Йиртиқ пул яроқсизми?

33

Хўш, валютамиз қайси ҳолларда муомалага яроқ­сиз саналади? Марказий банкнинг Адлия вазирлигида 2008 йил 27 июнда 1831-сон билан рўйхатга олинган «Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома»да «сўм»нинг тўловга яроқлилик белгиларини аниқлаш қоидалари кўрсатиб ўтилган.
Унга кўра, хўжалик юритувчи субъектлар қуйидагича шикастланган банкнотларни монеликсиз тўловга қабул қилишлари ва тушум пули сифатида банкларга топшириш­лари лозим:
– ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилишлар, сийқаланишлар, доғлар, қалам, сиёҳ ва фломастер билан ёзилган ёзувлари мавжуд бўлган пуллар;
– йиртилган ва елимланган пуллар, агар пулнинг иккала қисми шак-шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса;
– бўёқ моддалари ва кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;
– шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолган пуллар.
Шунингдек, шикастланиш туридан қатъи назар (шакли бузилган, пачоқланган, сийқаланган, тешилган, қирқилган, синдирилган, ишқорга солинган, бирор-бир металл билан пайвандланган, оловда эритилган, кўкариб ва қорайиб кетган) ўзининг тўла ҳажмини ва олд тарафидаги қиймати тасвирини сақлаб қолган ҳамда ҳақиқийлигига шубҳа туғдирмайдиган металл тангалар тўловга яроқли ҳисобланади.
Шикастланган пуллар «эскирган» пуллар тоифасига киритилиб, банклар томонидан улар шу қийматдаги тўловга яроқли пулларга алмаштириб берилади

Жамшид ЭРГАШЕВ
«Ishonch»

Бошқа хабарлар