Хазина топганга мукофот борми?

384

Баъзан «тушимда хазина топиб олибман» деган гаплар қулоғимизга чалинади. Хазинага фақат тушда эмас, ўнгда ҳам дуч келиш мумкин. Мабодо сиз хазина топиб олсангиз, уни яшириб-нетиб юрманг. Бунга ҳожат йўқ. Сабаби, шундоқ ҳам топилган бойлик қийматининг эллик фоизи сизникидир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекининг 196-моддасига кўра, эгаси аниқланиши мумкин бўлмаган ёки қонунга биноан ҳуқуқларини йўқотган хазина, яъни ерга кўмилган ёки бошқача усулда яширилган пул ёхуд қимматбаҳо буюмлар хазина яшириб қўйилган мол-мулк (ер участкаси, иморат ва шу кабилар) мулкдори бўлган шахс ва хазинани топган шахс мулкига, агар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, тенг улушларда ўтади.
Хазина у яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс томонидан топилган тақдирда, бу хазина у топилган ер участкасининг ёки бошқа мол-мулкнинг эгасига топширилиши керак.
Тарих ва маданият ёдгорликлари жумласига кирадиган ашёлардан иборат хазина топилган тақдирда, улар давлатга топширилиши керак. Бунда хазина яшириб ­қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулк­нинг эгаси ва хазинани топган шахс биргаликда хазина қийматининг эллик фоизи миқдорида мукофот олиш ҳуқуқига эгадирлар. Агар улар ўртасидаги келишувда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мукофот бу шахслар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.
Бундай хазинани у яшириб қўйилган мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс топиб олса, бу шахсга мукофот тўланмайди ва хазина батамом мулкдорнинг ихтиёрига ўтади.
Хазина топиш учун қазишма ва қидирув ишларини олиб бориш меҳнат ёки хизмат вазифаларига кирадиган шахсларга нисбатан ушбу модданинг қоидалари қўлланилмайди.

Ҳуқуқ ва халқаро ҳаёт бўлими

Бошқа хабарлар