Беҳуда ўтган йиллар

638

Президентимизнинг «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳада туб бурилишлар даврини бошлаб бермоқда. Фармон кўпчилик юртдошларимиз, айниқса, 9-синф битирувчилари ва уларнинг ота-оналарини ўйлантириб келаётган масалаларнинг ечими бўлди.

— Ўтган йили Бағдод тумани касб-ҳунар коллежини тикув ва тўқув, трикотаж технологияларига техник хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича тамомладим, — дейди Гулҳаё Юсубжонова. — Лекин ўқув жараёнидан кўнглим тўлмади. ­Уйимиз ва ўқув маскани орасидаги масофа узоқлиги, қиш пайтлари ҳавонинг совуқлиги сабабли қатнашга қийналардим. Хуллас, дарсга бормаслик учун ҳамиша баҳона топиларди. Коллежга текширувчилар келадиган пайтдагина гуруҳ раҳбарларимизнинг илтимоси билан дарсга борардик.
Суҳбатдошимиз дарсларда ўқувчилар бирор марта тўлиқ қатнашмагани, ўқитувчилар чорасизликдан синфхонага ташқаридан болаларни олиб келганига ҳам гувоҳ бўлганини айтди. Унинг ўзи ҳам 3 йил мобайнида дарсга бор-йўғи олти ойлар чамасигина узлуксиз қатнаганини тан олди.
— Ўқишга борганим билан деярли дарс бўлмасди, — дея суҳбатни давом эттирди у. — Ўқитувчиларимизнинг ярми болаларни дарсларга жалб қилиш учун уйма-уй юришарди. Дарсликлардан умуман фойдаланмасдик. Тикувчиликни ўрганиш учун керак бўладиган техник ускуналаримиз — тикув, йигирув машиналари ҳам анча эски. Тахминан ўтган асрнинг 90-йилларида ишлаб чиқарилган. Бундай техникалар ҳозир ҳеч бир замонавий корхона ёки тикувчилик цехида ишлатилмайди. Уларни ўрганишдан бизга заррача фойда йўқ. Амалий дарслар ҳам деярли ўтилмасди. Чунки тикув машинаси ишлаган пайтларда хомашё, яъни турли мато, иплар бўлмасди. Кўпинча матоларни уйдаги эски-туски кийим ва ёстиқларни бузиб тўплардик. Бундан ташқари, менимча, “тикувчи” деган мутахассислик дипломи олиш учун уч йил ўқиш ҳам шарт эмас. Беш-олти ой бирор қўли гул чеварга шогирд тушган қизлар мендан кўра яхши тикувчи бўлиб етишди. Унча-мунча замонавий тикув машиналарини тузата олишади ҳам. Бундан ташқари, ҳозир тикувчи, бисер тайёрловчи, тўқувчи, ошпаз, қандолатчи, компютер мутахассиси, ҳатто бухгалтерларни қисқа фурсатларда тайёрлайдиган хусусий ўқув марказлари ва курслари ҳам кўп. Менинг эса уч йил умрим беҳуда кетгани қолди. ­Дипломни ҳам олдим. Лекин мутахассислигим бўйича ҳеч қаердан иш тополмадим. Чунки олган озгинагина билимларим ҳеч бир иш берувчига керак эмасди. Айни пайтда иккинчи мутахассислик бўйича тиббиёт коллежида таҳсил оляпман.
Янги фармон таълим тизимидаги ёшларимизга ноқулайлик туғдираётган камчиликларни бартараф этди. Бундан ташқари, баъзи касблар бўйича қисқа муддатли ўқувларнинг ташкил қилинаётгани уларнинг тезлик билан зарур мутахассислик ва касбга эга бўлишига кўмаклашади. Тўғри-да, ғишт ёки кафел терувчилик учун уч йил ўқишнинг нима ҳожати бор. Фармонга асосан бу каби касбларни олти ой муддат ичида ўрганиш ва ишга жойлашиш имконияти пайдо бўлди. Ўқишни бошқа мутахассислик бўйича давом эттириш нияти вужудга келганида олий ўқув юртларига ўз вақтида ҳужжат топшириш мумкин. Мураккаброқ касблар бўйича эса ҳунарга ўргатиш икки йил давом эттирилади.
— Қурилиш-транспорт касб-ҳунар коллежини битирганимга 4 йил бўлди, — ­дейди Акмал Турғунов, — 19 ёшда институтга ҳужжат топширдим. Коллежда ўқиганим туфайли бир йил вақтимни беҳуда йўқотдим. Бундан ташқари, олий ўқув юртида тарих йўналиши бўйи­­ча ўқимоқчи бўлдим. Коллеждаги якуний имтиҳонлар олий ўқув юртига тайёргарликнинг айни долзарб пайтига тўғри келди. Шу сабаб бўлдими, омадим келмадими, хулласи институтга кира олмадим. Кейинги йили ҳарбий хизматга кетдим. Коллеж дипломи, ҳарбий гувоҳнома билан бирор иш топилишига умид қилгандим. Аммо икки йилдан буён ишсизман. Бир-икки марта Россияга бориб ишлаб келдим. Коллежда 3 йил умримни кетказиб эришганим ҳайдовчилик гувоҳномаси, холос. Ўқув даргоҳимиз болаларни дарсга жалб қилиш учун битирувчиларга ҳайдовчилик гувоҳномаси беришни йўлга қўйганди. Чунки бу ерда тайёрланаётган мутахассисликлар бўйича ҳеч ким таълим олишни истамасди. Фақатгина ҳайдовчилик гувоҳномасини бепул олиш учун дарсга келардик. Энди ўйлаб кўрсам, биргина шунга уч йил умримни ўтказиш ғирт аҳмоқлик бўлган экан. Уч ой ҳайдовчилик курсида ўқиб ҳам гувоҳномани олган бўлардим. Аммо бизнинг бошқа чорамиз йўқ эди. 9-синф­­ни битиргач, қаердадир таълимни давом эттиришимиз керак эди-да.
Президент фармони билан ниҳоят бу каби ҳолатларга чек қўйилди. 11 йиллик таълим тўлиқ тикланди. Ҳали оқ ва қорани ажрата олмайдиган ёшгина болалар ақлини таниб олиши, ростмана вояга етиб хатти-ҳаракатларига жавоб берадиган бўлгунича бемалол ўз шаҳри, қишлоғида ота-онаси, қадрдон устозлари назоратида тарбияланадилар.

Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА,
журналист

Бошқа хабарлар