Ўзбекистон қачон етакчи бўлади? ёхуд коррупция илдизига болта уриш пайти келди

70

Мазкур халқаро жамоат ташкилоти 2016 йил ­бўйича эълон қилган ҳисоботида биз жондан ортиқ севганимиз, ҳар қандай соҳада етакчилар сафида кўришга ошиққанимиз — она Ўзбекистон 19 балл билан 158-ўринда қайд этилди.

2017 йилда эса 21 балл билан Камбожа, Конго Демократик Республикаси билан биргаликда 156-ўринни банд этди. Ёқимсиз ҳолат. Жамоат ташкилоти бу натижани узоқ ўрганиш, таҳлил ва кузатувдан сўнг далилларга таянган ҳолда эълон қилганини инобатга олсак, бу оғриқли жараёнда ҳар биримизнинг ҳиссамиз борлигини бўйнимизга олмай иложимиз йўқ. Ким «Мен доимо пулсиз иш битираман», дея дадил эътироф эта олади. Чунки атрофимизда коррупциянинг катта-кичик кўринишлари тўлиб ётганини билиб ҳам индамай юраверамиз. Гўёки, ҳар бир жиноят, аввало, майда ишлардан бошланишини билмайдигандек. Бу бепарволик билан кўзлаган манзилимизга тезда етиш иложсиз. Арасту орзу этганидек: «Ҳар қандай давлат тизимида қонунлар ва бошқа фармойишлар орқали ишни шундай ташкил қилиш керакки, унда мансабдор шахсларнинг ноқонуний йўл билан бойишига йўл қўймаслик лозим».

Суянган «тоғ»им ўзингиз!

Тонг саҳарда телефоним жиринглади. Кўтардим. Қадрдонларимиздан бири: «Вилоят марказидаги шифохонага бориб даволанмоқчи эдим, мабодо танишингиз йўқми, деган илтимос билан сим қоқяпман», дейди. «Шундай бораверинг-да! Шифокор касалингизни танишга қараб даволамайди-ку!» дедим. «Қайси замонда яшаяпсиз? Ҳозир ариқдаги сув ҳам таниш-билишингизнинг кучига қараб оқади-ку!» дейди кулиб.
Минг афсуски, унинг гапи ростлигини ­кейинги кунларда ўзим иштирокчиси бўлган бир неча ­воқ­еалар, ОАВ орқали танишиб бораётган тафсилотларимиз тасдиқламоқда.
Бир-икки ҳафта олдин ёшгина болани деворга ирғитиб юбориб жароҳатлаган боғча тарбиячисининг видео­­си интернет оламини «портлатди». Муҳокамаларда, табиийки, уни ҳамма қоралади. Бу ҳақдаги расмий изоҳга эътибор беринг. Назардан қочирмангки, ушбу маълумотни мактабгача таълим муассасалари Тошкент шаҳар бош бошқармаси бераётир:
«Н.Исаева 2016 йилнинг май ойида ушбу боғчага мудиралик лавозимига тайинланган. Қисқа муддат бўлишига қарамасдан боғчадаги шарт-шароитлар яхшиланишида бош-қош бўлган. Мазкур нохуш ҳолатнинг олдини олиш мақсадида, мудира Н.Исаева бир неча бор тарбиячи С.Раҳматуллаевани огоҳлантирган ва ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ёзишни талаб қилган. Аммо тарбиячининг «юқори» органларда фаолият кўрсатаётган қариндошлари мудира Н.Исаевага босим ўтказишган. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ўз хулосаларини беради деган умиддамиз».
Ҳаётимизга таниш-билишчилик қанчалар сингиб кетганлигини шу хабарнинг ўзиёқ тасдиқлаб турибди. Биринчидан, боғча тарбиячисини ҳимоя қилишга шай «юқори»даги «тоғ»лар нимага аралашаётганини наҳот фаҳмлашмаган бўлса?! Ўша жабрдийда ота-оналарнинг ўрнида ўзлари бўлишганида қандай йўл тутган бўлишарди? Болани бундай бераҳмларча калтаклашидан, қолаверса, ҳолат муҳокамаси ҳақидаги хабардан англашилмоқдаки, тарбиячи бу ишга қўл урганига анча бўлган. Суянч «тоғ» шарофати билан у бемалол болаларга жисмоний куч ишлатишда давом эта олган. «Бегонанинг боласи-ку! Менга нима?» деган тушунча токи айби фош бўлгунга қадар унинг онгига ҳукмронлик қилган. Бу орада қанча гўдак «тасодифан» йиқилиб, мувозанатини сақлай олмай девор (стол, каравот, шкаф)га урилиб кетди экан? Ишидан ажралиб қолишидан чўчийдиган одам бу қилғилиққа қўл урмаслиги аниқ, аммо ортидаги «суянч»ларга қаттиқ ишонишнинг оқибати нималарга олиб келишини барчамиз кўрдик. Ваҳоланки, унинг ўрнида касбига садоқатли, болаларни чин дилдан севувчи бошқа ходим ҳам ишлаши мумкин эди. Аммо ишга жойлашишда малака ва билимнинг ўзи етарли эмасга ўхшайди.
Ҳолатнинг иккинчи тарафи билан ҳам ҳисоблашиб кўрайлик: хўш, «юқори»нинг талабини бажармаслик оқибатидан қачонгача хавотирда яшаймиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари бу борада, албатта, суриштирув ишлари олиб боришини инобатга олиб, сувни бошидан лойқалатган «юқори»чиларни топиш ва уларга кўрилган чорани жамоатчиликка маълум қилиш зарур деб ҳисоблаймиз, шунда кўплаб майда коррупциялар илдизига болта урилган бўлади, деган умиддамиз.

«Жазоси ҳамиша пулми?!»

Хабарингиз бор, жорий йил учун Давлат дастури тасдиқланди. Доимги догмалардан фарқли равишда амалга оширилажак ҳар бир тадбирнинг натижадорлиги кўзда тутилган ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган комплекс чораларни ишлаб чиқишга ҳам алоҳида урғу берилган. Жумладан, «Transparency International» (коррупция индекси) мезонида кўрсаткичларни яхшилаш юзасидан ­масъул идораларга мажбурият юклатилди. Аммо бу бир неча ташкилотларнинг эмас, бутун миллатнинг зиммасидаги бурчдир. Оғриқли бўлса-да тан олиш керак, деярли ҳар қадамимизда коррупцияга дуч келамиз, баъзан иштирокчига ҳам айланамиз. «Одамнинг юзи иссиқ» деймиз, «таниш-билишчилик» деймиз, «одамгарчилик» деймиз, хуллас, турли номларда коррупцияга йўл очиб бераверамиз. Коррупция қучоғидаги иқтисод, маданият, таълим, тиббиёт каби соҳалар қуриб бораётганлигини эса энди ҳис қилаётирмиз.
Эътибор қилсангиз-қилмасангиз-да кўзингиз тушган: қоидабузар ҳайдовчиларнинг кўпчилиги уни тўхтатган ЙҲХ ходимига ҳужжатини беришдан олдин: «Телефонга «ҳа» деб юборинг!» усулини қўллашади. Ўн-ўн беш сониялик суҳбатдан сўнг ходим ҳам, ҳайдовчи ҳам ҳеч нарса бўлмагандек хайрлашишади. Агар телефон «услуб»и иш бермаса, кўп ҳолларда «чўнтак» эффекти натижа кўрсатиши табиий. Ҳар куним йўлда ўтади ва бу ҳолатларга тез-тез дуч келаман.
Кўпчилик ҳайдовчиларнинг «Жазоси пул-да!» деган ишончи сабаб қанчалаб ЙТҲ содир бўлаётир, пиёдалар жабр чекаётир, энг ачинарлиси, бир умрга ногирон бўлиб қолаётганлари ҳам оз эмас. Агарки, ҳайдовчи ҳар қандай ҳолатда ҳам жазо муқаррарлигига ишончи комил бўлса, ҳеч қачон йўл қоидасини бузишга ўзида «жасорат» топмайди. Биргина мисол: серқатнов кўчаларимизга камералар жойлаштирилиши билан кўпчилик «учар»лар светофорда учта ранг борлигига аҳамият қиладиган бўлишди ёхуд пиёдалар йўлаги, тўхташ чизиғи каби белгилар амалий кучга эга эканлигини тушунишмоқда. Аввал-чи?! Кимнингдир чўнтагига кирувчи уч-тўрт сўм пул «кечирим» вазифасини ўтар, бунда ҳайдовчининг хулоса қилишига олиб келувчи ҳеч қандай тизим йўқ эди. 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда таъкидланганидек, жавобгарликнинг муқаррарлиги жараёнда асосий принципларимиздан бирига айланмас экан, коррупция қон-қонимизга сингиб кетган иллатлигича қолаверади.

