Эҳ, бу навбатлар…

385

Кундалик ҳаётимизда навбат кутишларга кўп маротаба дуч келамиз. Масалан, уй тўловлари учун касса, шифокорлар, ташкилот ёки муассаса раҳбарларининг қабули, дўконлардаги тўлов кассалари, бозорлар, бензин ёки газ қуйиш шохобчалари, ҳатто жамоат транспорти эшикларида ҳам навбатимиз келишини кутамиз.

Дарҳақиқат, навбат олиш ёки навбатга туриш каби ҳолатлар инсон ҳаётининг ажралмас бир қисмига айланган, десак муболаға бўлмайди. Баъзи бир идораларда эса бу жараён тартибли бўлиб, навбат олиб кутишингизга арзийди. Навбат тартибли жойларда муаммонгиз ҳам ўз ечимини топишига кўзингиз етади. Аксинча, навбат тартибсиз бўлган жойларда эса асаб бузилиб, иш ҳал бўлмай сарсон бўлганингиз қолади, холос.
Яқинда Республика эндокринология марказига умумий текширув учун боргандим. Маслаҳат поликлиникасига кириш учун эрталаб соат 8:00 да темир аппаратдан чиқариб берилган навбат учун 97-бўлиб навбатда турдим. Шифокор кўригидан сўнг «УТТ» аппаратига тушиб келишимни айтди. Иккинчи қаватга кўтарилдим. «УТТ»дан ўтиш учун 6-хонага навбат олдим. Аммо беморларнинг тартибсиз навбатларидан «боши ҳам, охири ҳам» кўринмай қолди. Бирининг кетидан иккинчиси келиб, ундан олдин турганлар эса бошқа жойларга кетиб қолган ҳолатига дуч келдим. «Ким охири?» деган саволга ҳеч ким дадил оҳангда «мен» деб жавоб бера олмасди. «УТТ» хонасига эса навбатда турганлардан ташқари ора-чорада шифокорлар ўз танишларини ҳам киритиб чиқишар экан. Хуллас, ўша куни соат 15:00 гача «УТТ» хонасига чалкашиб кетган навбатда туриб, киролмай қолиб кетдим. Эртаси куни соат тахминан эрталабки 7:00 ларда иккинчи қаватга кўтарилиб, кечаги 6-хонага, 37-чи бўлиб нав­батга турдим. Тушликка яқин ўша чалкаш нав­батда «УТТ» хонасига киришга эришдим.
Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қил, деган гап бор халқимизда. Рости, шукр қилувчи ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган Республика кўз микрохирургияси марказидаги шарт-шароитларга қойил қолмай илож йўқ. У ерга келган беморлар учун тартибли рақамлар асосида навбат берилишига ҳавас қилади, киши. Ҳеч бир бемор норози бўлиб қайтганини кўрмайсиз. Бу мақтовлар билан кўз клиникасини реклама қилмоқчи эмасмиз. Аксинча, бу билан икки тиббиёт муассасасидаги ҳолатни кўрсатиб бераяпмиз, холос. Наҳотки, бунисида бор шароитни унисида яратиб бўлмаса?!..

Гули ҲОЖИБОЕВА

Бошқа хабарлар