Меҳр-мурувват зийнати

668

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асарларида, маърузаларида «меҳр-оқибат», «меҳр-муҳаббат», «меҳр-шафқат», «қадр-қиммат» сифатлари жуда кўп қўлланилган. Ул зотнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида халқимиз маънавий фазилатларининг илдизлари, замонлар синовидан ўтган ва тобланган жиҳатлари батафсил умумлаштирилган.

«Мисол учун, тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик, — дейди муаллиф. — Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо. Шуни айтиш лозимки, бу тушунчалар кимдир шунчаки ўйлаб топган ширин калом, қулоққа хуш ёқадиган сўзлар эмас. Бундай тушунчалар асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келган, онгу шууримиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодасидир».
Жамоа бўлиб яшаш — одамларнинг бир-бирини англаш, бир-бирининг, дардлари ва қувончларидан хабардор бўлиш одатини шакллантириш асоси эканлиги маълум. Шу боисдан ҳам Биринчи Президентимиз мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ қадимий маҳаллалар анъанасини тиклаш ва уни янгидан шакллантириш ташаббусини олға сурди. «Маҳалла» хайрия жамғармасининг ташкил этилиши, шаҳарларда ва қишлоқларда маҳаллалалар фаолиятининг йўлга қўйилиши — бу фуқаролик жамиятнинг ­шаклланиши учун яратилаётган замин бўлиши баробарида, инсонлараро ўзаро меҳр-оқибат ва меҳр-муҳаб­бат туйғуларини юксалтиришда муҳим маънавий аҳамият касб этмоқда.
Ислом Каримов ўз асарларида «Алишер Навоий бобомиз бўладими, Рудакий, Абай, Махтумқули ёки Тўхтағул каби улуғ зотлар бўладими, уларнинг барчаси ўз ижоди билан нафақат икки дарё оралиғидаги халқларни, балки бутун башарият фарзандларини доимо меҳр-оқибатли, дўст-биродар бўлиб яшашга даъват этган»ликларини алоҳида уқтирди. Демак, меҳр-оқибат ҳам шарқона, умумбашарий аҳамиятга молик юксак фазилатларимиз сифатида қимматлидир.
Ислом Каримовнинг Қашқадарё обкомининг биринчи котиби бўлиб ишлаган даври (1986 — 1989 йиллар) фаолиятига бағишланган китобида таниқли олим Поён Равшанов шундай ёзади:
«Ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич сиймосида одамийлик, меҳр-оқибат, ғайрат-шижоат ва қатъият, адолатпарварлик ва ватанпарварлик каби юксак инсоний фазилатлар дунёдаги жамики бойликлардан афзал эканини кўрсатди.
Инсон ҳар қандай вазиятда ҳам ҳалол ва жонкуяр, ҳақгўй ва ташаббускор, эл-юрт ишига фидойи бўлса, ҳеч қачон кам бўлмаслиги Ислом Каримов тақдири мисолида ўз тасдиғини топди» .
И.А.Каримов фаолиятини, характер-тийнатини анча батафсил биладиган П.Равшановнинг фикрлари умумхалқ нуқтаи назарининг ҳам ифодаси каби эътиборлидир. Бу қарашлар Ислом Каримов маънавий оламининг ибратларини умумлаштириш характерига эга. Ислом Абдуғаниевичнинг халққа бўлган безавол меҳр-муҳаббати, юксак оқибати айни вақтда унинг ўзига нисбатан ҳам халқнинг шундай юксак меҳр-муҳаббатини пайдо қилган.
«Уни яқиндан билган кишилардан бири: «Ислом Абдуғаниевич Қашқадарёга битта костюмда келиб, битта костюмда кетди», деган эди. Албатта, бу гап бежиз айтилган эмас. Одамлар камдан-кам раҳбарга шундай баҳо беришини яхши биламиз. Бу фикр ­Ислом Каримовнинг камтар, ҳалол ва покиза инсон эканига ишора бўлиб, унинг бу фазилати одамлар томонидан юксак қадрланганини ўзида намоён этади.
Шу маънода Ислом Каримовнинг Қашқадарёдаги фидокорона меҳнати, серқирра фаолиятига берилган мукофот — халқнинг чексиз меҳр-муҳаббати ва юксак ишончидир, десак, асло хато бўлмайди».
Эътиборга олиш керакки, ҳар қандай одам ҳам халқнинг чексиз «меҳр-муҳаббати ва юксак ишончи»ни шунчаки қозона олмайди. Бундай «мукофот»га ўзи халқни севган, унга чексиз меҳр-муҳаббатини бағишлаган, унинг манфаати учун, дард-аламини аритиш учун фидокорлик қилган Ислом Каримовдек сиймоларгина сазовор бўлмоғи мумкин.
Собиқ шўро тузумининг сўнгги қатағони — ХХ асрнинг 80-йилларида «пахта иши» тамғаси билан қамалган минг-минглаб кишиларни оқлаш, қадрини жойига қўйиш, оиласига ғамхўрлик қилиш каби эзгу ҳаракатлари билан Ислом Каримов юксак меҳр-муҳаб­бат соҳиби сифатида дунёга танилди.
Муҳими шундаки, Ислом Абдуғаниевичнинг халққа, айниқса, жабрланган, ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга ғамхўрлиги, ҳамдардлиги, меҳр-муҳаббати Республика етакчиси даражасига кўтарилганида янада юксак маънавий фазилат даражасида намоён бўлди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининиг 24 йиллиги тантанасидаги маърузасида Президент сайлови натижаларини умумлаштириб, айтган сўзларини бир эсга олайлик-а:
«Азиз дўстлар, биз бу сайловни Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий меросига ва у киши чексиз меҳрини берган халқимизга муносиб тарзда ўтказдик».
Дарвоқе, маънавий етук сиймонинг ўз халқига нисбатан беқиёс меҳрли муносабати миллий ўзликка қайтиш жараёнларида шу халқ муҳитида ҳам меҳр-оқибат, мурувват каби маънавий фазилатларни янада юксалтириши табиийдир .
Тошкент шаҳридаги «Меҳрибонлик» уйининг директори, машҳур мураббия Антонина Павловна Хлебушкинанинг 80 йиллиги муносабати билан унга Президент И.А.Каримов йўллаган табрикномада («Халқ сўзи» газетаси, 1994 йил, 20 декабр), жумладан, шундай меҳрга омухта ҳароратли сатрларни ўқиймиз:
«Саховатли Ўзбекистон диёрида донолик, бағрикенглик, сахийлик, меҳр-шафқат ҳамиша қадрланиб, эъзозланиб келади. Сизнинг сиймонгизда, ёш авлодга оналик меҳри билан тўла ҳаётингизда шу фазилатлар акс этган.
Сиз, Антонина Павловна, ҳамиша болалар қалбига йўл топа олган, айниқса, ҳаётда кўп жабр кўрган, ота-онасидан, яқинларидан жудо бўлган болалар меҳрини қозона олган меҳрибон, шафқатли инсонсиз. Сиз минглаб болаларни тарбиялаб, уларга ҳаётга йўлланма бердингиз…».
Ўзи қалбан меҳрибон, меҳр-оқибатни умр мазмуни деб билган Ислом Каримовдек раҳнамонинг меҳр соҳибасига шундай меҳрли дил сўзларини баён қилиши табиийдир. Президент фаолиятида меҳрибонлик, инсонни қадрлаш ва меҳр кўрсатиш юксак маънавий фазилат даражасида намоён бўлади.
Республиканинг оддий меҳнат аҳлига, айниқса, оналарга, аёлларга меҳрибонлик, ғамхўрлик қилиш — Президент иш-фаолиятининг муҳим йўналишига айланди.
«Ассалому алайкум, ҳурматли Ислом Абуғаниевич! Менинг ушбу мактубимни хоразмлик ва қорақалпоғистонлик аёлларнинг миннатдорчилиги рамзи деб билгайсиз. Шахсан Сизнинг ғамхўрлигингиз туфайли бизлар ва болаларимиз ёз бўйи рес­публикамизнинг «Ботаника», «Турон», «Бўстон», «Семурғ» каби энг яхши сиҳатгоҳларида бепул даволаниб ҳордиқ чиқардик. Дам олиш пайтида кўп эшитдим, аёлларимиз бундай ғамхўрликдан беҳад хурсанд бўлишди. Юртимизда оналар ва болаларга катта эътибор берилаётганлигини яна бир бор юракдан ҳис этдик.
Ушбу мактубимни мен билан бирга дам олиб, даволанган 500 нафар аёл номидан ёзаяпман. Сиҳатгоҳда ҳар куни Сизни дуо қилдик, Оллоҳдан юртимизнинг тинчлигини тиладик» («Халқ сўзи» газетаси, 2001 йил, 3 ноябр).
Бу Хоразм вилояти, Шовот туманидаги Комилжон Отаниёзов номли ширкат хўжалигининг аъзоси Гавҳар Дўстжонованинг мактубидан олинган дил сўзлари.
«Биз — ўзбек аёллари фақат уйим-жойим, элим, бола-чақам, деймиз, — дея давом этади ўз мактубида Г.Дўстжонова. — Менинг ўзим 42 ёшдаман, уч қиз, икки ўғилнинг онасиман. Йигирма йилдан бери иш, уй-рўзғор ташвиши билан бўлиб, соғлиққа қарамаган эканман. Тошкентдаги «Турон» сиҳатгоҳида дам олиб қайтгандан сўнг, ўзимни бардам ҳис этдим. Бизларга барча сиҳатгоҳларда «Президент қизлари» дея алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан қарашди…».
Юртбошиси меҳрига, ғамхўрлигига, беғараз ёрдам-ҳамиятига мушарраф бўлган бундай кишилар диёримизда қанчадан-қанча.
Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов Президентимизнинг чексиз меҳр-мурувватига сазовор бўлган сиймолардан бири эди. У Президент ташаббуси билан тузилган Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик марказининг органи «Жаҳон адабиёти» журналининг бош муҳаррири сифатида истиқлол маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшди. О.Шарафиддинов тақдир тақозоси билан оғир дардга чалинади. Маънавият арбобининг аҳволидан хабар топган Ислом Каримов уни Москва клиникаларида, нуфузли шифокорлар томонидан даволаниши учун раҳнамолик қилади.
Озод Шарафиддинов Юртбошимизга мактубида унинг меҳр-мурувватини алоҳида таъкидлайди: «Мен Сизни ўн йилдан бери шахсан таниш бахтига мушаррафман. Шу йиллар давомида неча марталаб меҳр-мурувватингиздан баҳраманд бўлдим, эъзоз-эътиборингиздан бошим осмонга етди. Мен кўп ўйладим — мен юртимизнинг оддий бир заҳматкаш зиёлисиман, нима сифатларим борки ёки қандай ишни дўндириб қўйибманки, Юртбошимизнинг бундай эътиборига сазовор бўлдим? Кейин амин бўлдим — буларнинг бари Сизнинг элу юртимизга, халқимизга муҳаббатингиздан бир нишона экан. Ахир, Сизнинг мурувватингиздан баҳраманд бўлган бир менми? Сиз юзлаб оддий одамларга мактублар йўллайсиз, совғалар юборасиз, турли саналар билан муборакбод қиласиз» .
Таниқли олимнинг сўзларидан нафақат Президентнинг ўзига, балки юзлаб-минглаб кишиларга, бутун элга нисбатан кўрсатиб келаётган юксак меҳр-муруввати ҳақидаги тасаввурларимиз янада мукаммаллашади.
О.Шарафиддинов Меҳр-мурувват йили муносабати билан эълон қилган «Меҳр нимадан бош­ланади?» («Ўзбекистон овози» газетаси) номли мақоласида ҳам диққатимизни Ислом Каримовнинг меҳр-мурувват соҳиби эканлиги масаласига қаратган эди.
«Ислом Абдуғаниевич мустақиллик йўлига ўтганимиздан бери ўз фаолиятида узлуксиз равишда меҳр-мурувват, яхшилик масалаларига эътибор бериб келяпти. — деб ёзади О.Шарафиддинов. —Жамиятнинг маънавий юксалишини таъминлаш, одамлар ўртасида асрлар давомида шаклланиб келган қадриятларни қайта ўрнига қўйиш, чинакам инсоний муносабатларни тиклаш масалаларига эътибор бериб келмоқда. Шуниси муҳимки, Президент одамларни ана шу олижаноб ва юксак фазилатлар эгаси бўлишга даъват қилиш билан чекланиб қолаётгани йўқ, балки амалда ўз фаолияти давомида меҳр-мурувватли бўлиш, саховатпешалик қилиш, ғарибу бечораларга, мискину муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш бобида ўрнак кўрсатиб келмоқда».
О.Шарафиддинов «меҳр-мурувватнинг нималигини яхши билади»ган Президентимизнинг бундай юксак маънавий фазилатини сахий қалблик билан умумлаштирадики, бу аксарият ўзбекистонлик фуқаронинг қалб изҳори бўлиши ҳам шубҳасиздир: «… одамгарчилиги зўр, ҳаммага ғамхўр, имкони бўлса, Ўзбекистон фуқароларининг ҳаммасини чиндан ҳам бағрига босишга тайёр Президентимиз бор. Бундай Юртбоши билан фахрланмаслик мумкин эмас».
Дарҳақиқат, меҳри, муруввати, оқибати юксак даражада бўлган сиймонинг устига-устак эл-юрт етакчиси эканлиги — бу халқнинг бахтидир. Фидойи инсоннинг шахсий характерида мужассам меҳр-оқибат нури унинг асарлари воситасида ҳали миллионлар одамларнинг қалби ва ҳаётини мунаввар этади, халқни мустақилликдек улуғ неъматимиз фидойиси ва ҳимоячиси руҳида тарбиялайверади.
Қуёш Шарқдан кўтарилиб, ўзининг безавол, ҳаётбахш нурлари билан бутун оламни ёритади, ҳарорат ва куч-қудрат ато этади. Бу нурлар айни вақтда меҳр ифорлари сочиш, меҳр улашиш асоси ҳамдир. Балки, Шарқ халқларида «меҳр» сўзининг «қуёш» ва «севги» маъноларига эгалиги, фарзанд­ларга Меҳри, Меҳриддин номларининг кўп ­қўйилиши, айниқса, қизларга «Меҳрангиз» — меҳр улашувчи, меҳр бахш этувчи исмининг қўйилиши ҳам бежиз эмасдир. Азим Шарқ халқлари ўзаро бир-бирларига, шу тариқа дунёнинг турфа иқлимларидаги кишиларга ҳам меҳр улашиш каби олижаноб тилак-истаклар билан яшашади. Чунки қалби, вужуди меҳрдан, меҳр-оқибатдан тўла бўлган инсон сахийлик билан шу меҳрдан ўзгаларга, дўст-биродарларга ҳам улашгиси келади.
Дарвоқе, ҳаётда меҳр ва оқибат фазилатининг соҳиби бўлиб яшаб ўтган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов уқтирганидек, «Меҳр ва қадр бор ерда ҳамма нарса бор, қадр кетса, ҳамма нарса қўлдан кетади». Бу чуқур мазмунга эга ҳикматли фикр меҳр-оқибат, инсон қадрини билиш фазилатининг нафақат оилавий муносабатларда, балки мамлакатлар миқёсида ҳам нақадар зарур ва ҳал қилувчи кучига молик маънавий фазилатлар эканлигини ­англатиши билан қимматлидир.

АБДУҒАФФОР ХОН,
Ўзбекистон — Туркманистон дўстлик жамияти фаоли, адабиётшунос олим

Бошқа хабарлар