Термизда афғон ёшлари таҳсил олмоқда

198

Бундан уч ой илгари Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон ва Афғонистон Ислом Республикаси давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида Термиз туманида Афғонистон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилганди. Келишув ижросини таъминлаш мақсадида «Янгиариқ» қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биноси қайта реконструкция қилинди.

Таълим маркази 750 ўринга мўлжалланган бўлиб, ўқиш ва ўқитиш учун барча қулайликларга эга. Ўқув хоналари замонавий компютер ва мултимедия воситалари, синхрон таржима, кузатув ускуналари, юмшоқ ва каттиқ мебеллар билан тўлиқ жиҳозланган.
— Марказимизда олий таълимнинг 17 та, махсус касб-ҳунар таълимининг 16 та йўналишида 97 нафар афғон ёшлари ўқитилаяпти. Уларнинг барчаси ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўрганишни мақсад қилган. Яқин орада темир йўл ва электр муҳандислигига қизиққан яна 100 нафар ёшлар ўқув марказимизга қабул қилинади. Машғулотлар ўзбек ва дарий тилларда олиб борилади. Талабаларимизга Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда Тошкент шаҳридаги нуфузли олийгоҳларнинг етакчи олимлари онлайн мулоқот орқали сабоқ беришади. Марказимизда электрон кутубхона тизими яратилган бўлиб, унинг базасида 700 дан ортиқ адабиёт жойлаштирилган. Талабалар республикамиздаги барча олий таълим муассасалари электрон таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятига ҳам эга. 60 ўринли ахборот ресурс маркази,100 ўринли ошхона,110 ўринли талабалар турар-жойларида барча шарт-шароит мавжуд, — дейди таълим маркази директори Ойбек Рўзиев. — Марказимиз битирувчиларига қисқартирилган, икки йиллик таълим муддатида ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини берувчи тегишли ҳужжат топширилади.
— Ушбу таълим марказига йўлланма олиш учун Қобулда махсус имтиҳондан ўтдик. Бу ерда мени энг қувонтиргани, бу замонавий компютерлар, турли-туман адабиётлар билан бойитилган кутубхона бўлди, — дейди Самгон вилоятидан келган Асила Ноибзода.— Бу заминда ўзбек тили ва адабиёти йўналиши бўйича таҳсил олаяпман. Компютерда ишлашни ва инглиз тилини пухта ўрганаяпман. Насиб этса, олган билимларим юртимга бориб, болаларга дарс беришимда қўл келади, албатта.
— Қўшни юрт болаларига илм-зиё улашишдек эгу ишлар бошида турган ҳар икки давлатнинг раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳаётимизда янги саҳифа очди.Термизда янги иш бошлаган ўқув маркази маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар янада ривожланишига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилишига ишонаман, — дейди Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси

Шаҳобиддин Темурий.
Рустам ДАВЛАТОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар