Кўнгиллар шод, хонадонлар обод

169

Бухоро туманида истиқомат қилувчи Раззоқовлар оиласи муаммолар гирдобида қолиб, янги уй қуриш тугул, харобага айланиб бораётган хонадонни таъмирлашга ҳам қурби етмай турганди.

Хонадон соҳиби Анвар Раззоқов 1-гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи ҳам ишга лаёқатсизлиги туфайли уйда ўтириб қолган. Оилада икки фарзанд мактаб­­га қатнайди…
Яна бир мисол. Мазкур тумандаги «Шергирон» маҳалла фуқаролар йиғинида 1-гуруҳ ногирони Султон Қодиров коллежда таҳсил олаётган ўғли билан яшайди. Уларнинг хонадони ҳам хароба ҳолга келиб қолганди…
Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тузилган Ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан Бухоро вилоятидаги ижтимоий ночор оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.
Жумладан, биз юқорида тилга олганимиз Раззоқовлар хонадонининг том қисми янгидан шифер билан ёпилди. Деворлари таъмирланди. Қодировлар хонадонида эса пол, эшик, дераза, шифт ва электр кабеллари янгиланди. Шу тариқа Бухоро туманида эҳтиёж­манд оилалардан 10 таси, вилоятда эса 130 тасининг уй-жойлари таъмирланиб, уларнинг ҳар бири учун ўртача 10 млн. сўмдан маблағ сарфланди. Беғараз ёрдамдан кўнгиллар шод, хонадонлар обод бўлди.
Шунингдек, қарор ижроси доирасида эҳтиёжманд, ижтимоий ночор оилалардан 26 таси уй-жой, 1443 нафари маиший техника билан таъминланди. 78 нафарига бепул тиббий хизмат кўрсатилди ва дори-дармон олиб берилди.
Шу ўринда эзгулик, одамийлик, меҳр-оқибат каби олижаноб фазилатларга йўғрилган тадбирларни ташкил этишда прокуратура ва ички ишлар идоралари ходимлари, «Маҳалла» жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари вакиллари билан бирга жойлардаги касаба уюшмалари ташкилотлари етакчиларининг ўзаро ҳамжиҳатликдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўз мухбиримиз

 

Бошқа хабарлар