Сўнгги илинж

30

Носиржон нимжон, камқувват бўлиб ўсди. Боши касалдан чиқмади. Нурилла доктор ҳар йили қирқ кун узлуксиз анор сувини сиқиб ичиринг, деб тайинлади. Бўлмаса… Эҳ-ҳа, ўшанда доктор ўғлининг касали ҳақида анча хавотирли гапларни айтиб, унинг юрагига ғулғула солганди. «Нозик» ишни аёлларга ишонмай, қирқ кун мобайнида ўғлига анор сувини ўзи ичирганди. Ора-сира увол бўлмасин, деб анор шарбати силқиб турган бармоқларини ялар, пиёлани чайқаб ичарди…

Носиржон унинг кенжа ўғли. Отамерос уйини унга қолдириб, Салим ота кампири билан кўч-кўронини олиб катта ўғли Алимжонникига кўчганида, Пўлат жўраси «Ота уйидан кўчиб бекор қилдинг-да», деб бошини сарак-сарак қилганди. Жўраси нимага шаъма қилганини билмади-ю, аммо кўчди-ю боши дарддан чиқмай қолди. Ўзига қолса уйига қайтиб борарди, кампири кўнмади. Қолаверса, келинининг нобоплиги ўғлига кўчгани алам қилди. Шу боис томорқасидаги 50 туп анору, 20 туп анжир ҳам кўзига кўринмади. Оч қорним, тинч қулоғим, деди. Энди эса ўзи эккан бир дона анорга зор бўлиб ўтирибди. Салим ота ана шу анорзорни барпо этаман, деб қариликда роҳатни билмади. Эртадан кечгача елкасидан кетмон тушмади. Отаси барпо этган анорзор туфайли бугун пул Носиржонни излаб уйига келадиган бўлиб қолди.
Ана шу Носиржонининг хотини кеча бир коса айрон олиб келиб, «Эртага анор узамиз., кўтарасига харидор чиқди. Машина олиб келиб, ўзлари териб кетишаркан. Ўзиям анормисан, анор бўлди-да бу йил. Ҳар биттаси чойнакдай, ширинлигини айтмайсизми! Экаётганда илдизини асалга ботириб қўйса, шундай ширин бўларкан, шу ростми, бобожон, томирини асалга ботирганмидингиз? Шу сирни бизга айтиб кетинг», деди. Салим ота унинг гапидан кулиб қўйди-ю «айтиб кетинг», деган гапидан оғрингани учун индамади. «Анорни анор қиладиган меҳнат, заҳмат, шундай ҳосил битиши учун менинг бу бошим ерга қанчалар эгилган, бу қўлим қанчалар қаварган». Ота бу гапни келинига айтмади, айтса ҳам барибир у тушунмасди.
«Эшитгандирсиз, ўғлиз анорни бу йил долларга сотаман деб оёқ тираб туриб олди, аммо жаллоблар ҳам ёмон жойдан ушлади, доллар бўлса доллар деб ҳисоб-китоб қилиб, битта йигитни қоровулликка ташлаб кетди, — келинининг анорга берган таърифу мақтовидан отанинг оғзи сув очди. Умри бино бўлиб бирор нарсага кашол бўлмаган эди. Негадир, ўзи эккан анорнинг сувидан бир пиёлагина симириб ичгиси келди.
— Уларнинг кетидан Насимжон Армиядан келса ейди, деб челак кўтариб анорзорга кирсам, қўлимдан челакни қоровул йигит тортиб олди. Анор энди уларники эмиш. Замоннинг ўзгариб кетганини қаранг, бобо, одамларда инсоф қолмади, ўз боғимдаги бир дона анорга ҳам ҳаққим йўқ эмиш».
Келинининг бу гапидан сўнг чол тилини тиш­лади. Аммо пиёлада чайқалиб турган анор суви кўз ўнгидан кетмади. «Нима овқат қилиб келай эртага, ойим пахтага кетаётиб сизни менга омонат топшириб кетдилар», дея келини қайнотасининг оғзини пойлади. «Овқат керак эмас, менга ўша анордан биттагина олиб кел», дея ёстиғи остидан бир даста пул олиб узатди. Келин пулни кўриб довдираб қолди, норози бўлгандай, «Ахир ҳаммасини кўтарасига сотиб юбордик», дедим-ку, дея шаштини қайтарди. Ота титраб кетди. Буни сезган келин «Долларга сотса ҳам сизга битта анор олиб келаман», деди. Ота кечадан бери шу гапга ишониб йўл қарайди, гўё дардига анор суви даво бўладигандай. Келиндан эса дарак йўқ. Оқшомга бориб ўғли келди. Қўлидаги елим халтада анор борлигига Салим ота қаттиқ ишонгани учун олдидаги пиёлани ўғлига узатиб, «Сувини яхшилаб сиқиб бер», деди Ўғли тушунмай елка қисди. «Нимага анграясан, анорни олиб, сувини пиёлага сиқиб бер».
— Худди ёш болага ўхшайсиз-а, отажон, анор, анор, дейсиз кечадан бери. Келинингизга бир даста пул ҳам бериб юборибсиз, ҳеч замонда одам ўз отасига ҳам анор сотадими?
Ота ўғлининг гапини эшитмагандай елим сумкага тикилди. Ўғилнинг жаҳли чиқди:
— Бу анор эмас, пул, анорнинг пули, долларга сотгандим, шуни сўмга айлантириб келаяпман. Онам аканг ишидан ортмайди, сен ҳам ўғил бўлиб отанг­­ни Тошкентга олиб бориб даволатиб келсанг-чи, деб тана қилганди. Ана энди бу пулга сизни курортга олиб бораман. Онам ўғил қандай бўлишини бир кўрсинлар…
Салим отанинг томоғига нимадир тиқилгандай бўлди, йўтал тутди. Ўғли сергак тортди, «Йўтал тутиб, ўламан деб ётибди-ю, яна анор, анор, дегани ортиқча, хайриятки, хотинимнинг гапига кириб, битта анор деб юзимнинг сувини тўкмаганим, бўлмаса, анор йўталини қўзғади, деб кўз очиришмасди». Ўғил отасига сув ичираркан, хаёлан битта анор олиб келолмагани учун ўзини-ўзи оқларди. Пулни ёстиқнинг остига қўйиб, докторга югурди.
Ота ўғлининг кетидан термулиб қоларкан, кўз олдига пиёлада чайқалиб турган анор суви келди. Кейин ғулдираб иймон келтирди. Тушидами, ўнгидами, анор юқи бармоғини ялади-ю, кўзини юмди.
Доктор билан ўғли уйга кириб келганда ота қиблага юз бурганча кулимсираб ётар, қулоғи гап эшитмас, очиқ кўзлари эса ҳеч нарсани кўрмасди…

А.НАБИЕВА

Бошқа хабарлар