Танловда фаол иштирок этайлик

744

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар қолаверса, амалда қўлланаётган турли имтиёзлар, меҳнат аҳлига моддий ва маънавий кўмак бериш, улар саломатлиги ва дам олиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, меҳнатга оид қонунлар ва жамоа шартномаларининг ижросини мунтазам назорат қилиш, негизида жамоатчилик онгида ўзини ўзи бошқариш кўникмалари шаклланиб бормоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2017 йил 20 ноябрдаги «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан респуб­лика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида»ги қарори, унга асосан Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг 2017 йил 6 декабрдаги раёсат қарори қабул қилинди. 12 нафардан иборат комиссия аъзолари томонидан ҳозирда ҳар бир тармоқдан 10 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилмоқда. Ушбу жараён жорий йил 1 февралга қадар давом этади. Комиссия кенг жамоатчиликка, иш берувчи ва касаба уюшма ташкилотлари раисларига ўтказилаётган кўрик-танлов ва унга оид шартларни маълум қилиш, танловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир ишларни мувофиқлаштириш, иштирокчиларга маслаҳат ҳамда услубий ёрдам бериш каби масалаларни ўз зиммасига олган.
Ҳар йили ўтказилиб келаётган ушбу танловда илк бор «Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис» номинацияси жорий этилганлиги ёш мутахассислар учун кенг имконият эшигини очиб бераяпти.
Меҳнатни муҳофаза қилишда энг яхши натижаларга эришган корхоналар, ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароити яратиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазасига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш, соҳага оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этган ёш мутахассисларни аниқлашда 4 та номинация бўйича танлов ўтказилиши белгилаб олинди. Унда тармоқ бўйича энг яхши деб топилган корхона, ташкилот ва муассаса, бошланғич касаба уюшма ташкилоти, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассислар қатнашади.
Унда асосий эътибор қуйидагиларга қаратилган: — ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш ишлари тизимли равишда амалга оширилаётгани, қонун ҳужжатларига мувофиқлиги;
— ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир меъёрий ҳужжатлар талаблари бўйича йўл-йўриқлар берилгани, ходимларнинг ўқитилганлиги ва билими синалганлиги;
— хавфли ва зарарли меҳнат шароитида ишлаётган ходимларнинг белгиланган нормалар бўйича сут ва унга тенглаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус ­кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши, шунингдек, ходимларнинг айрим тоифалари (аёллар, ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахслар, меҳнат қобилияти чекланган шахслар) учун меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши;
— иш ўринларининг меҳнат шароити бўйича шаҳодатдан ўтказилиши;
— ходимларнинг дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) тиббий кўриклардан ўтказилиши;
— ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар амалга оширилиши, ходимларга етказилган зарарнинг иш берувчи ёки суғурта компаниялари томонидан вақтида ва тўлиқ тўланиши;
— меҳнат муҳофазаси бўйича сайланган вакиллар, комиссиялар фаолияти.
Кўрик-танловнинг биринчи босқичи — пойтахтда фаолият кўрсатаётган корхона, ташкилот ва муассасалар, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича 35 ёшдан ошмаган ёш мутахассислар ўртасида ўтказилади.
Иккинчи босқичга тармоқ касаба уюшмалари ­Республика кенгаши, учинчи босқичга эса Федерациянинг кўрик-танлов якунларини умумлаштириш комиссияси якун ясайди. Танловда қатнашиш тўғрисида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг қўшма қарори қабул қилинади.
Кўрик-танловда қатнашиш учун ташкилотлар томонидан Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши комиссиясига 1 февралга қадар сўралган ҳужжатлар тақдим этилади:
Қатнашчилар тақдим этган ҳужжатларнинг тўлиқ ва тўғрилиги учун масъулдир. Тақдим этилган ҳужжатларга ҳаққоний баҳо бериш мақсадида комиссия аъзолари корхоналарга чиқиш ва бошқа тегишли ташкилотлардан қўшимча маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқига эгадир.
Кўрик-танловнинг 1-босқичида шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши комиссияси томонидан ҳудуд бўйича олинган энг яхши ташкилот, касаба уюшма қўмитаси, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ва меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассиснинг ҳужжатлари 25 февралга қадар баҳолаш мезонларига асосан кўриб чиқиб, ҳар бир номинацияда 1-, 2- ва 3-ўринларга номзодлар аниқланади. Баҳолашда 2017 йил якуни бўйи­­ча маълумотлар таҳлили олинади.
Фаолият баҳоланаётган йил давомида ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берган бўлса:
— кўрик-танлов қатнашчиси энг яхши ташкилот номинацияси бўйича кўрик-танловга қўйилмайди;
— энг яхши касаба уюшма қўмитаси, энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ва меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис номинациялари бўйича кўрик-танлов қатнашчиси кўрсаткичларини баҳолашда олган баллари гуруҳий ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса учун 50 фоизга, оқибати оғир бахтсиз ҳодиса юз бергани учун 30 фоизга камайтирилади.
Йўналишлар бўйича 1-, 2- ва 3- ўринни эгаллаганлар шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг қимматбаҳо совғаси билан тақдирланади.
Кўрик-танловнинг 2-босқичи ғолибларини тақдирлаш тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгаши томонидан амалга оширилсға, 3-босқичда Федерация комиссияси 1 июнга қадар тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари томонидан тизим ташкилотларида амалга оширган ижобий кўрсаткичлар баҳолаш мезонларига асосан кўриб чиқиб, биттадан ғолибларни аниқлайди.
Яна бир янгилик шундан иборатки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг қарорига асосан меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ишларни энг яхши ташкил этган тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгаши ҳамда ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади. Бу эса соҳа эгаларини янада ҳушёрлик, огоҳлик билан меҳнат қилишга, бахтсиз ҳодисалар олдини олишга, профилактика ишларини амалга оширишга, жамоатчилик назоратини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Ушбу кўрик-танловда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларнинг фаол иштирок этишини сўраб қоламиз.

Равшан МАҲАМАДАЛИЕВ,
Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш
бўлими мудири

Бошқа хабарлар