Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида минглаб эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитлари яхшиланмоқда. Жумладан, бугунги кунга қадар республика бўйича 22 минг 155 та оила кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1087 нафар бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун қарийб 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 1800 га яқин оилага уй-жойини таъмирлаш учун 13,5 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволини ўрганиб, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож оилаларни аниқладилар. Ўрганиш натижаларига кўра бугунги кунда эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга уй-жойларини таъмирлаш, маиший шароитларини яхшилаш, саломатликларини тиклаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Миробод туманидаги «Фитрат» номли маҳалланинг Эски Сарикўл кўчасида истиқомат қилувчи Дурдона Амонқулова ҳам тақдир тақозоси билан турмушда кўп қийинчиликларга дуч келди. 2 нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаш зиммасига тушди. Бунинг устига юрак қон-томир ва асаб касалликлари сабаб саломатлигида жиддий муаммолар юзага келди. Давлатимиз раҳбари томонидан оддий одамларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар Дурдона Амонқулова хонадонига ҳам етиб келди. Айни пайтда у 1-сон ­Республика клиник шифохонасига жойлаштирилиб, барча зарур тиббий-диагностик ёрдам кўрсатилиб, тиббий муолажалар амалга оширилмоқда. Чилонзор туманининг 20-мавзесида истиқомат қилаётган Воҳиджон Куданов болаликдан туғма ногирон бўлиб, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонлардан бири. Ижтимоий кўмакка муҳтож бу инсон ҳам бугун юртимизда эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва амалий ёрдамдан баҳраманд бўлди. Хусусан, унга саломатлигини мус­таҳкамлаш учун зарур бўлган барча дори-дармон воситалари топширилди. Айниқса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилларининг ташрифи Воҳиджоннинг кўнглини тоғдек кўтариб юборди. — Ҳамма гап эътибор кўрсатишда. Шахсан Президентимизнинг ўзлари мен каби инсонларга эътибор қаратиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқдалар, — дейди В. Куданов. – Бундан бошимиз осмонга етмоқда. Ҳар куни қўлларимиз дуода. Амалга ошираётган эзгу ишлари минглаб одамларнинг турмуши яхшиланишига хизмат қилмоқда. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўр¬ликдан Сергели туманида яшовчи 81 ёшли Нелия Юнусованинг ҳам қувончи чексиз. — Ёш ўтган сари инсон меҳрга эҳтиёж сезар экан. Сизларнинг ташрифингиз кўнглимни тоғдек кўтарди, — дейди Н.Юнусова. — Кўп йиллардан бери юрагим безовта қилади. Даволанай десам керакли маблағим, менга қарагувчи фарзандларим йўқ. Мана давлатимизнинг ғамхўрлиги туфайли замонавий, барча шароитларга эга бўлган «Sentral cardio service» шифо масканида бепул даволаняпман. Бу ерга келганимдан кейин соғлигим анча яхшиланди. Албатта, бундай хайрли ишларни устида турганларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Таъкидлаш ўринлики, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 110 нафар эҳтиёж­манд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 1221 нафар кам таъминланган оила вакиллари эса маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ташқари, 60 нафарга яқин даволанишга муҳтож инсонларга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилмоқда. Бундай хайрли ишлар натижасида жамиятимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳити мустаҳкамланиб бормоқда, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси Президентимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқда. Муҳаббат Ўрмонбекова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари. Жамшид Эргашев олган суратлар

406

Одамларнинг ҳаётдан ва ўз тақдиридан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш, ҳар бир фуқаронинг жамиятдан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, мамлакатимиздаги мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юрт фаровонлигига эришиш биз танлаб олган тараққиёт йўлининг асосини ташкил этади.

Президентимиз Тошкент вилоятига ташрифи чоғида мазкур ҳудудда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларга фақат ҳамжиҳатлик ва масъулият билан ёндашган ҳолда ечим топиш мумкинлигини таъкидлаб мутасадди раҳбарлар зиммасига аниқ вазифаларни топширдилар. Жумладан, тоғ олди ҳудудларида янги конларни излаб топиш, қайта ишлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган омилкор кишиларга нол қийматида жойлар берилиши энг долзарб вазифа сифатида белгилаб берилди.

