Касаба уюшмалари ҳудудларда

335

«Maxam-Chirchiq» АЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан «Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Унда психолог, олий тоифали тиббиёт ходими Гўзал Алметова маъруза қилиб, оила мустаҳкамлигида эр-хотиннинг ёш масаласи, улардаги ҳаёт тажрибаси, саломатлиги ҳамда руҳий етуклик даражаси муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Шавкат ТОИРОВ,
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгашининг
Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси

 

* * *

Сирдарё вилояти ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитасини ташкил этиш бўйича конференция бўлиб ўтди. Унда қўмита таркиби, аъзолари ва раисини сайлаш ҳамда ташкилотни Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши таркибига киритиш масалалари муҳокама қилиниб тасдиқланди.
– Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси этиб Зохид Рамзуллаев сайланди, – дейди тармоқ касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши раиси Ғулом Жумабеков. – Кенгашимиз таркибига бугун қарийб 3000 нафар янги аъзо қабул қилинди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбири

* * *

«Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларига оид халқаро стандартлар» мавзусида барча ҳудудларда фермер хўжаликлари раҳбарлари учун ўқув-семинарлар ўтказилди.
Уларда 3000 дан ортиқ фермер хўжалиги раҳбарлари, иш юритувчи, механизатор ва сувчилар ҳамда ҳудудий фермер хўжалик­лари бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирок этишди.
Семинарлар якуни Тошкент вилоятининг Бўка ва Навоий вилоятининг Кармана туманларида ўтказилди.

Ҳ.УМАРОВ,
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши меҳнатни муҳофаза килиш бўлими мудири

* * *

«Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» унитар корхонаси касаба уюшма қўмитаси ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан заводнинг илғор ишчилари ҳамда ёшларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди.
Зиёратчилар у ерда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти, буюк давлат арбоби Ислом Каримов туғилиб, вояга етган уйи ҳамда унинг хотирасига бунёд этилган мақбарани зиёрат қилишди. Шунингдек, Регистон, Шоҳи-Зинда тарихий ёдгорлик мажмуалари, гўри Амир мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳамда бошқа қатор обидалар билан танишишди.
Ходимлар саёҳатдан бир олам таассурот билан қайтди.

Норсаид КЎЧКИНОВ,
«Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи»
унитар корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси

* * *

Самарқанд вилоят мудофаа ишлари йиғин пунктида ҳарбий хизматга чақирув муносабати билан бўлажак аскарларнинг ота-оналари ва ёшлар иштирокида турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
— Вилоятимиздан ватан олдидаги шарафли бурчини адо этишга отланган ёшларга касаба уюшмалари томонидан шахсий гигиена воситалари топширилмоқда, — дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Абдусаидов.
Шу кунгача ўз қисмларига жўнаб кетган беш юздан ортиқ ёшларга гигиена воситалари топширилди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар