Дахлдорлик ҳисси

534

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари аҳоли ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, эл-юртимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайлик­ларга эга бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошланди.

Болалар спорти иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари барпо этиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилиб, сузиш ҳавзалари, мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб, фойдаланишга топширилгани, уларнинг аксарияти қишлоқ жойларда ишга туширилгани, бу мақсадлар учун катта маблағлар йўналтирилгани қайси юртдошимизни қувонтирмайди дейсиз?! Мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарор халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилинмоқда. «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган ғоя бу борада фаолият мезонига айланмоқда. Яъни, бу раҳбарият билан халқ ўртасида мус­таҳкам алоқа — Ватан меҳр-муҳаббати йўлида самимий муносабат пайдо бўлди, демакдир. Ахир, бу Биринчи Президентимизинг олий орзуларидан бири эди-ку!
Ислом Каримов, айниқса, ёшларни жуда-жуда севарди. Қаерда бўлмасин, ёшларни бағрига босиб, юрак-юрагидан уларни илҳомлантирар, энг самимий тилакларини билдирар эди. Ана шундай фозилона, мардона ҳаракатлари билан Президетимиз Шавкат Мирзиёев ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди. «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди ва шу асосда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. 30 июн санаси мамлакатимизда «Ёшлар куни», деб эълон қилинди.
Мен ўзимнинг ўқитувчилик фаолиятим туфайли Ёшлар иттифоқига бирлашган йигит-қизларнинг қалбидаги қувонч­­ни, севикли Ватанга намунали хизмат қилиш борасидаги орзу-умидларини чуқур ҳис қилиб, дилдан севинаман. Ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантиришга ҳаракат қиламан.
Ислом Каримовга тегишли кўпгина дурдона асарлар унинг биз учун энг қимматбаҳо васиятларидир, десам муболаға бўлмайди. Масалан, касбим боис «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобини ёшлар маънавиятини юксалтиришда дастуриламал сифатида фойдаланаман. Ислом Каримов ушбу асарида жамият тараққиётида иқтисодиёт ва маънавиятни бамисоли қушнинг икки қанотига қиёс қилади. Бу жуда ўринли ўхшатиш теран фалсафий мазмунга эга. Зеро, қуш парвоз этиши учун икки қанот бирдай мутаносиб ҳаракат қилиши лозим бўлганидек, жамият уйғун тараққий этиши учун иқтисодиёт ва маънавият ҳам баб-баравар юксалиши зарур.
Муаллифнинг «Маънавиятни тушуниш ва англаш учун, аввало, инсонни тушуниш, англаш керак», деган фикри инсон ва маънавият муштараклиги, диалектик боғлиқлигини очиб беради. Шу боисдан ёшларга яқин бўлишга, уларнинг орзу-ҳав­аслари, ички кечинмалари, дарду ташвишларидан бохабар бўлишга интиламан. Бу эса уларга маънавиятдан машғулотлар ўтишимда катта фойда беради.
Оила — Ватаннинг бир бўлаги. Ватан остонадан бошланади, деган ибратли иборада ҳам оиланинг муқаддаслиги назарда тутилади. Отанинг қадри, онанинг меҳри беқиёс аҳамият касб этади. Ота-онанинг нури дийдаси — фарзандига меҳри, фарзанднинг ота-онага садоқати, эҳтиромини сўз билан ифодалаш мушкул. Айнан «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида оила бизнинг халқимиз учун қанчалик бебаҳо ўрин тутиши жуда ўринли таъкидланган: «Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди». Муаллиф қаҳрамонлик ҳақидаги ўз фикрларини ривожлантиб шундай дей­ди: »Ҳар куни, ҳар соатда фидойи бўлиш, ўзини томчи ва томчи, заррама-зарра буюк мақсадлар сари чарчамай, толиқмай тинимсиз сафарбар этиш, бу фазилатни доимий, кундалик фаолият мезонига айлантириш —ҳақиқий қаҳрамонлик аслида мана шу.»
Бундай васиятлар асрлар оша яшаб, кишиларга одамийликдан сабоқ беради. Айнан шунга кўра ҳам биз тарбиячи ва устоз­лар бу васиятларга амал қилишни бурчимиз, деб биламиз.

Райҳон АБДУЛЛАЕВА,
Урганч тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Бошқа хабарлар