Бошқотирма ажрим

247

Шу кунларда Балиқчи туманининг Қия­­ли маҳалласида яшовчи Жўрабой ота Қўчқоровнинг жуда хуноби ошган. Қулоқ тутсангиз, ҳасратидан «чанг» чиқади.

Унинг иддаоси шундай: Асака туманида яшовчи таниши ишончига кириб, олти йил аввал ундан 1000 АҚШ доллари олган-у, шу пайтгача қайтариб бермаган. Такрор-такрор қарзини сўрайвериб чарчади. Ахийри, Балиқчи тумани ички ишлар бўлимига мурожаат қилди. Ҳуқуқ-тартибот посбонлари аризада тилга олинган шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган, дея жиноят иши қўзғатишни рад этиб, «Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилинг», дейишди.
Шундан сўнг Жўрабой ота фуқаролик ишлари бўйича Избос­кан туманлараро судига ҳам қарзини, ҳам етказилган маънавий зарарни ундириб бериш юзасидан даъво аризаси берди. Суд 2017 йилнинг 23 ноябр куни даъво аризасини қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ эмас, деб топди. Икки хил даъво учун 236 минг 887 сўм миқдорида давлат божи тўланмаганлиги сабабли аризани ҳаракатсиз қолдириш ва 4 декабрга қадар кўрсатилган барча камчиликни бартараф этиш юзасидан ажрим чиқариб берди.
Жўрабой ота айтилган камчиликларни бартараф этишга киришиб кетди. Демак, аризада ўзи ва жавобгарнинг шахсига оид маълумотларни келтириши, қарз муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши ва ниҳоят, давлат божини тўлаши керак. Булар ҳал этилди. Аммо судя айтган камчиликларнинг бирига келганда, чунонам боши қотдики… айтишга тил бормайди. У ўзини ҳуқуқий саводим чатоқ, шекилли, ақлим етмаяпти, деб овутишга тушди.
Ажримда келтирилган ва даъвогарнинг «ақли етмаган» жумлалар билан танишинг:
«…даъвогар ўзининг даъво аризасига илова сифатида мазкур фуқаролик ишини ўзининг иштирокисиз кўришни сўраган бўлса-да, аммо суд қарз ва маънавий зарарларни ундириш ҳақидаги фуқаролик ишида даъвогарнинг шахсан иштирок этиши ва жавобгарни боланинг отаси эканлигини тасдиқловчи далилларни келтириши ва даъво талабини исботлаши шартлиги, агар жавобгар болани тан олмаган тақдирда суд томонидан тайинланиши мумкин бўлган Одам ДНКси суд-биологик экспертизасида шахсан иштирок этишини шарт, деб баҳолади».
Ажримдаги бири боғдан, бири тоғдан келган жумлаларни ўқиб, ўйланиб қоласан киши: кулиш керакми, куйиш? Икки киши ўртасида пул олди-бердиси билан боғлиқ муносабатлар ҳақида гап кетса-ю, судя жаноблари «жавобгар боланинг отаси эканлигини тасдиқловчи далилларни» олиб келишни талаб қилса. Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди амалиётга мана шундай янгиликни жорий этмоқчими? Бу саволларга ажримга имзо чеккан суд раиси, шунингдек, судга раислик қилган А.Маматов аниқлик киритиб берса керак, деб ўйлаймиз. Нима дедингиз?

Нурилло НЎЪМОНОВ

Бошқа хабарлар