Навоий — бизнинг огоҳлигимиз

359

Навоийнинг тафаккур оламларида дунё фалсафасининг барча донишмандлик ва оқилликлари баралла зуҳурланиб туради. Ҳа, Навоий ҳақида сўз кетганда куруқ тафаккур ёки қуруқ ғоялар эмас, балки жаҳон фалсафаси туғилгандан ва инсониятга қандай яшаш тўғрисида сўз айтаётганидан буён вужудга келтирган тафаккур оламларига боғлаб фикр юритиш ўринлидир. Навоий инсоннинг инсониятга дахлдорлиги ва фалсафанинг энг бирламчи тушунчаси одамийлик тўғрисида ўзига, замонасига, ўзидан илгари ўтганларга ва маданий тарих саҳифаларига кўнгил гавҳарини чироқ қилиб кириб ўз қарашлари, нуқтаи назарларини баён этади.

Навоийнинг тафаккур оламларида унга тобе қаламлардан тўкилган фикр одамни ва ҳаётни фақат яхшилашга қаратилган. Навоий катта маънодаги одамийликни куёш деб қараркан, бу қуёшга солинган барча йўлларда ақл ва адолат карвонлари тиним билмай ҳаракат қилади.
Эътибор берганмисиз? Навоий ҳамма ҳолларда ва ўзининг барча ҳаётий мақоматларида худди… Ҳа, худди Худо назар солиб тургандай ёзади. Сўз унга коинотнинг қаърларидан ёғилиб келаётганга ўхшайди. Гўё унинг қаламини (ЛОГОС) коинот тирик мавжудотга айланиб тутгандай.
Ва Навоийни ўқиётганда одам худди Хизр сувини ичаётгандай бўлади. Ва худди абадий тирикликка мансублик ҳосил этилгандай. Унинг Худо назаридан холи мисраси йўқ. Ҳар сатри, ҳар байтига Худонинг назари тушиб туради. Буни илоҳийлик, ёлғиз диний ёки диндорлик туйғулари, ҳаяжонлари, эътиқодий изланишларнинг муттасил шиддати билангина тушунтириш қийин. Бу илҳомнинг алоҳида туганмас ҳолати ва даражаси. Бу одамийликнинг туганмас илҳоми. Одамийликни муҳаббатсиз тасаввур килиб бўлмайди. Шунинг учун бу — муҳаб­батнинг алоҳида ҳолати. Бунда Мажнун, Фарҳод, Баҳром, Искандар ва Мансур Ҳаллож каби сўфийларнинг бир-бирига ўхшамаган, бир-бирига тенг бўлмаган муҳаббатларининг Навоий қалби дунёсида жамланиши хамда яхлит ўта сирли ҳодисага айланишидир. Яна бу дунёнинг азал тартиботни белгилаб, тутиб турган ЛОГОС — КАЛАМнинг Навоийга ато этилган алоҳида ҳолати. Ва бу қолаверса, ўша машҳур ЖОМ, ўша машҳур МАЙ ва уларда одамга кўз ва назар берилганидан бери акс этаётган борлиқнинг ҳолларидан ўзгача завқ, ҳаяжон, шавқларга тўлишдир.
Навоийдаги одамни ҳамиша ҳайратга соладиган ШАВҚ, уни илҳом ҳолатида қамраб оладиган шавқ билан Шайх Мансур Ҳаллождаги доимий зикр, шавқ ҳолати, эътиқодий зокирликлар ўртасида аллақандай яқинлик бор. Навоийдаги яратувчилик шавқининг табиати Мансур Ҳаллождаги эргаштирувчи шавқнинг табиати ўзаро ғоятда яқин. Навоийда ҳудди Мансур Ҳаллож ва Фаридиддин Атторда бўлгани каби ахлоқий ва эътиқодий ­майллар хосил килувчи эҳтироснинг чеки, ­поёни йўқ.
Мансур Ҳаллож ва Аттор орқали шу олий ижодий шавқ Навоийга мерос бўлиб ўтган кўринади.
Улар қаламни илоҳий деб билганликлари, уни азалий интеллект — ақли аввал деб тасаввур қилганликлари боис, қалам ҳузуридаги шавқ Оллоҳ ҳузуридаги доимий сўфиёна шавқ-завқлар билан ажаб тарзда кўшилиб, уйғунлашиб кетади.
Оллоҳнинг назари, Оллоҳнинг борлиғи инсонда доимийдир. Яъни одам бу илоҳий назар ва борлиқдан бир зум ҳам холи эмас. Оллоҳ ҳамиша инсонда кифоя қиларлик даражада мавжуд. Шунинг учун ориф инсоннинг Оллоҳга таваккалида туганмас яхшилик ва маърифат зоҳир. Орифлик Худо ва Инсон боғланишини — билиш, ҳис қилиш, маърифат ва илм эса шу боғланишларни билиш, ўрганиш, умр бўйи излашлардир. Навоий одам учун шу боғланишларни оқиллик ва одилликка етак­ловчи энг зарур ҳол деб ҳисоблайди.
