Ўйин ёки қонунбузилиш бартараф этилмаётгани хусусида

758

Раббим Тожиқуловнинг сарсон-саргардонликлари унинг Тошкент вилояти суд тиббий экспертиза бюроси раҳбари Муҳаммадали Ҳайдаровга 2009 йил 8 октябрда қалбаки меҳнатга лаёқатсизлик варақасини берганларга нисбатан қонуний чора кўриш ва қоидабузарлик оқибатларини бартараф этишни сўраб, Чирчиқ шаҳар прокуратурасига маълумот киритганидан сўнг бошланди.

Р.Тожиқуловнинг шундан буён бормаган идораси, учрамаган мансабдор шахси, иши кўрилмаган суд инстанцияси қолмади. Воқеа эса шундай бўлганди…

Р.Тожиқулов 1998 йилдан бошлаб Қибрай туман суд тиббий экспертиза бўлинмасида эксперт лавозимида ишлаб келган. 2009 йил 6 октябрда иш берувчи М. Ҳайдаров тазйиқи ва алдови остида ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзади. Ариза дарров қаноатлантирилди. Аммо жараёнда меҳнат қонунчилиги талаблари жиддий равишда бузилишига йўл қўйилди. Жумладан, бу ҳолат Чирчиқ шаҳар прокуратурасининг 2011 йил 24 декабрдаги қонунбузилиш сабаб­лари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Т.Аҳмедовга киритган тақдимномасида ўз тасдиғини топган. Тақдимномада меҳнат қонунчилигига зид чиқарилган буйруқлар бекор қилиниши талаб этилган. Мисол учун, юритилган жиноят иши бўйича Чирчиқ шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази ходими Д.Обидова мутахассис сифатида жалб этилиб, қуйидаги ғайриқонуний ҳолатлар аниқланган: биринчидан, бюро бўлим мудири Т.Ғуломов Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг вилоят суд тиббий экспертиза бюроси бошлиғи вазифасини вақтинча бажариш тўғрисидаги буйруғидаги ваколат муддати тугаганлигига қарамасдан ўз-­ўзига лавозим муддатини чўзиш ҳақида 2009 йил 2 октябрда 112-сонли буйруқ чиқарган, иккинчидан, ваколати тугаганлигига қарамасдан Қибрай туман суд тиббий эксперти ­Р.Тожиқуловнинг ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш тўғрисидаги аризаси асосида 2009 йил 6 октябрда чиқарилган 113-сонли буйруқни имзолаган.
Тақдимномада вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасидан суд тиббий экспертиза бюросининг ғайриқонуний чиқарилган ҳар иккала ­буйруқларини бекор қилиш ва меҳнат қонунчилигига мослаштириб қайта қонуний буйруқлар қабул қилиниши сўралган.
Хўш, Чирчиқ шаҳар прокуратурасининг меҳнат қонунчилигига мослаштириб қонуний буйруқ қабул қилиш тўғрисидаги тақдимномаси талаблари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси суд тиббий экспертизаси бюроси раҳбарияти томонидан қонуний ижро этилдими? Бу саволга «ҳа» деб жавоб бериш қийин. Чунки бюро бошлиғи Муҳаммадали Ҳайдаров томонидан 2012 йилнинг 4 январида чиқарилган 1/«И» сонли буйруқда: «Бюро бошлиғи вазифасини бажарувчи Т.Ғуломов томонидан расмийлаштирилган «Тошкент вилоя­­ти суд тиббий экспертиза бюроси бошлиғи М.А.Ҳайдаровнинг бетоблиги тўғрисида»ги 112-сонли буйруқ бекор қилинсин, 2009 йил 6 октябрдаги 113-сонли Р.А.Тожиқуловнинг ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин, Тошкент вилояти суд тиббий экспертиза бюроси Қибрай тумани суд тиббий экспертиза бўлинмаси суд тиббий экспертининг ўз аризасига кўра Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан 2009 йил 6 октябрдан меҳнат шартномаси бекор қилинди деб ҳисоблансин», дейилади. Тақдимномада эса Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ ариза ёзилган кундан икки ҳафта ичида кўриб чиқилиб, тегишли буйруқ фақатгина бошлиқ томонидан чиқарилиши, ўз хоҳишига кўра ёзилган аризалар қайта кўрилмаслиги аниқ-равшан кўрсатиб ўтилган.
Тошкент вилояти меҳнат бош бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Ж.Бойхўжаев суд тиббий экспертиза бюроси мазкур буйруқни бекор қилиш ва қонунга мослаштиришда Ўзбекис­тон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддаси талабларига риоя этмаган деб ҳисоблайди. Чунки, буйруқни қонунлаштириш учун ушбу моддада белгиланган икки ҳафталик муддат тугаган, бундай ҳолда эса иш берувчи ходимнинг муддати тугаган аризаси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас, ариза ўз кучини йўқотганлиги боис ходимдан такрорий ариза олиниши лозим эди.
Гарчи, прокуратура меҳнат қонунчилиги бузилганини икки йил-у уч ойдан сўнг қайд этиб, Р.Тожиқуловнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган бўлса-да, на тегишли мутасаддилар, на суд томонидан ҳақиқат тикланмади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, суд тиббий экспертиза бюроси суҳбатга чақириб, ундан қайта ариза олиб ўтирмади. Меҳнат қонунларига зид равишда чиқарилган юқоридаги буйруқ билан чекланишди. 2012 йилда унинг прокуратура тақдимномаси асосида ФИБ Чирчиқ туманлараро судига берган аризаси муддати ўтган баҳонаси билан кўрмасдан қолдирилди. Қизиқ-а, прокуратура қонун бузилишини қайд этган бир пайтда суд даъвони рад этган. «Суд Ўзбекистон Республикаси ФПК 15-моддаси талабларига зид равишда тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун асосланган ҳолда чоралар кўрмаган, – дейилади Чирчиқ шаҳар прокурорининг фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг кассация инстанциясига юборган хусусий протестида. – Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 100-моддаси 2-бандига кўра айни бир тарафлар ўртасида, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилган талаб­ларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса, суд иш юритишни тугатади. Бироқ бугунги кунда даъвогар Қибрай туман бандликка кўмаклашиш маркази фуқаро Р.Тожиқуловнинг манфаатида даъво аризаси киритилганлиги, даъвогар ўзгарганлиги ва низо мазмунан кўрилиб, қарор қабул қилиниши суднинг эътиборидан четда қолган. Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 312-моддаси 1-қисмининг 1-4-бандига кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, суднинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги, моддий ҳуқуқ нормалари ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланганлиги суднинг қарорини апелляция, кассация ва назорат тартибида бекор қилишга асос бўлади».
Р.Тожиқулов тушмагур етти йилдан бери шикоят ёзишдан, тегишли идоралар эса даъво муддати ўтган дейишдан эринмаяпти. Аслида ҳақиқатни тиклашнинг муддати бўлмайди-ку. Шундай эмасми?!.

Улуғбек Ибодинов,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар