Ички туризмда янги давр

425

Эсимни таниганимдан буён қиш­лоғимиз одамларининг атайлаб саёҳатга чиққанини эслай олмайман. Ёши улуғлар фарзанди ёки набиралари олдида мақтанмоқчи бўлса, вилоят маркази, нари борса, фақатгина Тошкент шаҳрига борганини, кўп мўъжизалар кўргани-ю, ҳайратда қолганини айтишарди.

Ўзбекчиликда ички саёҳат тушунчаси амалда ўзгачароқ талқин этилади. Яъни, маълум бир сабаб билан йўлга чиқса, шу саёҳат. Олайлик, фарзандини пойтахтда ўқитиш ёки ўзи бемор бўлса даволаниш, бирор ҳудудда ишлаётган ўғли ёки турмушга узатган қизини кўриш каби сабаб­ларгина бизни сафарга ундайди. Боиси, оилапарвармиз: топганимизни рўзғор бутлиги, ота-она розилиги, фарзандларимиз тарбияси учун сарфлаймиз. Тўғри, истисно ҳолатлар ҳам бор: курсдошлар ёки жамоа билан айланиш, танишларнинг тўйи, энди-энди урф бўлаётган оилавий сафарлар каби саёҳатбоп вазиятлар ҳам ҳаётимизда учраб туради.
Отамнинг мен учун ҳам қадрдон бўлиб қолган, турли йиллар хотираларини эслатувчи албомлари бор. Унда Қарши давлат университетида ўқиб юрган кезлари Самарқанд шаҳрига уюштирилган саёҳат акс этган расмлар ҳам борки, отам ҳамон ажиб бир завқ ва соғинч билан ўша сафар таас­суротларини сўзлаб беришни хуш кўради.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!

Юқоридаги мулоҳазалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори сабаб хаёлимдан бир-бир ўта бошлади. Англадимки, ушбу ҳужжат халқимиз маданий ҳаётида янги саҳифа очди. Туризм борасидаги ишлар, айниқса, ўтган бир йил давомида анча жадаллашди. Қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилиб, фаолият йўналишлари аниқ белгилаб берилди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Қўқон каби қадимий шаҳарларимизда ўзи хос саёҳатбоп иқлим, туристлар учун қулай шароитлар яратишга киришилди.
Бу борадаги инфраструктура ҳам халқаро стандартлар даражасида ривож­ланаяпти. Соҳа истиқболида янги йўналишлар кашф этилиб, кенг қамровли ­лойиҳалар жорий этилмоқда. Алпинизм, отда, туяда, велосипедда саёҳат қилиш, off-road сайёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, хелиски, геотуризм, таълим туризми, тиббий туризм каби янги сайёҳлик йўналиш­лари оммалашаяпти.
Мазкур қарор ушбу ислоҳотлар жараёнини юқори босқичга кўтариш баробарида, халқимиз манфаати йўлидаги муҳим қадамлардан бўлди. Бу аҳолининг саёҳатларга бўлган қизиқишини ошириб, маданий ҳаётда кўплаб ёрқин саҳифалар очилишига, одамларнинг яшашдан завқ туйишига олиб келади. Қарорга мувофиқ тасдиқланган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз. Режа ижросини мувофиқлаштириш Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, маҳаллий ҳокимиятлар қатори Касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси каби халққа яқин, уларнинг турли тоифаларини қамраб олувчи жамоат ташкилотлари зиммасига юклангани ҳам бежиз эмас.

— Қарорга кўра, жамоа шартномаларига рағбатлантириш чораси сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўз ходимларининг камида 10 фоизини оила аъзолари билан биргаликда ҳар йили дам олишга (ички туризмга) юборишни назарда тутадиган жамоавий ва оилавий дам олишини ташкил қилиш нормаси киритилиши белгиланди, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши бўлим мудири Маҳмуджон Исаев. — Бундан ташқари, ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ улар учун қулай бўлган вақтда саёҳат қилиш ва дам олиш учун таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ҳисобидан ҳам дам олиш кунлари бериш кўзда тутилмоқда.

Ўзимизники барибир бошқача

Инсон ҳаётида саёҳатлар алоҳида ўрин тутиб, мазмунли онлар сифатида хотирада муҳрланиб қолади. Негаки, саёҳатда, биринчи навбатда, сиз учун янгилик бўлган ўзгача муҳитни кўрасиз, табиат мўъжизалари, инсон ақлу заковати билан бунёд этилган қадимий ва замонавий иншоотлар гувоҳи бўласиз.
Хорижий давлатларни қўятуринг, ҳатто юртимиздаги тарихий шаҳарларни билмайдиганлар орамизда қанча!? Эсланг-чи, Самарқанд ёки Бухоро шаҳрига охирги марта қачон боргансиз? Ҳатто дунё нигоҳидаги қадим шаҳарларимизга умуман бормаган юртдошларимиз миллионларни ташкил этса, ажабланмайман. Оммавий ахборот воситалари орқали хорижий давлатлардаги шаҳарларга, туристик зоналарга қизиқамиз-у, бундан-да гўзал, қадимий ва жозибадор, асосийси, ёнимиздаги масканларга эътиборсизмиз…
Маълумки, Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторида эътироф этилади. Юртимизда 7 мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик мавжуд. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Дунё давлатлари ҳавас қилса арзийдиган шундай имкониятимиз бор. Нега энди, биринчи навбатда, саёҳатни ўзимиздан бошламаслигимиз керак? Бундан, аввало, завққа тўла маданий ҳордиқ оламиз, қалбимиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Шунингдек, иқтисодиётимизга, ички туризм ривожига салмоқли ҳисса қўшган бўламиз.

Барчамиз учун муҳим

Қарорга асосан белгиланаётган қуйи­даги жиҳатлар сизни янаям қизиқтириб қўйиши турган гап. Ички саёҳатларга жорий йил 10 февралдан бошлаб уч йил муддатга қатор имтиёзлар берилмоқда. Айнан келтирамиз: «иш берувчининг туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолиниши лозим;
жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон Рес­публикаси бўйлаб туристик йўлланмаларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади. Бунда туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади».
— Ички туризмда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш орқали корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини саёҳатларга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди «Kasaba sayr» шўъба корхонаси директори Тўлқин Хидиров. — Шунга кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарори билан тизимда 2018 йилда туризмни ривожлантириш бўйича комп­лекс чора-тадбирлар Дастури ҳамда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун 2018 йил давомида саёҳатлар ташкил этиш тақсимот-режаси тасдиқланди. Унга мувофиқ, жамоа шартномалари ва тармоқ келишувларига киритиш орқали 130 минг ходим ва уларнинг оила аъзоларини тарихий шаҳарларимиз ва маҳаллий ҳудудлардаги диққатга сазовор жойларга жамоавий саёҳатларини ташкил этиш, шунингдек, корхонамиз орқали 10 минг саёҳатчини тарихий шаҳарларимизга сафарларини уюштириш белгиланган.
Ички саёҳатларга ходимлар, уларнинг оила аъзоларини жалб этиш билан бирга, ёш авлод вакилларини ҳам унутмаслигимиз керак, албатта. Негаки, ёшларнинг Ватанни севиши, миллий маънавиятга, тарихга ҳурмати ошишида, бир сўз билан айтганда, ўзлигини англашида туризм­нинг ўрни беқиёс. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, дея бежиз айтишмайди. Хориждан кириб келаётган «оммавий маданият»нинг турли зарарли кўринишларига қарши энг яхши иммунитет, шубҳасиз, юрт тарихи, аждодлари ва маданиятини билиш ва фахрланишдир.
— Аксарият ўқувчи ва талабалар ўз вилоятидан ташқарига чиқмаган, бугунги кунда бу фожиага тенг, десак янглишмаймиз. Ҳатто туризм коллежлари ўқувчилари ҳам ўзи яшаётган жойдаги тарихий обидалар, уларнинг тарихи ҳақида маълумотга эга эмас, — дейди Халқаро пресс-клуб томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Дунё ва биз

Дунёда туризм саноати илғор ва седаромад соҳалардан бирига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича 200 миллионга яқин киши ушбу соҳада меҳнат қилади, жаҳон иқтисодиётида халқаро туризмдан тушаётган даромад 1 триллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этаяпти. Жаҳон бўйлаб сайёҳлар йилига 4-5 фоиз кўпайиб, ҳар йили бошқа давлатларга саёҳат қилувчилар 1 миллиарддан ошмоқда.
Хўш, мамлакатимиз ушбу рақобатга қай даражада тайёр? Юртимизда 800 дан ортиқ сайёҳлик ташкилоти фаолият кўрсатиб, 600 дан зиёд замонавий меҳмонхона, сайёҳлик базаси ва кемпинг мавжуд экан. Дам олиш масканлари йил сайин кўпайиб, хизмат кўрсатиш тури ва сифати юксалаяпти. Янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилаётгани, транспорт-коммуникация тизими халқаро стандартлар даражасига келтирилаётгани соҳа ривожига, мамлакатимизга қизиқувчи сайёҳларнинг кўпайишига замин яратмоқда. Президентимиз фармонига асосан Исроил, Индонезия Республикаси, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши кўзда тутилган. Шунингдек, яна 39 та давлат фуқаролари учун туризм визаларини расмийлаштиришнинг осонлаштирилган тартиби белгиланади.
Жаҳон туризми экспертлари Ўзбекис­тонни яқин келажакда сайёҳлар оқими янада ортиши кутилаётган беш давлат қаторига қўшиб, мамлакатимизда кейинги 10 йил ичида туризмнинг йилига 7 фоиздан ўсиб боришини башорат қилишмоқда. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, экспорт ва ялпи ички маҳсулот ҳажми ошиши, аҳоли турмуши фаровонлигини янада юксалтириш имконини яратади.

Ҳа, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар шиддат билан давом этмоқда. Шунга қарамай, юртимиз туризм салоҳиятини намоён этиш учун кўплаб масъулиятли вазифалар ҳали олдинда. Нима бўлганда ҳам, сайёҳлик соҳасида Ўзбекистон бренди қанча юксалса, дунё ҳамжамиятидаги ўрнимиз ҳам шунчалик мустаҳкамланиб бораверади.

Акмал ТОШЕВ

Бошқа хабарлар