Навоийда одамийлик карвонларидан бирини огоҳлик бошқариб боради. Огоҳлик ҳамма ҳолларда оқиллик ва одиллик билан ҳамкорлик қилади. Инсон коинот маҳсули. Коинот фарзанди. Худо уни ўзидан нусха кўчириб яратган. Америка олимлари яқинда ҳужайранинг нимадан тузилганлигини кашф этдилар. Бу ҳаёт деган нарсанинг нимадан бино бўлганлигини билиш билан баробардир. Улар текширишга муваффақ бўлган зарраларнинг неча миллионлардан бир улушида худди инсон сурати кўриниб тургандек бўлди. Шу кўзга кўринмас зарра ичра одамнинг юраги уриб тургандек эди. Бу мўъжиза одамнинг коинот билан қанчалар чамбарчас боғланганлигини яна бир карра исботлади. Катта олам — коинотда одам — кичик олам — кичик коинот каби яшайди, кичик олам каби вужудга келади ва катта оламда жойлашади. Энг ажойиб томони шундаки, одам кичик олам сифатида катта оламнинг барча хосиятларини ўзида акс эттиради ва мужассам этади.
Одамнинг ўзини билиши, англаши — Худо ва у яратган бепоён борлиқни билиш ва англашда дастлабки босқич, даражадир. Бу унинг орифлигига яна бир ишорадир. Лекин билиш, орифликда — огоҳлик одамийликнинг энг зарур белгиси, комилликка интилишнинг нишонаси, тириклик шукронаси ва файзидир.
Навоий «Ҳайратул-аброр»нинг эъжозий ривоятларидан бирида бир қария салтанат қурган улуғ подшоҳ Ҳусайн Бойқарони қозига олиб боргани ҳақида ҳикоя қилади. Бу қариянинг ёлғиз ўғли Ҳусайн Бойқаронинг йигитлик чоғларида тож-тахт талашларида қатнашиб ҳалок бўлган экан. Қария Ҳусайн Бойқарога сен туфайли менинг ўғлим ҳалок бўлди, деб даъво қилади. Бойқаро қариянинг даъвосини тан олади ва у билан бирга ҳақиқатни аниқлаш учун қозига боради. Қози тўрт гувоҳ келтирсанг, сенинг даъвойингни қондираман, дейди қарияга. Гувоҳлар топилиб, қариянинг ўғли ҳақиқатан ҳам тож учун жанг-жадалларда қисмат майини ичганлиги исботланади. Шунда Ҳусайн Бойқаро бир томонга жуда катта пул — олтин-кумушлар қўяди ва яна ўз навбатида қариянинг қўлига ўзининг ўткир қиличини тутқазади. «Ўғлингнинг хунини олмоқчи бўлсанг, мана, бошим. Агар унинг жони эвазига товон олишга рози бўлсанг, мана, истаганча давлатим… У чоғларда, ўғлингнинг ҳалок бўлишида менда ихтиёр йўқ эди…» — деб бошини қарияга тутиб беради. Буни кўрганларнинг тиллари танглайларига ёпишади. Қария ҳам ҳайратдан лол қолиб уввос солиб йиғлайди. Қиличини ерга ташлайди. Подшоҳ оёғига узрлар айтиб йиқилади:
— Ўғлим сенга жон фидо қилган бўлса, менинг қари жоним ҳам сенга қурбон бўлсин. Сени изтиробга солган бўлсам, мени кечир. Мен хароб бўлган одамман, — дейди.
Бу ривоят — бўлган воқеа. Ва бунда адолат олдида шоҳу фақир тенг бўлгани, тенг турганлигини кўрамиз. Бобур Ҳусайн Бойқаро бировнинг қонига ноҳақ зомин бўлган ўғилларидан бирини адолат қўлига топширганлигини ёзади. Навоий бундай ҳолларни подшоҳнинг адолатини унинг олий маънодаги огоҳлиги билан изоҳлайди ва шу огоҳликда мамлакатнинг қудрати, мустаҳкамлиги, раиятнинг тинчлиги, фаровонлиги ва гуллаб яшнаши рамзини кўради.
Нақшбандийликда хилват дар ватан деган тушунча бор. Нақшбандийлик тушунчалари, истилоҳлари, қоидалари борасида кейинги пайтларда бирмунча тадқиқотлар юзага кела бошлади. Хилват дар ватан нақшбандийа тариқатининг ўн битта асос қоидасига киради. У соликдан ўз ички ватанига доимий тарзда саёҳат қилишни, кичик оламнинг барча қитъаларини кезиш, ёмон хулқлардан халос бўла бориб, яхши, гўзал хулқлар орттира боришни кўзда тутади. Навоий нақшбандийанинг ўн бир ғоятда ўзига хос қоидасининг ҳар бирининг мазмуни, маъноси тагида огоҳлик ётганлигини жуда теран тушунади. Йодкард, бозгашт, нигохдошт, йоддошт, хуш дар дам, сафар дар ватан, назар ба қадам, хилват дар анжуман, вуқуфи замон, вуқуфи адад ва вуқуфи қалб ҳолатларининг барининг асл маъноси огоҳлик — Худонинг ва унинг ҳақиқатида огоҳлик ва шу огоҳликни тарбиялаш, уни вужуднинг доимий ҳолатига айлантириш. Кичик оламнинг нақшбандийликдаги энг улуғ маърифати ана шундан иборат.

Бўлмаса ҳаҳ ёдидан огоҳлик
Билки гадоликча эмас шоҳлик…

Навоий тирикликда огоҳликнинг маъносини ҳақ билан бирга бўлиш, унинг ёди билан яшашда кўради. Умрнинг вафосизлиги, унинг учган юлдуздек тез ўтиши, худди туш каби кечиши, кўриниш берган нарсалар саробдек йўқлик сари кўчишини ҳар ўринда таъкидлаб боради. Боқий гўзаллик, боқий ҳақиқат билан фоний гўзаллик, ўткинчи ҳақиқатнинг зиддиятлари асосига ўз ахлоқий, фалсафий қарашларини қуради.
Яна бир ҳақиқат шундан иборатки, Навоий сатрларидан ҳаммавақт Қуръон оятларининг ҳайбатлари ва одамни сакинага чорловчи садолари келиб туради. «Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир» («Аъло», 17). Фақат бир шарти борки, одамийликда камол касб этилган бўлсагина, одамийга охират ҳакиқатан ҳам яхширок ва боқийроқдир.

Жумла жаҳон фонийи мутлақ дурур
Боқийи мутлақ тиласанг ҳақ дурур…

Сураи «Аъло»да ҳидоят эгаси Оллоҳ ўткинчи дунёда ўт-ўланларни ундириб чиқариб, сўнг уни қорайган хас-хашакка айлантирганлиги эслатилади. Сўфийлар фалсафий дунёқарашларида ўткинчи дунё — даҳрни бебақо ва хароб деб қараш кўп асрлар давом этди. Навоий бу ўткинчилик ғоясини — огоқликка чақирадиган ғояни «Хамса» ва бошқа буюк ахлоқий асарларида бадиий юксак нафосат билан қайд этиб бораркан, ундан ўзининг одамийликда огоҳлик ғоясини ҳар томонлама кучайтириш мақсадида тўла истифода этади. Бу Навоийда жуда юксак фикр ва ғоялар тизими тусини олади.
У Навоий яратган инсон фалсафасининг, Навоий дунёқарашининг таркибий қисмига, бу дунёқарашни мунтазам тутиб турган қуламас қўрғон, минора, устунга айланади. Навоий бу юксак ғояни — унинг юксаклигини таъкидлаш учун ўта муболағадор образлар воситасида муҳрлаб боради.
Навоий огоҳлик қадрияти тушунчаси — ғоясининг моҳиятини шоҳлик — гадолик, ўткинчилик — боқийлик сингари бир-бирига зид тушунчаларга мурожаат этиб, бўрттириб ифодалайди. Бўрттириш қанча кучли бўлса, фикрнинг аҳамияти шунча равшанроқ очилади. Бундай ҳолларда Навоий ҳукмнинг ҳам тасдиқ, ҳам инкор шаклларидан фикрий тизимларида ғоят усталик билан фойдаланади. Қаршилантиришларнинг гўзал силсилаларида ўз ғоясининг гўзал, жозибадор тасдиқларини очади:

Бўлса гадо тангридин огоҳлиғи
Бордур анга икки жаҳон шоҳлиғи…

Навоий ривоят қилишича, қадимият подшоҳларидан Иброҳим Адҳам кўнглига ғайб зилзиласи тушиб, тахту салтанатини ташлаб, мулклару хайлу ҳашамларидан бутунлай юз ўгириб, Каъба зиёратига йўлга тушди. У чўл, саҳролардан пойи пиёда ўтиб бораркан, хар қадамда икки ракат намоз ибодатини тарк этмай адо этарди. Шу тариқа у ўн тўрт йил деганда Каъба зиёратига етиб келди. Унинг ҳолатида бир ғаройиб ходиса содир бўлди. Маккага етиб яқинлашганда, қарайдики, байтул-ҳарам ўз ўрнида йўқ. Иброҳим Адҳам фиғон чекиб нола қилади:
— Ё илоҳо, бу недур?
Шунда ғайбдан бир садо келадики, саҳро этагида бир аёл шавқ ва муҳаббат юкидан кадди тамомила дол бўлиб, ожизликдан юришга мадори қолмади. Унинг юролмай қолганини кўриб Каъба уни тавоф қилгали борди. Иброҳим Адҳам қараса, Робия келаётган экан. Ўн тўрт йил кеча-кундуз ибодатда Каъба сари йўл босган Иброҳим ҳайратга тушиб сўради:
— Мен кўп ранж-азиятлар чекиб келдим, лекин ганж сенга насиб бўлди. Бунинг сабабини сен айтолмайсанми, эй Робия?
Робия жавоб берди:
— Огоҳ бўл. Неча йиллар арзи намоз қилиб йўл босдинг. Мен эса арзи ниёз ила илтижо қилиб келдим. Сенга намозу риё самара берди. Бизга ниёзу фано этак тутқазди…
Риёзату машақкатлар тагида риё ва иккиюзламачилик яшириниб ётган бўлса, бу ҳам Худога маълум. Лекин ўз меҳнат машаққатларига ҳеч қандай мукофот кутмаган, балки муҳаббати ва ниёз даъвати билангина йўлга чиққан Робиянинг холис ихлосига Каъба таъзимга чиқди.
Робиянинг шоҳлигини фақирликка алмашган Иброҳим Адҳамга карата: «Огоҳ бўл!» — дейишида Навоийнинг севган шиори бор.
Навоий назарида Робиянинг муҳтожлиги — ниёзи, илтижолари Иброҳим Адҳамнинг ранжу риёларидан беҳад кучлироқ. Бепоён улуғ осмон кўз ўнгида эса бу беҳад мақбулроқ, марғуброқ. Шунинг учун Каъба чин ёлвориш ва илтижога пешвоз келади.
Муштоқлик, илтижо, муҳтожлик, яъни ниёзнинг қадри Навоий дунёқараши ва ғоялари тизимларида жуда олийдир. Навоий риёсиз огоҳликни энг юксак фикр, ҳаракат тарзида улуғлайди ва уни ўз ранг-баранг қаҳрамонлари сийратлари ва сиймоларида бирин-бирин кашф қилади.

Махлас иши барчага ниятдадур
Топмоқ ани лек машиятдадур…

Навоий жуда улуғ мақомдаги фикрларини мана шундай ўта содда ва ўта ҳикматли тарзда ифодалашда тенгсиздир. Ихлос иши кўнгилдаги ниятга кўра бўларкан. Лекин ниятга етишмоқ фақат ҳаракат ва инсон ғайратигагина боғлиқдир.

Иброҳим ҒАФУРОВнинг
«Ҳаё — халоскор» китобидан олинди

Бошқа хабарлар