* * *

«Transparency International» ҳақида яна тўхталсак: мазкур халқаро жамоат ташкилоти 2016 йил бўйича эълон қилган ҳисоботида биз жондан ортиқ севганимиз, ҳар қандай соҳада етакчилар сафида кўришга ошиққанимиз — она Ўзбекистон 19 балл билан 158-ўринда қайд этилди. 2017 йилда эса 21 балл билан Камбожа, Конго Демократик Республикаси билан биргаликда 156-ўринни банд этди. Нақадар ёқимсиз ҳолат. Жамоат ташкилоти бу натижани узоқ ўрганиш, таҳлил ва кузатувдан сўнг далилларга таянган ҳолда эълон қилганини инобатга олсак, бу оғриқли жараёнда ҳар биримизнинг ҳиссамиз борлигини бўйнимизга олмай иложимиз йўқ. Ким «Мен доимо пулсиз иш битираман», дея дадил эътироф эта олади. Атрофимизда коррупциянинг катта-кичик кўринишлари тўлиб ётганини билиб ҳам индамай юраверамиз. Гўёки, ҳар бир жиноят, аввало, майда ишлардан бошланишини билмайдигандек. Бу бепарволик билан кўзлаган манзилимизга тезда етиш иложсиз. Арасту орзу этганидек: «Ҳар қандай давлат тизимида қонунлар ва бошқа фармойишлар орқали ишни шундай ташкил қилиш керакки, унда мансабдор шахсларнинг ноқонуний йўл билан бойишига йўл қўймаслик лозим».
Файласуфнинг ушбу мантиғига «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасидан жавоб топамиз:
«давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш».
Бу нима дегани? Эндиликда ҳар бир касбий муваффақият ишда кўтарилишнинг асоси бўлади, эндиликда муайян идоралар ходимларига маошдан ташқари, қўшимча ижтимоий кўмак, рағбатлантиришлар тизими яратилади, демакдир. Америка полициясида садоқат ва ҳалоллик, фидойилик сифатларини намоён этиб ишлаган ходимларга маошга қўшимча ижтимоий бонуслар (квартира, машина, турли суғурта хизматлари каби) борлигини эшитганмиз. Европа давлатларининг кўпчилигида ўқитувчиларга шундай рағбат тизими яратилганидан хабардормиз. Энди бу каби имтиёзлар республикамизда ҳам амалга оширилишига қонуннинг тегишли моддалари замин яратаётир.

* * *

Ҳаётий тажрибаси анчагина, ижтимоий-сиёсий фаол бир-икки танишларимдан сўрайман: «Transparency International»нинг биринчи ўнталигида Ўзбекистонимизни кўриш мумкинми? Жавоблар деярли бир хил: «Ҳа, фақат бунинг учун ҳар бир ўзбекистонлик онгини янгилаш керак!» Дарҳақиқат, поранинг у ёки бу кўриниши билан иш битирар эканмиз, бу «инъом»имизга кўз тикканлар, аслида, ўз вазифасини бажаришаётганини англамоғимиз, ҳар бир тутумимиз шунга муносиб бўлиши керак.
Ишга пора билан кирган ходимнинг ўз фаолияти давомида «сарфлагани ўрнини тўлдириш» мақсади бўлмаслигига ишонмайман. Ёки олий ўқув юртига кириши қандайдир найранглар эвазига амалга ошган талабанинг ўз соҳасига меҳр қўйиб ишлаши ҳақиқатдан кўра ёлғонга яқин. Мен билган шундай «кадр»ларнинг кўпчилиги дипломини сандиққа солиб қўйиб, бошқа ишнинг этагидан тутиб кетишди. Бу жараён давом этаверса, таълимга йўналтирилган бюджет маблағлари ўзини оқламай қолаверади.
Бошқа соҳаларни билмадим-у, тиббиёт ва педагогика йўналишида шу қинғирликлар бўлишининг ўзи миллат келажагига хиёнатдир. Тиббиёт йўналишини тамомлаб келган ёш шифокордан ишлари қандай кетаётганини сўрадим. «Хусусий шифохонадан бўшадим, фақат давлат поликлиникасида ишлаяпман, бош шифокор билан яқин бўлиб олдим, ишларим беш», дейди. Кейинроқ маълум бўлишича, уни хусусий шифохонадан бир неча беморни нотўғри даволаганлиги маълум бўлгач, бўшатиб юборишибди. Поликлиникада эса раҳбарнинг югурдаги сифатида ўрин топибди. Бу фақат кечагина шифокор дип­ломини олган кадрнинггина эмас, бутун бошли тизимнинг айби эмасми?
Ёхуд 40 дақиқалик дарс вақтида сериаллар ҳақида гаплашиб ўқувчилар онгини «заҳар»лаётган ўқитувчилар йўқ дейсизми? Университетдаги айрим курсдошларимнинг она тили ва адабиёт фанидаги элементар билимларни билмаслигидан ажабланардим. «Улар қандай қилиб ўқишга киришган?» деган саволдан кўра кўпроқ мени «Уларга қайси шўринг қурмагурлар ўқувчи бўларкин?» деган жумбоқ изтиробга соларди. Афсуски, улар ҳам дипломга эга бўлишди ва ўқитувчи деган шарафли ном билан рес­публикамизнинг турли чеккаларига йўл олишди. Арузнинг бармоқдан фарқини ­ажрат­олмайдиган ўқитувчидан сабоқ олган ўқувчининг ҳайф бўлаётган умри, торайиб бораётган дунёқараши учун таълим тизимида пул билан ҳаракатланувчи чархпалак — коррупция айбдор эмасми?
Мактабда ёхуд коллежда тайинли билим олмаган боланинг келажаги нима бўлади? Бўйнига олахуржун илинганда, қай йўл билан оиласига тўрт танга пул келтиради? Ўзбекнинг болалари қачонгача Россияга бориб ишлашни энг яхши ечим сифатида қабул қилишлари керак? 18 январ кунидаги фожиа бу борада бизни бир силкилаб қўйгандек бўлди. Ишонинг, шу кунларда Наманганда ёйилиб кулган одамни кўрмадим. Худдики, одамларнинг юзида ғам қотиб қолгандек.
Фожиа хабари келиши билан вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган гуруҳ таркибида касаба уюшма фаоллари ҳам ҳалок бўлганларнинг уйи­­га йўл олишди. Кўнгил сўраш асносида сабаблар ойдинлашди. Кимдир яқинини даволатиш учун, кимдир жигарини ишга киритишда олинган қарзнинг ўрнини тўлдириш учун… пул топгани йўлга чиққанди…
Шундай сўзлар борки, маъносини тушунасиз, қалбингиздан ҳис қилмайсиз. Ўша кунларда «мунғайиш» деган сўзнинг қалбга қанчалар оғриқ беришини дил-дилимдан ҳис этдим. Наманганнинг оналари, оталари, сағиралари, бевалари, ҳаттоки дарахтлари мунғайиб қолди. Бутун юрт 52 ўғлонига кўзда ёшу дилда сабот билан аза очган пайтда кўҳна қабристонларда янги қабрлар дўппайиб, индамаслар оламидан ўзига ўрин очди.
Авваллари ўлим ҳақида сўз кетса бир сескангувчи қалбим ўлимдан ҳам ўлимнинг фарқи борлигини англади. Совуқ жасадни-да қучиб йиғлаш ҳам бир фазилат экан. Сўнгги бор жонсиз эса-да жигаргўшангизнинг юзига тикилиб олиш ҳам Яратганнинг бандасига инояти экан. Аллоҳнинг берган тақдирига ношукрлик қилиш даражасида шаккок эмасман. Бироқ хатонинг сабабларини аниқлаш унинг такрорига тўсиқ бўлгуси.
Энди Ватанимизнинг қайси бурчида бўлмасин, иш бошлайман, ёшларни ишли қиламан деган тадбиркорга елка тутайлик. Мактаб остонасиданоқ болаларимизни кимгадир хизматкор бўлишлари учун эмас, дунё тан олгувчи олимлар бўлишига ишонтириб ўқитайлик. Қийналганга холислик билан қўл чўзайлик. Инсонпарвар давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтожларга йўналтирилаётган маблағлар ҳаққоний эгаларига етиб боришига шароит яратайлик.

* * *

Ҳамкасбларимиздан бирининг ниҳоятда иқтидорли ўғли бор: IELTSдан 7,5 баллни қўлга киритган, дастурлашга қизиқади, математика соҳасида устозларини ҳам ортда қолдирарли даражада. ОЎЮга ҳужжат топшириш жараёнида дадасининг истагига кўра, пойтахтимиздаги институтлардан бирини танлади. Ўқишга кирди, бутун зеҳнини бағишлаб ўқиётганидан дадаси ҳам хурсанд. Сессиялар бошланиши билан ўғлининг кайфияти тушиб кетганидан ранжиб гапириб қолди. «Ўғлим: «Дада, ҳамма фандан шу пайтгача назорат ишларимни аълога топширдим. Аммо гуруҳ бошлиғимиз кеча рўйхат олиб келиб, ҳар бир фаннинг «ставка»сини ўқиб берди. Мутахассислик фанимиз ўқитувчисининг олдига кириб «Баҳо пулга қараб қўйиладиган бўлса, биз нимага ўқидик?» деб сўрасам, «Билимли бўлсанг, зачёт куни кўрамиз», дея жавоб берди, дейди. Ўқисам ҳам, ўқимасам ҳам сессияни пул билан ёпарканман, дея илмдан ихлоси қайтиб қолмасин, деган хавотирдаман. Ўғлимга тасалли бердим-у, ўзимдан хафа бўлдим. Имтиҳонлардан ўтган пайтида хорижда ўқишига рухсат бермаган эдим. Ўзбекистонда ўқисин, шу ерда ишласин, деб. Шуни эсладими: «Дада, агар хориждан грант ютсам, энди рухсат берасизми?» деяпти».
Шу каби муаммолар сабаб сара кадрларимиз хорижга интилаётган экан, бу бизнинг камчилигимиздир. Хайриятки, юртимизда бу тизим ҳам йўлга солинмоқда. Хориждаги кадрларимиз Ватанга қайтишаётгани, шу ерда ўз соҳаларини юксалтиришга ҳисса қўшишаётгани кўнгилдаги умид учқунларини оловлантиргандек бўлмоқда.

* * *

Рус нашрларидан бирида бундан икки йил олдин жуда таъсирли мақола ўқиган эдим. Унда шундай сўзлар бор эди: «Авваллари урушлар ҳудудлар учун бўлар эди. ХХ асрда урушлар асосан ресурслар учун бўлди. Йигирма биринчи асрда эса уруш ақл учун бўлмоқда… Учинчи жаҳон уруши — ядро қуроллари, роботлар, лазерлар билан бўладиган жанг эмас. Бу ақллар учун кечадиган жанг. Бу жанг аллақачон бошланган… ва биз унда мағлуб бўлмоқдамиз».
Миллат интеллекти учун курашган давлатгина бу йўлда ғолиб бўла олади. Интеллект устуворлигига эса коррупция кишанларидан озод бўлганда эришиш мумкин.
Мазкур мақоладаги бир мисол мени жуда таъсирлантирган эди: «Сингапур деган давлат борлигини эшитмаган одам бўлмаса керак. Ҳудуди кичкинагина, табиий ресурслар деярли йўқ, ҳатто сувни ҳам Малайзиядан сотиб олади. Лекин доимо иқтисодий эркинлик рейтингларида етакчи ўринларда. Нархлар барқарор, ЯИМ эса жон бошига дунёдаги энг юқориларидан бири. Маҳаллий аҳолининг турмуш даражаси юқори. Қолаверса, ­дунёнинг турли чеккаларидан одамлар у ерга ишлаш учун боришади. Нима учун дейсизми? Чунки мамлакат коррупциядан бутунлай холи».
Коррупциядан воз кечиш, унинг илдизларини қуритиш орқали ҳар қандай натижани тезда янгилаш мумкин. Куни кеча содир бўлган қувончли воқеани ёдга олинг. Ҳар қандай чемпионатнинг қуйи поғоналаридаёқ ортга қайтишга ўрганиб қолганимиз миллий футболдаги натижалардан ким ҳам фахрланмади, дейсиз?! Осиё чемпионатида иштирок этган ва чемпион бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U23) ҳақида илиқ фикрлар футболдаги коррупцияга барҳам берилаётгани натижаси эмасми, ахир?!

Қайси жабҳада бўлмасин, бирор ишга киришишдан олдин яхшилаб ўйланг: «Transparency International»да Ўзбекис­тон қачон биринчи ўнталикда бўлади? Мен бунга ҳисса қўшяпманми?

Дилдора РАҲМОНОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар