«Дунёларни тутсин ўзбек номимиз!»

43

Шундай лаҳзалар бўладики, ҳаяжону қувончдан ичингиз тўлиб-тошиб кетади. Кимларгадир «ёрилгингиз» келади. Овозингиз борича бақириб, атрофдагиларга шодлигингизни кўз-кўз қилиб, кўтаринки кайфият онларидан ҳузур қилиб қолишни истайсиз.

Бундай дамларнинг энг эсда қоладигани, шубҳасиз, эл-юртга дахлдор бўлган, халқни бирлаштириб, умумқувончга сабаб бўладиган ҳодисалардир. Бу каби умуммиллий кўтарилиш тўлқинлари барча соҳада у ёки бу кўринишда юз бериб туради. Бунда спорт, айниқса, футбол алоҳида аҳамият касб этади. футбол бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги осиё чемпионатида терма жамоамизнинг мутлоқ ғолиб бўлиши бизга ана шундай фарахбахш лаҳзаларни туҳфа этди.

Очиғи, сўнгги йилларда, жумладан, миллий терма жамоамизнинг жорий йил Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш босқичида муваффақиятсиз иштироки, клубларимизнинг нафақат ички чемпионатлардаги бир қадар нурсиз ва зерикали ўйинлари, балки клублар ўртасидаги Осиё чемпионатидаги муваффақиятсиз ўйинлари мухлислар кайфиятига салбий таъсир этгани бор гап. Аҳолининг ўзбек футболи салоҳиятига, келажагига катта шубҳа билан қарай бошлагани ҳам ҳақиқат. 4-5 йил аввал жамоаларимизнинг ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақалар (Осиё ва Жаҳон чемпионатлари)даги ғалабали одимлари бахш этган кўтаринкилик сўнгги пайт­ларда сўниб бораётгандек эди. Ахир ўша пайт­­да Осиё чемпиони бўлган, жаҳон чемпионатида кучли саккизликка кирган жамоаларимиз йигитларининг юлдузли даври тез барҳам топиши мухлисларни гангитиб қўяди-да.
Натижада, миллий футболимиз ичида ва атрофида турли гап-сўзлар кўпайди. Ўринли танқидлар «ёмғири» бориб-бориб «жалага» айлана бош­лади. Ўтган бир йилда юз бераётган барча соҳадаги шиддатли ислоҳотлар, жамоатчилик фикри, қолаверса, Ўзбекистон футбол федерациясидаги ташкилий ўзгаришлар замирида маълум силжиш­лар юз бераяпти: клублар ва ички чемпионатни кучайтириш, халқаро тажриба алмашинувларни кенгайтириш, ички тартиб-қои­дани мустаҳкамлаш, авж олган таниш-билишчилик ва коррупцияга қарши жиддий кураш ва шу каби бошқа жараёнлар футбол ихлосмандларини норозиликка тўлган ҳовурини бироз пасайтиришга замин яратмоқда. Яқингинада бўлиб ўтган ҳисобот конференциясида Ўзбекистон футбол федерацияси Ўзбекистон футбол ассоциациясига айлантирилиши ва футболни ривожлантириш борасидаги аниқ вазифаларнинг белгилаб олиниши ҳам футболсевар халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Бу жараённинг самараси эса стадионларда тўпни измига бўйсиндирувчи футболчиларимиз салоҳияти ва муваффақияти билан баҳоланади. Унгача ҳиссиётга берилмаганимиз маъқул. Негаки, ўтган чорак аср давомида футболимиздаги кўтарилишу шўнғишлар шундан далолат беради.
Аммо 27 январ куни, юқорида айтиб ўтганимиздек, хитойда бўлиб ўтган футбол бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида осиё чемпионати финали футболимиз ҳали уйғоқлигини, уйғоқ бўлганда ҳам шижоатга тўлиб бораётганини намоён этгандек бўлди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Вьетнам ёшлар терма жамоаси устидан 2:1 ҳисобидаги матонатли ғалабаси чемпионат бошидаги Қатар ёшлар терма жамоасига ютқизгани тасодиф эканини кўрсатди. Япония ва Жанубий Корея устидан йирик ҳисобда қозонилган ғалабалар ҳам буни исботлаган эди, аслида. Эътибор қилинг-а, футболчилари­миз гуруҳдан чиққач, плей-­оффдан бошлаб уч ўйинда 10 гол уришди. ушбу голлар стандарт вазиятлардан, тезкор қарши ҳужумлар ҳамда позицион ҳужумлардаги чиройли комбинациялар орқали киритилди. голларни урган футболчиларнинг кўплиги жамоа ўйинида ранг-баранглик ва ҳужумкорликни акс эттириб турибди.
Финал ўйини кўп жиҳатлари билан эсда қоладиган бўлди. Аввало, футболнинг деярли тўрт соатга чўзилгани ва шу муддат ичида мухлисларни ҳаяжон устида ушлаб турганини алоҳида айтиб ўтмоқчимиз. Яъни, 120 дақиқадан ташқари, яна деярли бир соатлик танаффусни ҳам барча ҳадигу ҳаяжонда ўтказди. Нега? Саволга жавобни тафсилотлари билан беришга ҳаракат қилсак. Ўйиннинг 8-дақиқасида ҳимоячи Рустамжон Ашурматов Достонбек Ҳамдамовнинг бурчакдан узатган тўпини боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Шунда ҳамма барабар «гооооол!!!» дея қалқди. Ўша кунги совуқ ҳаво бирданига илиб кетгандек бўлди. Ўйин­нинг 41-дақиқасида вьетнамлик Нгуен Куанг Хаи томонидан дарвозамиз томон қўйилган жарима тўпни муваффақиятли амалга оширгани эса 30 дақиқадан кўпроқ чўзилган ҳаяжонимизни ҳадикка маҳкум этди. Шу дақиқадан бошлаб, асосий вақт ўтиб, қўшимча таймларнинг сўнгига қадар барча экранга «ёпишиб» қолди: гоҳида рақиб томонидан ташкил этилган хавфли вазиятларнинг самарасиз якунида «ҳайрият-е» деб юборсак, терма жамоамиз томонидан уюштирилган қалтис ҳолатлардан сўнг эса «эҳ» дея афсусланган пайтларимиз анчагина бўлди. Футболнинг мағзи ҳам шунда: қувонч, ҳадик ва ҳаяжон уйғунлашади, ўйин сўнгига қадар барчанинг диққатини «ушлаб» туради. Қорли ва совуқ об-ҳавода, ноқулай шароитда бундай қизиқарли ўйин кўриш ҳам биз, мухлисларга насиб этган «анқонинг уруғи» бўлди.
Яна бир эсда қоларли ҳолат: аввалига оппоқ майдонда оқ либосда туп сурган футболчиларимиз деярли бир соатлик танаффусдан кейин тозаланган майдонда кўк либосда ўйинни давом эттиргани бўлди. Тинимсиз қор ёғиб турганига қарамай ҳушёрликни бир дақиқа бўлса-да унутмай, маҳорат билан ўйнашга ҳаракат қилишгани ҳам мухлисларимиз хотирасида муҳрланиши турган гап. Чунки, жаҳон футболи тарихида ҳам қорли стадионда, узоқ танаффус билан, устига-устак икки хил либосда ўйнаш ҳолатлари учрамаса керак. Шубҳа йўқки, финал ўйинидаги барча ҳолатларни футболчиларимиз қатори мухлисларимиз ҳам ич-ичидан туйишди. Энди шу совуқда 2 соатлик ўйин етмаганидек, футболнинг ўта хавотирли ва ҳаяжонли ҳолати бўлган пеналтилар сериясига барчамиз, гол уришга умидланиб турган бўлсакда, ишона бошлаган эдик. Вьетнамлик мухлисларни-ку қўятуринг, ҳатто футболчилар ҳам бунга ўзларини руҳан тайёрлашгандек эди. Бу уларнинг сўнгги дақиқалардаги ўйинидан сезилиб турди. Чунки бундан аввалги икки ўйинда пеналтилар сериясида ғолиб бўлгани сабабли бу сафар ҳам пеналтилар сериясига катта умид боғлаган бўлишса, ажаб эмас. Натижада ўйиннинг сўнгги дақиқаларида муқаррар жазоландилар. Рақиб футболчиларини ҳурмат қилган ҳолда айтиш мумкинки, бу ҳақиқий ўйин ва адолат тантанаси эди. Мухлислар учун борича ва борини бериб ўйнаган футболчиларимиз ниҳоят ўз мақсадига эришди. Қўшимча вақтнинг иккинчи бўлими якунланишига бир дақиқа қолганида бурчакдан оширилган тўпни Андрей Сидоров дарвоза томон оёғи билан йўллади ва терма жамоамиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Осиё чемпиони бўлди!
Ўйин бошланганидан то сўнгига қадар халқимиз футболчиларимиз билан бирга югурди, бирга совуққотди, бирга ҳаяжонланди, бирга Ватан шаънини улуғ тутди ва бирга ғалаба қилди! Бутун ўзбекистонликларнинг кўкси осмон бўлди. Президентимиз табригида келтирилганидек, «Cизлар қўлга киритган мислсиз бу ғалаба бутун халқимизга чексиз қувонч бағишлаб, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор кўрсатди. бу улкан зафар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларни мардлик ва матонат, ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшади».
Бундай ғалабани нишонламай, оламга жар солиб, овоза қилмай бўлaдими?! Мана, ижтимоий тармоқларда кўраяпмиз: Вьетнам халқи финал ўйинини стадионларда томоша қилишди. Ютқизганига қарамай, Вьетнам футбол тарихида шонли саҳифа очган футболчиларни миллат қаҳрамонларидек кутиб олишди. Қувонарлиси, биз ҳам қаҳрамонларимизни қаҳрамонлардек қаршиладик. Ярим тун бўлишига қарамай Ислом ­Каримов номидаги халқаро аэропортда футболчиларимиз Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош вазири ­А.Арипов, Тошкент шаҳар ҳокими ва бир қатор мутасаддилар, кенг жамоатчилик, мухлислар ва журналистлар қуршовида тантанали кутиб олинди. Ҳар бирига ўзимизнинг оппоқ «Малибу» русумли автомобиллар Президент совғаси сифатида туҳфа этилди. Ҳа, улар бундай шарафга, эътиборга лойиқ. Улар халқимизнинг нималарга қодирлигини дунёга намойиш этишди. Қишнинг совуқ кунларида қалбимизни ғурурга тўлдирди, кўтаринки кайфият улашди.

Мудом ғалабалар ёр бўлсин, элим,
Мудом хушвақт бўлсин тонгу шомимиз.
Бир нафас зикрдан тўхтамас дилим…
Дунёларни тутсин ЎЗБЕК номимиз!

Ғалабадан илҳомланиб ушбу сатрларни ёзган шоира Озода Бекмуродова ҳис қилган жўшқин туйғулар ҳар биримизнинг қалбимизда талотўп қилаётган бўлса, ажаб эмас. Ғалаба муборак!

Акмал ТОШЕВ,
«Ishonch» мухбири

 

 

Бошқа хабарлар