Назира опа нега норози?

656

Қариган чоғимда «ёзувчи» деган ном олдим, дея ҳасрат қилади урганчлик Назира Худайберганова таҳририятимизга йўллаган шикоят хатида. Онахон пенсия пули кам ҳисобланаётганидан норози. Бу ҳақда бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Бироқ берилган жавоблардан қониқиш ҳосил қилганича йўқ. Ким билсин, балки мутасадди ташкилотларнинг ўзлари ҳам ишнинг боши-кетини топа олмаётганидан шундай бўлаётгандир…

Н.Худайберганова 2006 йилда 38 645,66 сўм миқдордаги белгиланган нафақа билан пенсияга чиққан. Онахоннинг пенсия дафтарчасида ҳам ушбу рақам қайд қилинган. Аммо бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Хоразм вилоят бошқармаси томонидан Н.Худойбергановага йўлланган жавоб хатида унга 2006 йил 21 апрелдан 33 йил 8 ой иш стажи билан 19 827 сўм миқдорда имтиёзли равишда ёшга доир пенсия тайинланганлиги кўрсатилган. Биз ­бошқарма мутасаддиларидан ушбу масалага ойдинлик киритиш­ларини, икки хил рақамнинг пайдо бўлиш сабабларини сўрадик.
Уларнинг маълумотларига кўра, «собиқ Урганч шаҳар ижтимоий таъминот бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш мутахассиси томонидан онахонга 38 645 сўм миқдорда пенсия тайинланиб, пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссиясига тақдим қилинган, бироқ пенсия иши ҳужжатлари тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, фуқарога пенсия тайинланишида иш ҳақлари нотўғри ҳисобга олинганлиги аниқланган ва тасдиқланмасдан қайта ҳисоблаш учун пенсия тайинлаш мутахассисига қайтарилган. Мавжуд хато-камчиликлар бартараф қилингандан сўнг бўлимнинг пенсия ва нафақалар тайин­лаш комиссиясининг 2006 йил 29 августдаги 578-сонли қарорига асосан 19 827 сўм миқдорда ёшга доир пенсия тайинланган. Ушбу ҳолатдан норози бўлган фуқаро Н. Худайберганованинг мурожаатига асосан 2007 йил 1 январдан тайинланган пенсия нотўғри иш ҳақларига асосан қайта ҳисоб­ланиб, бир ойлик пенсия миқдори 55 563,88 сўм қилиб белгиланиб, 2011 йил феврал ­ойигача тўлаб келинган».
— Шикоят қилганим рост, аммо пенсиям 19827 сўм қилиб белгилангани учун эмас. Ўша йили октябр ойида 22 минг сўм олганимдан кейин норози бўлганман, — дейди Назира опа (Унинг бизга тақдим қилган юқорида келтирилган маълумотнома нусхасида Худайберганова 2006 йил октябрда 22799 сўм пенсия олганлиги кўрсатилган).
Биз Назира опа пенсияга чиққан пайтда мамлакатимизда энг кам пенсия миқдори қанча бўлганлиги билан қизиқдик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 июндаги ПФ 3761-сонли Фармонининг 2-бандида:
«2006 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи — ойига 10800 сўм;
ёшга доир пенсиялар — ойига 21395 сўм;
ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич (нулинчи) разряд — ойига 10800 сўм деб белгиланган.
Ғалати ҳолат: Пенсия жамғармаси томонидан тақдим қилинган маълумотларда кўрсатилган рақамларга асослансак, 2006 йил 29 августда Н.Худайбергановага амалдаги энг кам ёшга доир пенсиядан ҳам кам миқдорда пенсия тайинланган бўлиб чиқмайдими?
Дарвоқе, Пенсия жамғармаси вилоят бўлими томонидан бизга тақдим қилинган 2011 йил 18 январдаги далолатнома иловасига асосланадиган бўлсак, 2006 йил октябр ойида Н.Худайбергановага 31340,61 сўм пенсия тўланганлигини кўришимиз мумкин. 19827 сўм пенсия тайинланган фуқарога нима учун 31340,61 сўм тўланганлигини изоҳлашни ҳам мутасаддилар ихтиёрига қолдириб, воқеаларни кузатишда давом этамиз.
