Аҳвол ҳамон ёмон

206

Бир неча йил муқаддам Чироқчи туманининг Тарағай қишлоғида яшовчи бир неча жонкуяр инсоннинг саъй-ҳаракати билан ҳудуддаги эски мактаб биносида қишлоқ врачлик пункти очилганди. Аммо бу иншоотнинг таъмирталаблиги ва яхши шароитга эга эмаслиги аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Ҳокимият нега жим?

«Ishonch» газетасининг (2017 йил 1 август) 94-сонида чоп этилган «Ишлар қачон олдинга силжийди?» сарлавҳали мақолада Тарағай қиш­лоғида жойлашган авария ҳолатидаги қишлоқ врачлик пункти ва унинг аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси хусусида гап борган эди.
Мақолада қайд этилганидек, тиббий муассасанинг хароб аҳволда экани ва унда малакали тиббий хизмат учун зарур шароит йўқлиги боис, қишлоқ аҳолиси қарийб ўн йилдан буён замонавий шифо маскани қурилишида амалий ёрдам сўраб юқори ташкилотларга хат билан мурожаат қилиб келишади.
Чироқчи тумани ҳокими томонидан 2010 йил 19 августида Х-749/8-сонли қарор чиқарилиб, эски мактаб (57-умумтаълим мактаби) жойлашган ҳудуддан ер майдони ажратилади ва бино лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бироқ 2012 йилда мамлакатимизда дастур асосида ҚВПлар барпо этиш тўхтатилиб, Тарағайдаги қурилиш ҳам молиялаштирилмасдан қолди. Оқибатда, фуқаролар кимга мурожаат қилмасин, жавоб бир хил бўлаверди: дастур асосида ҚВПлар қурилиши тўхтади…
Бизга маълум бўлишича, тиббий шароитнинг йўқлиги боис сўнгги йилларда беморлар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар кўп учрамоқда. Жумладан, сўнгги икки йилда беш нафар фуқаро мавжуд ҚВПда шароит йўқлиги сабаб муолажасиз қолиб, оламдан ўтган.
Шулар асосида қишлоқ аҳолиси «Илтимоснома» ёзиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Саттор Раҳматовга мурожаат қилади. Депутат ҳолатни ўрганиб чиқиб, қиш­лоқда тиббиёт маскани қурилиши маҳаллий ҳокимият томонидан амалга оширилиши лозимлигини, Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса уни зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаб бериши мумкинлигини таъкидлайди. Демак, Чироқчи туман ҳокимлиги Тарағайда тиббиёт маскани қуриб берса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки маҳаллий бошқарма жиҳозлаш ва бошқа ташкилий ишларни зиммасига олса, муаммо ечим топиши мумкин.
Хуллас, юқоридаги муаммолар кўтарилган мақола чоп этилгач, ҳолатни ўрганиш ва унинг ечимини топиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлигига жўнатилган. Аммо орадан беш ойга яқин вақт ўтса-да, аҳвол «эски ҳаммом, эски тос»лигича турибди. Қишнинг изиллаган кунларида тўрт мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда тиббий ёрдамга эҳтиёж яна ҳам ошиши табиий. Бироқ ҳокимлик на муаммони бориб ўрганди, на таҳририятга жавоб йўллади. Нега ҳанузгача сукут сақлашаётгани эса бизга қоронғу…

Қишлоқда яшаш айбми?

Туман марказидан салкам олтмиш километр узоқликда, тоғлар бағрида жойлашган қишлоқнинг тиббиёт муассасаси ҳолати, суратда кўриб турганингиздек, кишини ваҳимага солади. Зилзилада ичкарида қолиш ёки қалин қор ёққан вақтларда бинога кириш анчайин хатарли.
— Очиғи, қишлоқда яшашнинг ўзига яраша гашти бор. Аммо бетоб бўлганингда шароит кишини анча қийнаб қўяди. Қишнинг қаҳратонида эса туман марказига бориб келиш анча машаққат. Автомобили бор кишига илтимос қилсангиз, йўлнинг лой ёки музлигини рўкач қилади. Ким ҳам ўзи ва уловини хатарга ­қўйи­ш­ни истайди, — дейди шу ерлик фуқаро Абдузоҳир Муртазоев. — Президентимиз Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда: «Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш — барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир», деган эди. Шунинг­дек, 793 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиб, уларда тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳамда кундузги стационарлар очилганлигини таъкидлади. Соҳанинг ривожланишини Президентимиз қўллаб турган, етарлича маблағ ҳам ажратилаётган бўлса, наҳот бу ўзгаришлар бизнинг қишлоққача етиб келмаса?
— Қишлоғимизда қиш ойлари мунтазам қор ёғиб туриши натижасида техника ҳаракатланиши қийинлашади, — дейди ҳамшира Зарифа Қувватова. — Бу пайтда, айниқса, ҳомиладор аёлларга қийин. Баъзилари уйида туғруқ ҳолатини бошидан кечиришади. Тиббий кўриклар кам бўлгани учун баъзан боланинг тушиб қолиш ҳолатлари ҳам учраяпти…
4000 дан зиёд аҳоли деганда, қариялар, ҳомиладор аёллар, ёш болалар, ногиронлар, эҳтиёжманд оилалар, сурункали беморлар ҳам тушунилади. Зеро, инсон қай ҳолатда ва қаерда яшамасин, аввало, унинг қадр-қиммати улуғ. Шундай экан, марказдан олисда яшаш ҳаёт хавфсизлигини таъминлашда тўсиқ бўлиб қолмаслиги лозим.

Сулаймон ҲАЙДАРОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар