Ҳаёт билан ҳазиллашиб бўлмайди

51

Инсон умрининг катта қисми меҳнат фаолияти билан кечади. Шу боис муҳофазаланган меҳнат ҳаётий зарурат ҳисобланади. Меҳнат муҳофазасини тўғри ташкил этиш қонун ва меъёрий ҳужжатлар билан амалга оширилади. Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи ходимлар меҳнатини муҳофазалаш, улар хавфсизлиги ва меҳнат қобилиятини сақлашда касаба уюшма ташкилотларининг ўрни катта. «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасида касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва ташкилотлар иш берувчилари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирлари устидан жамоат назоратини олиб бориши мустаҳкамлаб қўйилган.

Сирдарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида йирик бошланғич ташкилотлари, туман ва шаҳар тармоқ кенгашлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида мажлис бўлиб ўтди. Таҳлил ва танқид руҳида ўтган тадбирда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Таъкидланганидек, ўтган йили вилоят касаба уюшма ташкилотлари хизмат доирасидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда жами 14 та (шундан 2 та оқибати ўлим, 1 та оқибати енгил, 10 та оқибати оғир ва 1 та гуруҳий) бахтсиз ҳодиса юз берган. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар сонини вилоятдаги жами ташкилотлар бўйича ҳисобга оладиган бўлсак, бу кўрсаткич деярли 40 тага етган.
Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид ҳозирда амалда бўлган 300 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таъминланиши йирик ­бошланғич ташкилотлар ва тармоқларнинг туман ва шаҳар кенгашларида танлов асосида 8 та ташкилот фаолияти мисолида ўрганиб чиқилди.
Ўрганишда ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари, уларга меҳнат муҳофазаси йўналиш­ларида йўл-йўриқлар берилиши, ўқитилиши, билимининг синовдан ўтказилиши, дастлабки ва даврий тиббий кўрикларнинг ташкил этилиши, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилиниши, махсус кийим-бош, пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланиши, ташкилотларда тузилган жамоа шартномаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимида белгиланган тадбирлар бажарилиши ва ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳолатини таҳлил қилиш ишлари ҳамда норматив- ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишига эътибор қаратилди.
Фаолияти ўрганилган «Электрқишлоққурилиш» АЖ 3-механизациялашган жамияти, Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежи, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-хунар коллежи, Мирзаобод туманидаги 1-умумтаълим мактаби, 6-мусиқа ва санъат мактаби ва 3-мактаб­гача таълим муассасасида жамоа шартномалари тузилган ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимига қонунларда белгиланган талаблар ижроси бўйича тегишли тадбирлар киритилган. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидалари йўналиши учун мўлжалланган иш режаларнинг сифатли тузилмаганлиги ҳолати «Электрқишлоққурилиш» АЖ 3-механизациялашган жамияти, Гулистон қурилиш ва Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежлари, Мирзаобод туманидаги 1-умумтаълим мактабида кузатилди.
Яна бир ҳолат. «Электрқишлоққурилиш» АЖ 3-механизациялашган жамияти ва Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислар мавжуд бўлса-да, меҳнат муҳофазаси бўйича битим ишлаб чиқилмаган, жамият ходимлари эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 24 июндаги 177-сонли қарори билан тасдиқланган «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари» талабларига мувофиқ бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларидан мажбурий суғурта қилинмаганини нима билан изоҳлаш мумкин?
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига асосон Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежи ва Мирзаобод туманидаги 1-умумтаълим мактабида 50 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилса-да, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил қилинмаган. Шунингдек, ушбу ташкилотларда Меҳнат кодексининг 214-моддаси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 12 июлдаги 200-сонли бўйруғи билан тасдиқланган Низомга риоя қилинмаган ҳолда тиббий кўрикдан ўтказилаётган ходимлар 50000 – 70000 сўмдан чиқимдор бўлмоқда. Соҳага оид қонунчилик тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада эмас.
«Сирдарё йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонасида юз берган ҳолат янада ачинарли. Ўтган йил 19 апрел куни юз берган бахтсиз ҳодиса ҳақида ўз вақтида хабар берилмаган. Яхшиям, корхона йўл ишчиси Шуҳрат Хайитбоев билан юз берган бахтсиз ҳодиса вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ва Бандлик бошқармаси мутахассислари кўрсатмалари бўйича кейинчалик белгиланган тартибда махсус текширтирилди ва жабрланувчининг оила аъзоларига белгиланган зарар пулларини суғурта компанияси томонидан тўлаб берилишига эришилди.
Бундан меҳнат муҳофазасига оид қонунчилик ижроси тўлиқ йўлга қўйилмай, ушбу йўналишдаги ишларга барча туман (шаҳар) кенгашлари раислари, тармоқлар Республика кенгашларининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари ҳам етарлича эътибор қаратмаяпти, деган хулосага келиш мумкин. Чунки, барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларини аниқлаш, камчиликларни бартараф этиш борасида иш берувчиларга хат, тақдимнома ва таклифлар етарли даражада киритилмаяпти.
Кўриниб турибдики, меҳнат муҳофазасида белгиланган вазифалар бажарилиши билан боғлиқ натижадорлик пастлиги, амалга оширилаётган ишлар, ҳужжатлар ва бошқа масалалар аксарият ҳолларда қоғозда қолиб кетаётгани касаба уюшма ташкилотларининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва ўз аъзоларига хавфсиз меҳнат шароитлари яратишга оид фаолиятида қонун устуворлиги таъминланмаслигига олиб келмоқда.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар