Йўлми ё кўл?

372

«Ёшлик» талабалар шаҳарчаси пойтахтимизнинг гавжум ва файзли масканларидан. Бу ердаги муҳит, ёшлар учун яратилган шароитлар кўзни қувонтиради. Тўртта олий ўқув юртига тегишли талабалар турар жойлари кўркам ва тартибли. Бундан ташқари, ҳудудда учта йирик усти ёпиқ сузиш ҳавзаси, олтита ёпиқ спорт мажмуаси фаолият кўрсатади. Қолаверса, савдо расталари, компютер клуб­лари, емакхона ва ҳоказолар талабалар хизматида.

Аммо ҳудуддаги мавжуд камчиликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Гап «Беруний» метро бекатидан шаҳарча марказига борувчи асосий пиёдалар йўлаги ҳақида кетмоқда. Талабалар ва аҳоли учун муҳим аҳамият эга ушбу йўлак ёмғирли кунларда кўллаб кетса, ёз мавсумида чанг-тупроқли йўлга айланади. Шу туфайли баъзан узоқ бўлса-да, асосий автомобил қатнови йўли бўйлаб ҳаракатланишга тўғри келади. Акс ҳолда, кўлмаклар узра сакраб ёки йўлак ёнидаги ёлғизоёқ йўл бўйлаб юришдан бошқа чора қолмайди. Йўловчиларга ноқулайлик туғдираётган ҳолатга неча йилдирки, эътиборсиз қаралмоқда. Четдан қараганда, катта муаммодек кўринмаса-да, бундай манзара чиройли ва озода шаҳарчага ярашмаслиги аниқ…

 

Сирожиддин ЎСАРОВ

Бошқа хабарлар