайтда фуқаролик паспортини ID-карталар билан алмаштириш банди тасдиқланиб, жараён босқичма-босқич амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, хорижга чиқиш паспортларини жорий этишни 2019 йил 1 январдан бошлаш режалаштирилган. Паспорт 10 йил муддатга берилади. Шунингдек, 2019 йил 1 январдан икки йил муддатга берилувчи хорижга чиқиш стикерларини (ОВИР) расмийлаштириш талаби бекор қилинди.

2019 йил 1 январдан сўнг виза режими мавжуд мамлакатларга чиқишда хорижга чиқиш муддати тугамаган миллий паспортлардан фойдаланиш мумкин. Виза талаб қилинмайдиган давлатларга чиқишда эса амалдаги паспортдан 2021 йил 1 январгача фойдаланилади.

Нажмиддин Тўрахўжаев нима учун амалдаги паспорт хорижга чиқиш ҳужжати сифатида тан олинмагани бўйича саволга қуйидагича жавоб қайтарди: «Чиқиш ҳужжатини расмийлаштириш тартиблари ички паспортни расмийлаштириш тартибларидан фарқ қилади. Бундан ташқари, хорижга чиқиш паспорти тузилиши ва саҳифалари сони билан ҳам фарқ қилади».

Давлат персоналлаштириш маркази директори ID-карталар жорий этилиши ҳақида сўзлар экан, 20 мартгача идентификация карталарини босқичма-босқич жорий этишни кўзда тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилишини маълум қилди.

«Биз ID-карталар жорий этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, улар фойдаланиш учун қулай. Бироқ тегишли инфратузилмаларни яратиш учун бироз муддат керак, технологик жараёнларни ҳисобга олиш лозим», — дея ойдинлик киритди у.

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Нодиржон Жўраев ҳам ID-карталар босқичма-босқич жорий этилишини тасдиқлаган. Амалдаги фуқаролик паспортлари муддати тугаши билан шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида расмий ҳужжат бўлган идентификация карталари тақдим этилади.

Бошқа хабарлар