Паркент — Тошкент вилоятининг энг сўлим гўшаларидан бири. Чотқол тоғ этаклари бўйлаб ястаниб ётган бу замин тўрт фаслда ҳам бетакрор чиройи, серҳосил ерларининг қут-баракаси билан одамларни ўзига мафтун этиб келади. Деҳқончиликда етти иқлимга довруқ таратган паркентликлар эндиликда тадбиркорликнинг бошқа соҳаларида ҳам янгиликка интилиб, илғор инновацион ғояларни эл-юрт фаровонлиги ва манзиллар ободлиги йўлида сарфлашга астойдил бел боғладилар.
Заркент қишлоғида туғилиб вояга етган Искандар Ўрмонов, мана 20 йилдирки, тадбиркорлик билан шуғулланади. У бир пайтлар тош­лоқ, сувсиз ерларда узумзорлар барпо этишга енг шимарганида, кўпчилик хомхаёл деб ўйлаганди. Мақсади сари ҳаракатдан тўхтамаган ишбилармонни бугунга келиб Паркент аҳли узоқ масофадан тоза ичимлик суви тортиб келиб, қишлоқдошлари оғирини енгил қилган энг тадбирли, ташаббускор, янги замон тадбиркори сифатида қадрлаб, унинг янги ғоя ва интилиш­лари, хайрли, савоб ишлари ортидан эргашмоқда.
Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида жаннатмонанд заминнинг чексиз имкониятларидан унумли фойдаланишга оид аниқ таклифлари, Искандар Ўрмонов етакчилик қилаётган «SyurenGeoresurs»МЧЖнинг экотуризм­ни ривожлантириш ҳамда янги конларни излаб топиб, табиий бойликларни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби саноат ва ишлаб чиқариш соҳасидаги янги тадбиркорлик ташаббусларига сабаб бўлди.
— Умумий қиймати 7,5 млрд. сўмни ташкил этадиган лойиҳа ишга тушгач, — дей­ди биз билан суҳбатда тадбиркор Искандар Ўрмонов, — «Қўтирбулоқ» ва «Чанги» ҳудудида жойлашган Глауконит тоғ конларидан қазиб олинган табиий минераллар 1,5 гектарлик майдонда янгидан барпо этилажак саноат корхонасида қайта ишланади. Қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахта етиштиришда қўлланиладиган глауконит қумтоши ўта саноатбоп ҳисобланади. Фойдали минералларга тўйинтирилган агроўғитдан қиш­лоқ хўжалиги экинлари, мева ва сабзавот етиштиришда самарали фойдаланиш мумкин. Мазкур қўшимча озуқа ноқулай иқлим шароити инжиқликларига қарамай ҳосилдорликни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Яна бир жиҳат, янги кон хом­ашёси қайта ишланганда чорвачилик, энергетика, нефт ва кимё саноати, шунингдек, тиббиёт ва косметологияда ҳам ижобий самара беради. Муҳими, бу завод ишга тушгач, қишлоқдаги саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бир қанчаси иш билан таъминланади.
Маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг юртимиз табиати ва маданиятига бўлган қизиқишини инобатга олган тадбиркор ушбу ҳудудда сайёҳлик соҳасини ҳали тажрибада қўлланилмаган янгиликлар билан бойитиш ниятида.
Тошкент вилояти туризмни ривожлантириш департаментининг Паркент туман ҳудудий бўлими бошлиғи Зиёдбек Йўлдошевнинг таъкидлашича, яқин йиллар ичида Искандар Ўрмонов сингари тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан 10 та санаторий ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Заркентлик ишбилармоннинг ўзи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, қолаверса, далада дам олувчиларга меҳмонхона хизмати кўрсатиш мақсадида тоғ тепасида 80 ўринли меҳмонхона қуришга киришди. Мазкур лойиҳага 2,5 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, тадбиркорнинг Заркент тоғ ён-бағрида чанғи учиш хизматини йўлга қўйиш борасидаги таклифлари маҳаллий инвесторлар томонидан қўллаб-қувватланиб, айни кунда ушбу лойиҳа юзасидан ишлар бошлаб юборилди.
Экотуризмни ривожлантириш учун жуда қулай бўлган Паркент ҳудудида сайёҳларнинг табиатимиз билан уйғун ҳолда мароқли дам олишини таъминлаш борасида янги, инновацион ғоялар амалиётга татбиқ этилмоқда. Шулардан бири — Паркент тепалик­лари бўйлаб ястаниб ётган узумзорлар ўртасида кичик дам олиш манзилларини ташкил этиш. Бу янги сайёҳлик усули чет эллик меҳмонларга юртимизнинг бетакрор табиатидан баҳраманд бўлиш ва Ўзбекис­тонда етиштирилаётган болдай ширин узумни ўз қўллари билан узиб олиб, тановул қилиш ҳамда маҳаллий шароитда тайёрланадиган сифатли узум шаробини шу ернинг ўзида дегустация қилиш имконини беради. Яна бир янгилик шуки, мазкур сўлим гўшада миллий анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб этувчи хонадон меҳмонхоналари фаолияти ҳам йўлга қўйилади.
Одамлар кайфиятидаги кўтаринкилик, ишбилармон, тадбирли инсонларнинг эртанги кунга нисбатан мустаҳкам ишончини паркентликлар қалбидаги янги орзу ва мақсадларда ҳам кўрдик. Президентимизнинг Тошкент вилоятига қилган ташрифларидан сўнг паркентликлар қалбида ҳар қачонгидан-да кўтаринки иштиёқ уйғонди. Улар пойтахтдан унча олис бўлмаса-да, узоқ йиллар давомида етарлича ривожланишдан орқада қолиб келаётган туманнинг порлоқ истиқболига катта ишонч ва умид билан қарай бош­ладилар. Янги, замонавий Швейцарияга қиёс этгулик Янги Паркентни энди шу қадрдон заминда яшаётган одамларнинг ўзлари бир ёқадан бош чиқариб, барпо этишга қарор қилдилар.
Эзгу мақсад сари етаклаётган тадбиркорлик ташаббуси янги ҳаёт, фаровон кунлар сари­қўйилаётган ана шундай хайрли қадамларда намоён бўлмоқда. Бу одимлар ёшу кексани бирдай бунёдкорлик ва яратувчанликка ундаётгани кишини қувонтиради.

Гулчеҳра МИРЗАЕВА,
журналист

Бошқа хабарлар