Кўза кундамас, кунида синади

339

Тошкент шаҳридаги «Қурилиш изоляция» УКда катта прораб бўлиб ишловчи Ш.Холов 2018 йилда пенсияга чиқиш, фарзанду набиралари даврасида умргузаронлик қилиш, гузарда тенгқурлари билан суҳбатлашиб, вақтини чоғ ўтказиш ниятида эди. Аммо…

2017 йил феврал ойи. Ш.Холов қурилиш давом этаётган ҳудудда ҳимоя бош ­кийими киймасдан вазифасига киришди. Бахтсизлик оёқ остида экан. Юқори қаватда ишлаётган ишчилардан бирининг қўлидан чиқиб кетган ғишт унинг бошига келиб тушди. Оқибати ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Бир оиланинг бошига оғир кулфат ёғилди. Қолаверса, бахтсиз ҳодиса раҳбариятнинг масала юзасидан керакли идораларга кўплаб тушунтиришлар беришга, айбдорларни топиш, жазолаш, марҳумнинг оиласига миллионлаб сўм компенсация пули тўлашга мажбур қилди. Ваҳоланки, меҳнат муҳофазаси қоидасига амал қилинганда, шунча бошоғриқ йўқ эди, энг муҳими, бир инсоннинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлмасди.
Бугун республикамизнинг барча ҳудудлари қатори пойтахтимизда ҳам кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарнинг барча туманларида замонавий кўпқаватли турар жой, инфратузилма объектлари бунёд этилаётир. Аммо ҳамон айрим корхона-ташкилотларда меҳнат муҳофазаси қоидаларига амал қилинмаётгани кишида ташвиш уйғотади. Мисол учун, Чилонзор туманининг Муқимий кўчаси бўйлаб қад ростлаган қурилиш объектларида ишчиларнинг меҳнат муҳофазаси қоидаларини қўпол равишда бузаётганига гувоҳ бўлдик. (Қурилиш «Голден хаус» корхонаси томонидан олиб борилмоқда). Биноларининг юқори қаватларида меҳнат қилаётган ходимларнинг на ҳимоя бош кийими, белбоғи бор, на махсус кийим-бош кийган. Устига-устак, ёш қурувчилар кўчадан ўтаётганларга шўхлик қилиб, турли қилиқлар ҳам кўрсатишмоқда. Ажабланарлиси, уларни бу ҳолатда объектга киритган, ишлашига рухсат берган корхона раҳбарияти, меҳнат муҳофазаси бўйича инспектор билан суҳбатлашмоқчи бўлганимизда қоровуллар раҳбарлардан ҳеч ким йўқ эканини айтишди. Меҳнат муҳофазаси бўйича инспектор ёки бошқа бирор масъул шахс бўлмаса, ходимлар бино тепасида нима қилишяпти. Уларнинг соғлиги, ҳаётига ким жавоб беради?
Яна бир ҳолат. Байрамлар арафасида кўчаларимизнинг ясатилиши одатий ҳол. Симёғочлар ранг-баранг байроқ ва чироқлар билан безатилади. Албатта, бу ишлар билан туман, шаҳарларнинг ободонлаштириш бошқармалари шуғулланади. Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош­қармаси ҳам кўчаларимиз таровати учун мас­ъул. Аммо айрим ҳолларда бошқарма ходимлари томонидан хавфсизлик қоидаларига панжа ортидан қаралаётгани кўнгилни хижил қилади. Биз кузатган ҳолатда байрам олдидан бошқарма ходими байроқларни автобус тепасига ҳеч бир ҳимоя воситасисиз чиқиб олиб симёғочга осиб келаётганди. Ишқилиб, мазкур ходим ўша куни уйига, фарзандлари олдига соғ-омон етиб борган бўлсин. Бироқ шундай пайтда бирор ҳалокат юз берса-чи?
Шу ўринда ўтган йили рўй берган яна бир ҳолат ёдга тушади. Тошкент шаҳрида жойлашган «Махсусюктранс» МЧЖда ҳайдовчи-экспедитор бўлиб ишловчи 1966 йилда туғилган Анвар Исмоилов ўзига бириктирилган автотранспорт воситаси кузови устига чиқиб, ортилган кўмирни тартибга келтириш чоғида кузов устидан йиқилиб тушди. Натижада, ходим оғир тан жароҳати олди. Маълум муддат касалхонада даволанишига тўғри келди. Корхона ҳам яхшигина моддий зиён кўрди.
Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, дунё бўйича ҳар йили икки миллиондан зиёд, ҳар куни эса 6 минг нафар инсоннинг ишлаб чиқаришда ҳалок бўлиши, 270 млн.дан ортиқ ишлаб чиқаришда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар дунё ялпи ички маҳсулотининг 4 фоизи йўқотилишига сабаб бўлмоқда. Демак, меҳнат муҳофазаси енгил қараладиган, эътиборсиз ташлаб қўйиладиган масала эмас экан.

Улуғбек ИБОДИНОВ,
«Ishonch» мухбири
Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА,
журналист

Бошқа хабарлар