Ислоҳотлар истиқболи

195

«Highway Logistics Center» масъулияти чекланган жамияти замонавий транспорт логистика марказининг божхона терминалида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Президентимиз Тошкент вилоятига сафари чоғида «Highway Logistics Center» транспорт логистика марказида бўлиб, божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилган ва инновацион технологиялар қўлланган ҳолда амалга оширилиши ҳамда хавф-хатардан огоҳ этиш тизими жорий қилиниши борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишган эди. Шунингдек, шу комплекс мисолида мазкур тажрибани респуб­ликамизнинг барча ҳудудларида тат­биқ қилиш ва намуна сифатида кўрсатиш лозимлиги қайд этилганди.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси, «Highway Logistics Center» транспорт логистика маркази ҳамкорлигида кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, шу асосда божхона расмийлаштируви вақтини кескин камайтиришга қаратилган тартиб-таомиллар режали ва босқичма-босқич амалга оширилаётир.
Тадбирда қатнашчиларга жаҳон андозаларига жавоб берадиган, замонавий инновацион технологиялар асосида соддалаштирилган, кам вақт ва маблағ сарфланадиган божхона расмийлаштируви, товарлар экспертизаси ва тегишли рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштирув жараёнлари хақида батафсил маълумот берилди. Ягона экспресс-лаборатория фаолияти намойиш этилди.
Божхона терминалида божхона расмийлаштируви ва рухсатнома ҳужжатларини олиш билан боғлиқ тартиботларни «ягона дарча» тамойили асосида амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар, келгусида қисқа муддатларда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Экспорт-импорт қилинаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида «хавфни бошқариш» тизимини қўллаш асосида танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда божхона кўриги ўтказиш лойиҳалари таништириб ўтилди. Янги «хавфни бошқариш» тизими ҳалол тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан ўтказиш, аксинча, белгиланган қоидаларни бузганларни эса тўғри йўлга бош­лаш мақсадида яратилаётган тизимдир.
Семинарда тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик­лар яратиш ва ортиқча расмиятчиликларни қисқартириш мақсадида мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш, хусусан, божхона органлари фаолиятига доир жорий қилинган 20 дан ортиқ интерактив давлат хизматларини янада фаоллаштириш, янги электрон хизматларни жорий этиш назарда тутилганлиги таъкидлаб ўтилди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар, чора-тадбирлар, аввало, ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривож­лантириш, тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш омилларига қаратилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда янги ислоҳотлар, лойиҳалар ва яратилаётган қулайликлар ҳақидаги маълумотлар барчада кенг тасаввур уйғотди.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар