«Ёш китобхонлар» ижодий клуби

194

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 12 январда қабул қилинган «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишида «…аҳоли, айниқса, ёшлар орасида бадиий жиҳатдан юксак интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабни ўрганиш»га алоҳида эътибор қаратилган.

Бадиий адабиётга ошно бўлган инсондан ёмонлик чиқмайди, дейди улуғларимиз. Зеро, китоб орқали инсон ўзини кашф этади, ҳаётни анг­лайди. Айни вақтда китоб мураккаб, чигал муаммоларни англаш ва ечишга кўмаклашувчи устоз, чин дўст ва беминнат кўмакчидир.
Шунга кўра, биз «Ёш китобхонлар» ижодий клубини ташкил этиб, республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ушбу клуб тармоқларини очишни мақсад қилдик. Бунинг учун биз таҳсил олаётган таълим муассасаси Ёшлар иттифоқи бошқа олий таълим муассасалари Ёшлар иттифоқига мурожаат этиб, ҳамкорликни йўлга қўйишимизга яқиндан ёрдам беради.
Хўш, кўзланган асосий мақсад нима?
Ҳозирги техника асрида яратилаётган ҳар бир кашфиёт бизнинг эҳтиёжларимизга қаратилган экан, биринчи навбатда, бадиий адабиётларнинг электрон вариантларини яратиш зарур. Дейлик, кутубхонада, таълим масканида ёки уйда ўтириб китоб ўқиш учун вақт топа олмаётган пайтларда бадиий адабиётларнинг электрон вариантларини мобил телефонимизга юклаб тинглашимиз мумкин. Ёқимли овоз билан ўқилган бадиий асар тенгдошларимиз диққатини, албатта, тортади деб ўйлайман. Клубимизнинг биринчи иши китобхонлар оммаси учун ўзбек мумтоз асарлари, жаҳон адабиёти дурдоналари, замонавий бадиий адабиёт намуналарининг электрон вариантларини яратиш, кўпайтириш ва кутубхоналар, китоб дўконлари, диск сотиш билан шуғулланувчи дўконларга тарқатиш, шунингдек, интернет тармоғи орқали университетимиз электрон кутубхонасига жойлаштиришдан иборат. Натижада, адабиётларни мобил уяли алоқа телефонларига юклаб, тинг­лаш имкони пайдо бўлади. Бу эса айрим қизиқарли асарлар ўша китобнинг аслини сотиб олиб ўқишга ундаши ҳам мумкин.
Интернет тармоғида ижодий клубимизнинг ҳамкорлари билан ижодий мулоқотлар ташкил қилишимиз ҳам мумкин. Бунинг учун электрон почта орқали хат тарқатилади. Унда бирор ижодкорнинг ижодига, асарларининг мавзу кўлами, ғоявий-бадиий жиҳатлари, характер яратиш маҳорати, тил хусусиятларига эътибор қаратилиши, электрон мулоқотнинг ўтказилиш куни ва вақти эълон қилинади. Бу учрашувни ташкиллаштириш тегишли жойлардаги Ёшлар иттифоқи кенгашлари зиммасига юклатилса, ишнинг бориши анча осонлашади. Бу каби мулоқотларда ҳамфикрлилик, бир-бирини тинглаш, бир-бирининг фикр­ини тўлдириш, аниқроғи, мулоқот маданиятини эгаллашга эътибор ҳам назарда тутилади. Муҳими, мулоқот асноси талабаларнинг образли фикрлаш кўникмаси шакллантирилади, сўз бойлиги ошади, улар ўзбек тилининг нафосатини, жозибасини англаб боради.
Ижодий клубнинг амалга ошириш режалаштирилган кейинги вазифаларидан бири, бу таниқли ёзувчи, драматург ҳамда шоирлар билан глобал тармоқ орқали видео мулоқот ўрнатиб бориш. Ижодкорнинг бирор асари ёзилиш сабаби, асарларидаги образларга ўз муносабатини тинглаш ҳузурли, албатта. Қолаверса, жонли мулоқотлар китобхонни ёзувчи асарларига янада яқинлаштиради.
Ижодкор ёшларни кашф этиш ижодий клубимиз режалаштирган яна бир мақсаддир. Бунинг учун электрон почта орқали онлайн учрашувлар уюштирилади. Бунга бирор таниқли ижодкорни ҳам таклиф этиш мумкин. Натижада, ижодкор ёшларнинг ижодий маҳорати аниқланади, ўзаро суҳбатлар уларни бир-бирларига яқинлаштиради.
Азалдан халқимиз китобга тарбия воситаси деб қараган. Шунинг учун ҳам китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Келинг, тенгдошлар, инсон тафаккурининг ўсишига, бойишига кўмак берувчи китобга ҳамдам бўлиб яшайлик. Зеро, дунёда китобдан яхши дўст бўлмас.

Умида ЮСУПОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети
талабаси

Бошқа хабарлар