Н.Худайберганова 2007 — 2011 йилларда нафақа пулларини ўз муддатларида тўлиқ олиб келган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси вилоят бўлимининг саволимизга жавобини ҳам юқорида келтирган эдик. Жавобнинг давомида шундай сатрлар бор: «Айнан иш ҳақлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу нотўғри тайинланган пенсия 2011 йил 18 январда Хоразм вилояти назорат тафтиш бошқармаси мутахассислари томонидан аниқланиб, 1 769435 сўм миқдорида Жамғарма маблағлари ортиқча тўланганлиги аниқланган».
Пенсия жамғармаси вилоят бўлими томонидан тақдим қилинган 2011 йил 18 январда имзоланган далолатнома иловасига таянадиган бўлсак, Н.Худайбергановага 2006 йил октябрда 26738,33 сўм пенсия тўланиши керак бўлган. ( Бу ҳам 19827 сўм миқдорини рад қиляпти). Амалда 31 340,61 сўм тўлангани учун 4602,32 сўм ортиқча тўланган деб топилган. Худди шу таҳлитда 2006 йил октябрдан 2011 йил 1 февралга қадар тўланган пенсиядаги фарқ ҳисоблаб чиқилган.
Далолатнома нусхасига таянадиган бўлсак, ­Н.Худайбергановага 2006 йил 21 апрелда ёшга доир пенсия тайинланган. Фуқаронинг пенсия иши ҳужжатларига илова қилинган иш ҳақлари тўғрисидаги Урганч туман архивидан 2006 йил 7 мартда берилган маълумотнома Урганч туман идоралараро ШТХ архивида мавжуд бирламчи ҳужжатлар асосида қайта текширилганда даромадлар ошиқча киритилганлиги аниқланган. Бунда фуқаронинг 1989 — 1993 йиллардаги даромади ҳисобга олинган. Далолатномага кўра, 1989 йилда пенсия ишида мавжуд даромадлар 2797 сўм қилиб кўрсатилган, текширишда бу миқдор 1797 сўмлиги аниқланган. 1990 йилда 4 922 сўм қилиб кўрсатилган, текширишда 1922 сўмлиги аниқланган. 1991 йилда пенсия ишида 4721 сўм қилиб кўрсатилган, текширишда 2721 сўмлиги аниқланган. 1992 йилда 44400 сўм қилиб кўрсатилиб, амалда 40160 сўмлиги аниқланган. 1993 йилда 297828,71 сўм қилиб кўрсатилган, фарқ аниқланмаган. Жами фарқ 10240 сўм деб топилган. Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни Урганч туман архивининг ўша пайтдаги директори тақдим қилган. Мутасаддилар ушбу маълумотномага таяниб, фарқни аниқлашган.
«2011 йилда менга Урганч шаҳар пенсия жамғармасидан хат келди. Унда менга ортиқча пенсия тўланганлиги, 2013 йилнинг март ойигача пенсиямнинг ярми ушлаб қолиниши ёзилганди. Мен кўпга келган тўй, балки хато ёзишгандир, деб қўявердим. Шундан кейин 2013 йил июнгача пенсиямнинг ярмини ушлаб қолишди», деб ёзади Назира опа.
2013 йил июл ойида Н.Худайберганова умуман пенсия олмайди. Бундан норози бўлиб, Урганч шаҳар прокурорига мурожаат қилади. Ариза ўрганилганда, Урганч шаҳар пенсия ва нафақаларни тўлаш гуруҳи мутахассиси эътиборсизлиги натижасида пенсиянинг ярми ушлаб қолиниши ўрнига, тўлиқ ушланганлиги маълум бўлади ва ҳуқуқ тартибот идоралари аралашуви билан англашилмовчилик бартараф қилинади.
«Бироқ шундан сўнг пенсиям умуман камайиб кетди», деб ёзади шикоятчи ўз мурожаатида. Н.Худайберганова 2013 йилдан бошлаб 190 минг сўм пенсия ола бошлайди. Мутасаддиларга ўз норозилигини билдиради. Бироқ мурожаатлари эътиборсиз қолади. Н.Худайберганованинг айтишича, у ўзининг 2006 йилда 19 827 сўм билан пенсияга чиққанлигини ўша йили билган ва ҳайрон бўлган.
