Умр дерлар буни…

325

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, улар ўз касбига умрини, борлиғини бағишлайди. 40 йилдан бери масъул идораларда, жумладан, касаба уюшмалари тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган Равшан Маҳамадалиев, ҳеч шубҳасиз, шу тоифага мансуб.

Равшан акани иш жойидан кам топасиз. Гоҳ пойтахтимиздаги бирон-бир корхонада меҳнат муҳофазаси бўйича маъруза қилаётган чоғида учратсангиз, баъзан ободонлаштириш бошқармасида ходимлар қуршовида кўришингиз табиий. Ҳар қандай вазиятга холисона баҳо бериш, масалага оқилона ёндашиш унинг ҳаётий принципига айланган. Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида фаолият кўрсатувчи бу инсон меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни такомиллаштиришда вақтини ҳам, ўзини ҳам аямайди.
— Устозимиздан бирон марта «бу иш менинг қўлимдан келмайди, бу бизнинг бўлимга тааллуқли эмас» деган гапни эшитмаганман. У кишидан биз — шогирдлар кўп нарсаларни ўрганамиз, — дейди Илҳом Аъзамов.
Равшан Маҳамадалиев сўнгги икки йил давомида 15 дан ортиқ ҳуқуқи бузилган меҳнаткашлар манфаатини ҳимоя қилиб, 40 дан зиёд суд мажлисида иштирок этган бўлса, деярли барчасида масала фуқаролар фойдасига ҳал этилгани эътирофга лойиқ. Равшан ака ходимлар билан рўй бераётган ҳар бир бахтсиз ҳодисани ич-ичидан ҳис қилади, уларга дилдан ачинади. Жабр кўрган инсонларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилади.
— Меҳнат фаолиятимга 40 йил тўлибдики, ҳамон ўзимда чуқур масъулият ҳис қиламан, — дейди Равшан Маҳамадалиев. — Келгусида амалга оширадиган ишларимиз талайгина. Фуқароларимиз меҳнат муҳофазаси йўлида тинмай ишлашга, уларнинг муносиб меҳнат қилишига ўз ҳиссамни қўшишга интиламан.
Касаба уюшма тизимида ишлаётган ходимлардан Равшан Маҳамадалиев ҳақида сўрасангиз, «фидойи», «нотиқ», «билимдон» дея алқаб кетишади. Ҳа, чиндан ҳам Равшан ака моҳир нотиқ, билимдон инсон. У кишининг ҳис-ҳаяжон билан қилган маърузалари кўпчиликда катта таассурот қолдирган. Бундан ташқари, жамоат, маҳалла-кўй ишларида ҳам фаол. Маҳалладаги тўй-ҳашам, маърака бу инсонсиз ўтмайди.
Равшан Маҳамадалиев яқинда 60 ёшни қаршилайди. Узоқ йиллар давомида эл-юрт корига яраган, юртдош­лари манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган бу инсонга чиндан ҳам ҳавас қилса арзийди. Мазмунли умр кечираётган Равшан ака ўз фаолияти орқали ҳали кўп йиллар одамларга фойда келтиришига шубҳа йўқ.
Давронбек ОРИПОВ,
«Ishonch» мухбири  
Бошқа хабарлар