Кўприк жиддий таъмирга муҳтож, мутасаддилар эса жим

174

Телефоним жиринглади. танишувдан сўнг қўнғироқ қилувчи долзарб муаммо юзасидан мурожаат этаётганини билдирди.

— Чироқчи туманидаги «Беш­булоқ» маҳалласида яшаймиз, — деди у. — Бизнинг Юқори Уйшун, қўшни Лолабулоқ, Сариқамиш қиш­лоқларимизни туман маркази билан боғлайдиган ички хўжаликлараро автомобил йўлининг 3-километрида кўприк бор. Шу кўприкни ўтган йили сел оқизиб кетди. Туман ҳокимлиги, тармоқ корхоналари, фавқулодда вазиятлар бошқармасидан вакиллар келиб, кўприкнинг ҳақиқий аҳволини кўриб, далолатнома тузишди.
Кўприкни эл ҳашар йўли билан бироз тузатди. Аммо бугунга келиб унинг аҳволи талабга жавоб бермай қолди. Агар имкон бўлса, бир келиб танишиб, мақола тайёрласангиз…
Шу тариқа «Бешбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Юқори Уйшун қишлоғига бордик. Қишлоқ туман марказидан қарийб қирқ километр узоқликда жойлашган экан.
Қишлоқ аҳлининг билдиришича, ҳар йили ёғингарчилик натижасида ҳосил бўладиган сув оқимлари йиғилиб, улкан сойга айланар экан. Ўша сойнинг ўзани айнан туман марказига борадиган йўлни кесиб ўтган. 1985-1986 йилларда ўзан узра тўртбурчак шаклдаги темир-бетон қувури ўрнатилиб, тупроқдан кўтарма қилинган.
Сув катта селга айланган кезлари кўприкдан ошиб оқади ва табиийки, унга ҳам катта талафот етказади.
— 2015 йилда кўприкни сув олиб кетганда, ҳашар йўли билан таъмирладик, — деди «Нуроний» жамғармасининг маҳалладаги вакили Болли ака Раҳмонов. — 2016 йилда яна катта сув келиб бузиб кетди. Тағин бир амаллаб таъмирладик. 2017 йил 21 март куни келган сел натижасида кўприкка анча талафот етди. Буни туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари тузган далолатнома ҳам тасдиқлайди. Биз туман Ободонлаштириш бошқармасида мавжуд бўлган «погрузчик» ва бош­­қа техникалар билан эпақага келтирдик. Аммо бу ҳолат навбатдаги ёғингарчилик мавсумигача экани барчамизга аён. Баҳорги ёғин-сочин кунлари бошланиши билан даралар ва қишлоқлардан келадиган сувлардан кўприк омон қолмайди. Бутунлай ағнаб тушади. Натижада, чекка қишлоқлар аҳолиси туман марказидан узилиб қолади.
Бу ҳазилакам гап эмас…
Нуронийнинг сўзлари тўғри эди. Гарчи ҳозир кўприк остидан сув ўтмай турган бўлса-да, баҳорда сув­нинг кўп келиши табиий, албатта. Демак, сув бутунлай бузиб кетмасидан, аниқ лойиҳа асосида чорасини кўриш лозим бўлади.
Аён бўлдики, қишлоқ аҳолиси қараб турмаяпти. Биз Юқори Уйшунда бўлган кунимиз ҳам «Бешбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшан Шомуродов ташаббуси билан ҳашар уюштирилиб, йўлларнинг ўйдим-чўнқир жойлари текисланаётган экан.
Маълум бўлишича, уч-тўртта қишлоқни туман маркази билан боғлайдиган ушбу йўлнинг асфалт қилинганига ўттиз йилдан ошган. Бугунги аҳволи жуда ачинарли. Эл-улус тош тўкиб, чуқурчаларни кўмиб чиққани билан ёғин-сочин натижасида бу чора ҳам иш бермай қолади. Яна чуқурчалар пайдо бўлаверади…
Дарҳақиқат, сув ўзани узра қуриладиган кўприк масаласида ҳамда халқ ҳашар қилиб текислаётган йўл учун давлатимиз эътибори зарур экан…
Шу тобда «Суюнчи» филмидаги Анзират буви ва чорасизликдан қўлбола кўприк қуришга аҳд қилган унинг қишлоқдошлари ёдимга тушди.
Бешбулоқда ҳашар тўхтагани йўқ. Аммо текисланган йўлни ва амал-тақал кўтариб қўйилган кўп­рикни эрта-индин яна сув ювиб кетса нима бўлади?! Саволга мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан ижобий жавоб кутиб қоламиз.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар