Ёшлар ҳузурида

26

Хабарингиз бор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2018 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан келишилган ҳолда тасдиқланган бўлиб, жойларда мазкур дастур ижросини таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида сезиларли силжишлар кузатилмоқда.

Қашқадарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан Қарши давлат университетида ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам ушбу долзарб масалалар ҳақида атрофлича сўз борди.
Тадбирда бирлашма кенгаши раиси Эсон Ражабов мамлакатимизда ёшларга кенг имконият эшиклари очилгани, янгидан-янги имтиёзлар яратилаётганини таъкидлади.
Қайд этилдики, бирлашма томонидан ўтган йилда вилоятдаги юридик шахс мақомига эга бўлган 16352 дан зиёд корхона ва ташкилотнинг жамоа шартномаларига ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилди. Кўплаб кам таъминланган оила фарзандларига дарслик ва ўқув қуроллари харид қилинди. Минглаб эҳтиёжманд ёш оила вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларининг қисман тўлови амалга оширилди. Бундан ташқари, уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 99 та ёш оилага ­фоизсиз ссудалар ажратилди.
Мулоқот чоғида университет ёшлар иттифоқи етакчиси Элдор Баротов олий ўқув юртида яратилган шароитлар, ёшларга оид Давлат дастури ижросига оид режа ва вазифаларга тўхталди.
— Университет ходимлари ва талабалари касаба уюшма қўмитаси аъзосиман, — деди хорижий тиллар факултетининг инглиз тили ва адабиёти йўналиши талабаси Шоҳжаҳон Хайруллаев. — Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш замирида биз, ёшларга жуда кўплаб имтиёз ва имкониятлар белгиланган. «Касаба уюшмалари стипендияси» ва «Касаба уюшмалари таълим гранти» лойиҳалари ҳам фикримизга мисол бўла олади.
Тадбирда университет табиий фанлар факултетининг биология йўналиши 2-босқич талабаси Дилшода Розиқовага энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида олти ой муддатга касаба уюшмалари стипендияси тайинланиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси сертификати топширилди.
— Муассасамизда иш берувчи, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи каби ҳамкорлар билан биргаликда ёш авлодни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд талабаларни рағбатлантириб бориш изчил йўлга қўйилган, — дейди университет ходимлари ва талабалари касаба уюшма қўмитаси раиси Тўйчи Валиев. — Ўйлаймизки, бунга жавобан ёшларимиз юксак салоҳияти, изланиши, янги ғоя ва ташаббуслари билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишади.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар