Япон тили билимдонлари

365

Тил билган — эл билади, дейди доно халқимиз. Тилшуносларнинг таъкидлашича, кимки ўз она тилини мукаммал эгалласа, бошқа тилларни ­ўзлаштириши анча осон кечади.

Риштонлик Ғанишер Назиров япон тилининг сир-синоатини қунт билан ўрганди. Буни бошқаларга ҳам ўргатиш мақсадида туман марказида «Риштон — Япония маданий ва иқтисодий алоқалар маркази» қошида япон тили курсларини очди. Тилшунос Кейко Мацуданинг дарслари ва беминнат ёрдами туфайли ёшлар тез орада япон тили билимдонларига айланишди. Марказда бугун олтита гуруҳда 70 нафар ёшлар ўз устида тинимсиз изланмоқда. Улар япон тили бўйича қатор танловларда ғолиб чиқиб, ўз истеъдодлари билан кунчиқар юрт вакилларини ҳайратга солишаётир.
Яқинда ўқув марказида «Lap–servis» ҳамда «Nisso» компаниялари менежмент вакиллари 14 нафар ёшлар ўртасида япон тили бўйича саралаш имтиҳонлари ўтказди. Танловдан муваффақиятли ўтган 4 нафар талаба япон олий ўқув юртларида бепул таҳсил олиш имконини берувчи грантни қўлга киритди.
Марказнинг 16 йиллик фаолияти давомида бир неча ўнлаб истеъдодли ёшларимиз кунчиқар юртда таълим олиб, Ўзбекис­тон номини, маданияти ва қадриятларини япон юртида намойиш этиб, халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, дўстлик алоқаларини ­мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.
— Беш йилдирки, япон тилини ўрганиб келаман, — дейди Риштон академик лицейи талабаси Ойбек Ўринбоев. — Бу ўз самарасини бериб, сўзлашув бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтдим ва олий таълим йўлланмасини қўлга киритдим. Японияда таҳсил олиш учун билимларимни янада мустаҳкамлашга бел боғлаганман.
Тил ўрганишга бўлган иштиёқ, ғайрат ва саъй-ҳаракатлар ўз мевасини бермоқда. Айни кунларда марказнинг собиқ талабалари Алишер Аҳмедов ҳамда Дониёр Назиров Япония олий ўқув юртларида таълим олмоқда.

Абдулҳай ЮНУСОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар