Бўш бутилкалар кераксиз ашё…ми?

321

Тўй-у байрамлар, қолаверса, яқинлар билан баҳам кўрадиган қувончли кунларимизнинг ҳеч бири тўкин дастурхонсиз ўтмайди. Ўртага қўйилган ноз-неъматлар ичида, табиийки, ранг-баранг шиша идишларда қадоқланган сув, шарбат ва ичимликлар ҳам ўз ўрнини топади.

Гапнинг ўзани қаёққа кетаётганини пайқагандирсиз. Тантана ва тадбирлардан сўнг қанчадан-қанча шиша бутилкалар бўшаб қолади. Кейин улар нима қилинади? Кимга керак бўлади? Тўғри, муддатини ўтаб, яроқсиз ҳолга келиб қолган темир-терсак, қоғоз-картон, целлофан, елим идиш­ларни қабул қилиш учун турғун пунктлар, шохобчалар топилади. Аммо бир марта фойдаланилган ранг-баранг, турли ҳажмдаги бутилкаларга харидор йўқ ҳисоби. Шу боис аксарият ҳолларда бундай идишлар чиқиндихоналарга бориб тушади ёки кўздан нари жойларга ташланади. Айрим ҳолларда бебош болаларнинг бўш бутилкаларни синдириб йўлакларга, автомобил йўлларига ташлаганлигининг ҳам гувоҳи бўламиз. Бунинг оқибати нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Бир пайтлар шаҳар, туманларда фойдаланилган шиша идишларни қабул қилиш пунктлари фаолият кўрсатган. Ҳатто, аҳоли хонадонларига келиб сотиб олинган ва савдо дўконларида қабул қилинган. Эҳтимол, у вақтлар бу маҳсулотлар танқис, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қуввати паст бўлгандир. Турининг камлиги эса бор гап эди.
Хўш, бугун-чи? Сир эмаски, мамлакатимизда шиша идишлар, жумладан, бутилкалар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони бир мунча кўпайган. Маҳсулот тури, дизайни ва сифати ошган. Савдо дўконларига, кафе ва ресторанларга кирсангиз, фикримиз исботини кўрасиз.
Масалани имкон қадар ўрганиш жараёнида айрим корхона, муассаса ва мутахассисларга мурожаат қилдик. Жумладан, Бухорода ягона ҳисобланган «Шоҳруд» акциядорлик жамиятига қарашли алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси мутасаддиларининг гапига қараганда, бу ерда бир йилда 11-12 млн. дона турли ҳажмдаги бутилкаларда маҳсулот қадоқланиб савдога чиқарилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қарийб 90 фоизи Фарғонадаги «Кварц» ва Тошкентдаги «Асл ойна» акциядорлик жамиятларида тайёрланган янги бутилкаларга қуйилади. Корхона учун харид қилинаётган турли ҳажм ва шаклдаги шиша идишларнинг нархи эса 850 сўмдан 3 минг сўмгача, ҳатто ундан ҳам ортиққа тўғри келади.
Хориж давлатларидан ҳам миллионлаб бутилкаларда маҳсулотлар кириб келади, сотилади. Афсуски, бўшаган шиша идишлар бугун ҳеч кимга керак бўлмай қоляпти. Биз юқорида бўшаган бутилкаларнинг нархи 3 минг сўм ва ундан ортиқлигини айтиб ўтдик. Нарх ишлаб чиқариш харажатларидан келиб чиқиб белгиланади. Демак, ушбу ашё текин ҳам, жуда арзон ҳам эмас. Шундай экан,  аҳолидан бўш бутилкаларни сотиб оладиган пунктларни жойларда ташкил этиш, санитария-гигиена  талабларига мос ювиб қайта-қайта  ишлатиш ёки уни қайта ишлаб шу турдаги бошқа зарур буюмлар тайёрлашнинг иложи йўқми?
— Шишадан тайёрланган идишлар кўп марта ишлатиш учун мўлжалланган бўлиб, улардан биринчи марта фойдалангандан кейин тозалаб ювиб, зарарсизлантириб, белгиланган мақсадларда такроран ишлатиш мумкин, — дейди Бухоро вилояти ДСЭНМ бўлим бошлиғи Л.Қуллиева.
Масалани ўрганиш жараёнида бир янгиликдан хабардор бўлдик. Биз юқорида тилга олган «Шоҳруд» АЖга ўтган йили Хитойда ишлаб чиқарилган соатига 6000 дона бутилкани ювадиган 1 та, соатига 3000 ва 5000 дона бутилкани чаядиган 2 та машина харид қилиб ўрнатилган экан. Айтишларича, ҳозирги кунларда ушбу машиналарда шиша идишлар ишлаб чиқарувчи корхоналардан харид қилинган янги бутилкалар ювилиб, чайилаётган экан. Балки аҳолидан бутилкалар харид қилиниб, шу машиналарда талаб даражасига келтирилса ва ундан ишлаб чиқаришда фойдаланилса, корхона иқтисодиётига муайян наф келтирар, қўшимча ишчи ўрни яратишга имкон берар…
Масаланинг иқтисодий, экологик ва бошқа жиҳатлари ҳам бор. Агар ишлатилган шиша идишларини қабул қилиш ва улардан бир неча марта фойдаланиш йўлга қўйилса, маълум даражада ашё тежалади, таннарх арзонлашади, шунинг баробарида, атроф-муҳит тозалиги яхшиланади. Энг муҳими, халқимизнинг миллионлаб, балки миллиардлаб маб­лағи чиқиндихоналарга эмас, аҳоли даромадининг ошишига хизмат қилади. Бунга тегишли идоралар, мутахассислар қандай қараркин?
 Иззатулла ҲОЖИЕВ, 
«Ishonch» мухбири
Бошқа хабарлар