Озод ва обод ватанга бахшида умр

404

Буюк файласуф Гегель шундай деган эди: «Инсон фақат буюк мақсадларни амалга ошириш орқалигина ўзини бошқалар учун йўлчи юлдузга айлантирадиган буюк характерни намоён қила олади». Ҳар бир даврнинг ўз оламшумул воқеалари, ўз қаҳрамонлари, ўз донишмандлари, у ёки бу тарздаги намояндалари бўлади.

Уни тарихий жараён , ижтимоий-сиёсий муҳит табиий ҳолда вужудга келтиради ва шакллантиради. Ана шундай тарихий жараён натижасида эътироф ва эҳтиромга сазовор бўлган шахслардан бири, бу Ислом Каримовдир. У ҳар қандай ислоҳотларни бутун моҳияти билан англай оладиган, вужудга келаётган воқеа ва ҳодисаларни бутунлай янги йўналишга моҳирлик билан буришга қодир иқтидорли, довюрак, кенг қамровли сиёсатчи, халқи учун жонини фидо қилишга тайёр давлат раҳбари эди.

«Фақат бозор муносабатларигина улкан имкониятлардан халқ бахт-саодати йўлида, унинг турмуш даражасини ошириш мақсадида самарали фойдаланишни таъминлаши мумкин», деб таъкидлаган эди Ислом Каримов.
«Ўзбекистон ўз истиқлол ва тараққиёт йўли» (1992 й.,) Ўзбекистон — бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли» (1993й.), «Ўзбекистон иқтисодий ислохотларни чуқурлаштириш йўлида» (1995й.) ва ­бошқа қатор асарларда бу масалалар  жуда кенг асослаб берилди.
Ўзбекистонда бозор муносабатларига ўтиш йўли ижтимой йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга қаратилган бўлиб, бу  йўлни амалга оширишга, иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилишга бешта муҳим тамойил асос қилиб олинди.
Биринчидан, иқтисодиётни мафкурадан ҳоли қилиш, унинг устунлигини таъминлаш.
Иккинчидан, ўтиш даврида давлатнинг ўзи бош ислоҳотчи бўлиши.
Учинчидан, бутун янгиланиш ва тараққиёт жараёни қонунларга асосланмоғи, қонунларнинг устуворлиги таъминланмоғи лозим.
Тўртинчидан, бозор муносабатларига ўтиш билан бир қаторда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш соҳасида кучли чора-тадбирларни амалга ошириш.
Ниҳоят, бешинчидан, бозор муносабатларини босқичма-босқич қарор топтириш.
Бозор муносабатларига ўтишда бу тамойилларнинг ҳаммаси ҳам муҳим аҳамиятга эгадир, лекин уларнинг ичида бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш тамойили алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки тегишли ҳуқуқий негизни, бозорнинг инфратузилмасини яратиш, одамларда бозор кўникмаларини ҳосил қилиш, янги шароитларда ишлай оладиган кадрларни тайёрлаш учун вақт керак бўлади.
Бундан ташқари, бозор муносабатларига ўтиш иқтисодиёт соҳаларини ўзгаштириш билангина чекланмайди. У ижтимоий ҳаётнинг бир-бирлари билан узвий боғлик бўлган барча соҳаларни тубдан ўзлаштиришни тақазо қилади. Буларнинг ҳаммаси бозор муносабатига эвалюцион йўл билан ўтиш ҳақидаги ғоя жуда муҳим ва афзал эканлигини кўрсатади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан асослаб берилган Ўзбекистоннинг босиб ўтган мус­тақил тараққиёт йўлини маъно-моҳиятан ва аҳамиятиги кўра алоҳида икки даврга, яъни биринчи босқич, 1991 — 2000 йиллар ва иккинчи босқич, 2001 — 2016 йилларгача бўлган муддатга ажратишни мақсадга мувофиқ, деб ўйлаимиз. Бинобарин, Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг ташаббуси  билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекис­тон Респуб­ликасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон ўз тараққиётида 2017 йилдан бошлаб янги учинчи сифат босқичига қадам қўйганлигини ­англатади.
«2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги Фармони ҳам эълон қилинди ва Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга 13,5 триллион сўм ва 1,3 миллиард АҚШ доллари йўналтирилиши кўрсатиб ўтилди.
Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини янада яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Айни вақтда бу «Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим» деган фикрларига жавоб бўлади, деб айтишга тўлиқ ҳақлимиз.
Эътиборингизни шу ўринда бир муҳим жиҳатга қаратамиз. 2018 йил 17 январ куни Ўзбекистон Респуб­ликасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича тайёргарлик ишларини самарали олиб бориш ва ушбу санани ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш билан боғлик масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда: «Ислом Каримов ўзининг Президент сифатидаги бутун ҳаёти ва фаолиятини юртимизда янги давлат барпо этиш, ­мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадга бағишлади. Халқимиз мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган улкан ўзгаришларни ҳақли равишда Биринчи Президентимиз номи билан боғлайди», деб таъкид­лади давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев.
2017 йил Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 26 йиллиги кенг нишонланди. Ана шу тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида иқтисодий салоҳияти юксак давлат сифатида тан олиниб, жадал ривожланаётган мамлакатлар сафидан ­мустаҳкам жой эгаллади. Бу эътирофга осонликча эришилгани йўқ. Биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган иқтисодий тараққиёт стратегияси ва уни амалга ошириш воситалари мамлакатни бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнидаги барча иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиб, уни ривож­ланган мамлакатлар қаторига олиб чиқди. Буларнинг барчаси  ўзимизга хос ва мос тараққиёт йўли — «ўзбек модели» шарофатидан. Бу йўл ҳақида Россия Фанлар академияси академиги А.Н. Яковлев шундай фикр билдирган: «Ислом Каримов ўтмишни келажак билан боғлаш асосида мамлакатни модернизация қилиш — замонавий тарзда тараққий эттириш йўлини танлади».
Ҳаммамизга яхши маълумки, 2008 йилнинг ўрталарида АҚШда молиявий-иқтисодий инқироз бошланиб, тез фурсатда у жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига айланиб кетди. Кўп вақт ўтмай, аниқроғи, 2009 йилда Биринчи Президентимизнинг «Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари» номли китоби чоп этилди. Ушбу китоб тўғрисида Москвадаги М.В.Ломоносов номли университет ректори, йирик математик олим, академик В. Садовничий шундай фикр билдирди: «Мен Ислом Каримовнинг ушбу китобини ўқиб чиқдим. Бу китоб Иқтисодий назария фанининг қонун-қоидалари асосида ёзилган. Ушбу китобни кўп нусхада университет кутубхонасида бўлиши таъминлансин ва университетнинг барча факултетларида маълум дарс соати ажратилиб талабаларга ўқитилсин». Ана, йирик иқтисодчи олим, академик томонидан Биринчи Президентимиз И. Каримовнинг ушбу китобига берилган баҳо! Ушбу китоб такдимоти дунёнинг кўпгина мамлакатларида бўлиб ўтди ҳамда Тошкентда бу китоб борасида халқаро анжуман ўтказилди.
Ҳозирги кунда эртамизни ўйлаб, юртимиз ҳақида қайғуриб қабул қилинаётган фармонлар, қарорлар ва қонунлар  ҳамда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам Ўзбекис­тон янги марраларни кўзлаётгани ва мамлакатимиз ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйганидан дарак беради, бу ислоҳотлар, ўз навбатида, мамлакат аҳолисининг фаровонлиги ва турмуш даражасини янада кўтарилишига қаратилгандир.
Биринчи Президентимизнинг  мана бу гаплари ҳамон қалбларимизда акс-садо бериб турибди. «Мен халқимизнинг озодлиги, юртимнинг ­мустақиллиги учун, керак бўлса, жонимни бераман, лекин ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди.
Бу гапни эшитганлар — эшитсин, эшитмаганлар барибир билиб, қулоғига қуйиб олсин. Бизнинг ­фикримизда ҳам, зикримизда ҳам фақат ана шу мақсад. Халқимиз бугун фақат шу билан яшаяпти ва ўйлайманки, бу гапларимни жамоатчилигимиз, юртимиз аҳли албатта қўллаб-қувватлайди».
Турғун ЗИЯЕВ,
Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг
 Фахрий доктори
Бошқа хабарлар