Айбдор ким?

46

Ҳаётий ҳикоялар асосида тузилган қуйидаги битикларни қоғозга туширар эканман, воқеа қаҳрамонларининг исмлари ўрнида тўқима номлардан фойдаландим. Аён ҳақиқат шуки, ҳикоялар реал воқеа­лар асосида ёзилган. Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола…

Айбдор ким?

— Эшитдингизми, Нозвойгул опанинг қизи эри билан ажрашибди.
— Нега ажрашади? Гулдеккина, ақлли қиз эди-ку!
— Турмуш қуришганига бир йилдан сал ошган экан. Қайнонаси «Бола бўлмаяпти», деб яшагани қўймабди.
— Бола бўлмаса, дўхтирга кўринсин. Ҳозир тиббиёт яхши ривожланган. Ҳар дарднинг давоси бор.
— Шифокорга кўринишибди. Дўхтирлар «Бироз кутинглар. Келин бўлмишнинг организми она бўлишга тайёр эмас», дейишибди.
— Ундай экан, нега..
— Ким билади, «Одамнинг оласи ичида», ­дейишганидек, куёв томонни яхши ўрганмаган экан-да, Нозвойгул. Аммо-лекин қизи жуда оқила эди. Худо бахтини берсин…

Онамни яхши кўраман

— Ҳой, Норбозор, онангнинг мазаси йўқ, деб эшитдим. Яхшими?
— Ҳа, кексалик-да, бир қўрқитди. Ҳозир яхши. Нима бўлса ҳам онажоним бахтимизга яна ўн йиллар яшасин, деб Худодан сўраб ётибман.
— Кенжа фарзандсан, онангни жуда яхши кўрасан-да, Норбозор?
— Нимасини айтасиз! Қолаверса, рўзғоримизга онамнинг пенсияси ҳам яхшигина мадад бўлиб турибди ахир. Болаларимни уйли-жойли қилгунимча онажоним ўлмай турсин…

***

Дўлман онасига жуда ўрганиб қолганди. Ҳар куни ишдан келгач, овқатланиб бўлиб, онасини йўқлаб борар, мунис волидаси билан тўйиб-тўйиб суҳбатлашиб, кейин уйга қайтарди.
Агар бирор кун боролмай қолса, онаизор ҳам хавотир олар, «Нега Дўлман келмади, тинчмикан?», деб сўрайверарди.
Кунлар, ойлар, йиллар шу тариқа ўтаверди. Бу орада қарилик туфайли онаизорнинг қулоғи оғирлашди. Энди Дўлман бақириб-бақириб, баланд овозда гурунг берадиган бўлди.
Бора-бора она-боланинг баланд овозда суҳбатлашувига бошқалар ҳам кўникишди. Бироқ вақт ўтиб, қаттиқ овоздаги гурунг ҳам наф бермай қолди. Онанинг қулоғи янада оғирлашди. Дўлман унга вилоят марказидан «наушник» олиб келиб берди. Яна она-бола дилдан дардлашадиган бўлишди…
Аммо ҳаёт қонуни аччиқ ва шафқатсиз экан. Дўлманнинг онаси хасталанди ва бир ҳафта ўрнидан турмай, ёруғ дунё билан хайрлашди.
Дўлман аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкди. Лекин онаси бу фоний дунёни тарк этган бўлса-да, ҳар куни унинг уйи­­га бориб туришни, укалари, жигарлари ҳолидан хабар олиш одатини ҳамон ташлагани йўқ…

Турмуш ғурбатхонами?

Паригул гўзал эди. Шайдолар ҳам кўп эди. Бироқ ихтиёри ўзида эмасди. Уйининг остонасини текислаб ташлаган совчиларга чой ташийвериб, икки-уч йил ўтиб кетди. Сўраб келувчиларга отасининг беражак жавоби битта эди:
«Қизимни ҳали узатмайман». Отаси пулни, бойликни яхши кўрар, афтидан бойроқ куёвни кутаётганди. Ниҳоят, Паригулга ёр танланди.
Тўй бўлди, ошиқлари йиғлаб қолди. Аммо келин-куёв узоқ яшашмади. Феъл-атвори тўғри келмадими, ажрашиб кетишди.
Ҳозир Паригул бир ўғли билан яшаётир. Рост, турмуши бузилгандан кейин ҳам уни никоҳига олишни истовчилар кўп бўлди. Бироқ Паригул юрагини олдириб қўйган, яна бир бор ғурбатли хонадонга бека бўлиб қолишдан чўчийди…
***
Ёрбозор уч марта уйланди. Ўзининг айтишича, биринчи хотини «рўзғорим» демайдиган экан. Уйни тоза тутмас, эрининг топганига қаноат қилмас, нуқул «пул, топ, пул топ» деявериб чарчатибди.
Иккинчи турмушини ўзи каби «турмуши бузилган» аёл билан қурибди. Бу аёл нуқул биринчи эридан сўз очгани учун у билан ҳам узоқ яшолмабди.
Ҳозир учинчи турмушидан фарзандлари бор. Кўз тегмасин, рўзғорни йўлга тушириб олди. «Шу хотиним яхши, кўнглимга ўтиради. Яқинда ўғилларимга тўй қиламиз», дейди Ёрбозор.
Эркакка ҳам эр бўлиб яшаш осонмас-да…

Акмал АБДИЕВ

Бошқа хабарлар