2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси фаолият бошлагач, минглаб юртдошларимиз қатори Н.Худайберганова ҳам ўз муаммолари билан мурожаат қилади. Ушбу аризага Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Хоразм вилоят бошқармасидан жавоб олади. Н.Худайберганова бизга ушбу жавоб нусхасини тақдим қилди. Унда фуқарога 2006 йил 21 апрелдан 33 йил 8 ой иш стажи билан 19827 сўм миқдорида имтиёзли равишда ёшга доир пенсия тайинлангани ва 2007 йилнинг январ ойидан тайинланган пенсия қайта ҳисобланиб, 55653,88 сўм миқдорда белгилангани кўрсатилган. Зукко ўқувчи англаганидек, бошқарма томонидан бизга берилган жавоб хатида, комиссиянинг 2006 йил 29 августдаги қарорига асосан 19827 сўм тайинлангани айтилганди. Келинг, жавоблардан бирида «техник хато ўтган» деб ҳисоблаб, кўзимизни юмамиз-да, навбатдаги масалага ўтамиз.
Шикоятчи ўз пенсиясини ёшга доир энг кам пенсияга тенглаштиради ва меҳнат стажи инобатга олинмаганлигидан шикоят қилади. Биз мутасаддилардан ушбу масалага аниқлик киритиш­ларини сўраганимизда, фуқаро Н.Худайбергановага «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 12¹-моддасида белгиланган имтиёзга асосан муддатидан бир йил олдин ёшга доир пенсия тайинланганлигини, бугунги кунда 33 йил 8 ой иш стажи билан ҳақиқий ўртача иш ҳақи миқдори 582 911,99 сўмни ташкил қилганлиги сабабли бир ойлик пенсиянинг таянч миқдори 336880 сўм, ортиқча иш стажи учун ўртача иш ҳақининг бир фоизи миқдорида, жами ўн уч фоиз ошириш қўлланган ҳолда 75778,56 сўм устама белгиланиб, жами бир ойлик пенсия миқдори 412 658,56 сўмни ташкил қилишини билдиришди. Дарҳақиқат, пенсия қонун доирасида тайинланган.
Бироқ…
Ўтган бир ой давомида Назира опа билан бир неча марта мулоқотда бўлдик. Бу жараёнда онахон ҳақида кўп нарсаларни билиб олдик. Тақдир бу аёлдан турли синовларини аямаган. Етимлик азобини чеккан, болалар уйида катта бўлган. Турмуш ўртоғидан эрта ажраб қолган.
Бутун умр ҳалол меҳнат қилган. Кутубхоначи, ­кадрлар бўлими мутахассиси, ҳисобчи бўлиб ишлаган. Сўнгги йилларда болалар боғчасида фаолият олиб борган, пахта етиштириш ва йиғиб-териб олишга ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Кўринадики, меҳнатдан қочмаган, чиройли турмуш кечириш, икки фарзандини ҳалол едириб-­ичириш учун бор имкониятини ишга солган. Бу орада 1980 — 1984 йилларда М.Харратов номли Урганч давлат мусиқа билим юртини хор дирижёри ихтисослиги бўйича тамомлаб, умумтаълим мактабларида мусиқа фанидан дарс бериш имконига эга бўлган. Онахон ўз ҳаёти ҳақида гапирганида, ҳар сафар кўзи ёшланишини кўриб, очиғи, дилим оғрийди.
— Энди нима қилсам экан, — деди Назира опа Пенсия жамғармаси вилоят бошқармасининг бизга тақдим қилган жавоби билан танишгач. — Тошкентга бориб, Пенсия жамғармасидагиларга учраб кўрсам, дардимни тинглайдиган топилармикин? Менинг пенсиямни ноҳақ камайтиришди. Шундай бўлмаганида, бошқаларни овора қилиб, шикоятбозлик қилиб юрармидим…
Бир тарафдан онахоннинг «ўжар»лигидан ранжидим, ахир мутасаддилар барча саволларимизга тўлиқ жавоб беришган, эътирозга ўрин қолдиришмаган, бу аёл нега тушунишни истамайди, деган хаёлга бордим. Кўнглим эса нима сабабдан салкам ўттиз тўрт йил меҳнат қилган инсон 66 ёшида сарсон-саргардон юриши керак, деган саволни ўртага ташлади.
— Мен меҳнат фаолиятим ҳақида сохта маълумот тақдим қилмаганман. Мана, «начисление» китобидан кўчирмаларни кўринг, тўғридан-тўғри нусха кўчиртириб олганман, — дейди Назира опа. — 2011 йилда ўтказилган текширишда пахта етиштиришда, йиғим-теримда олган пулларим инобатга олинмаган, фақат боғчадаги фаолиятим учун тўловларга эътибор қаратилган.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят архиви раҳбарларидан ёрдам сўрадик.
Урганч туман идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлари архиви бўлими томонидан 2018 йил 22 январда тақдим қилинган 132-рақамли маълумотномада қайд қилинишича, Назира Худайберганованинг «Оқ олтин» жамоа хўжалигида ишлаган давридаги иш ҳақи 1989 йилда 2779 сўм, 1990 йилда 4922,50 сўм, 1991 йилда 4721 сўм, 1992 йилда 44440 сўмни ташкил қилган. Бу юқорида тилга олганимиз — 2011 йил 18 январда имзоланган далолатномада сох­­та деб топилган миқдорлар билан айнан бир хил! Очиғи, қандай хулоса чиқаришни ҳам билмай қолдик. Тўғри, архив мутасаддилари ҳисоб­лаш тўғрисидаги дафтарларда айрим тузатишлар борлигини ҳам билдиришган. Бироқ бу тузатишлар Н.Худайберганова томонидан киритилмаган-ку! Қолаверса, архив ходимлари ҳам ҳисоб дафтарларидаги ёзувларни борича кўчириб беришган. Демак, ким томонидандир йўл қўйилган техник хато учун онахон жабр чекиши ҳам адолатдан бўлмаса керак.
Дарвоқе, Пенсия жамғармаси вилоят бўлими томонидан бизга тақдим қилинган (Урганч туман архиви томонидан 2011 йилда берилган бўлса керак, тўғриси, бу нусха сифатсиз кўчирилгани учун маълумотнома рақами ва берилган санасини келтиришнинг иложи йўқ) Н.Худайберганованинг 1989 — 1992 йиллардаги иш ҳақи тўғрисидаги Архив маълумотномаси нусхасида ҳам тузатишлар йўқ эмас. Ушбу ҳужжатда 1989 — 1991 йиллардаги иш ҳақи ойма-ой келтирилмаган, жами даромад кўрсатилган. 1992 йил август ойида 160, сентябрда 89071, октябрда 6748, ноябрда 5147, декабрда 6513, қўшимча 12621 рақамлари қайд қилинган ҳолда, жами 40160 рақами келтирилганлигини ҳеч тушунмадик (математикани билмайман, шекилли, ҳар қанча уринмай, якуний рақамни қандай бўлса, шундайлигича чиқара олмадим). Ваҳоланки, бу маълумотнома фуқарога пенсия нотўғри тайинланган деб топилишида асосий роллардан бирини ўйнаган.
Назира опа беш йилдирки, ўзига тўланаётган нафақадан норози. Мутасаддилар ҳар гал унинг мурожаатига жавоб қайтаришар экан, Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига асосан, жавобдан норози бўлса, ўрнатилган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини билдиришади. Бу қонунан тўғри бўлиши мумкин. Бироқ 66 ёшли аёлнинг идорама-идора кўзда ёш билан сарсон бўлиб юриши камми?
Биз Пенсия жамғармаси Хоразм вилоят бош­қармаси мутасаддиларидан Назира Худайберганова виртуал қабулхонага мурожаат қилганидан кейин, пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилинган-қилинмаганлиги ҳақида сўрадик. Улар пенсияни қайта ҳисоблашнинг шартларидан бири сифатида пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи (пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳамда бошқа) қўшимча ҳужжатларни тақдим қилиши лозим эканлигини билдиришди. Урганч туман идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлари Архив бўлимининг 2018 йил 22 январдаги 132-сонли Архив маълумотномаси пенсия­­ни қайта ҳисоб-китоб қилишга асос бўлармикин? Шундай қилинса, Назира опанинг кўзёшлари, оворагарчиликларига барҳам берилармиди?! Нима бўлганда ҳам, масалани ҳал қилишни пенсия жамғармаси мутасаддиларига ҳавола этамиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар