Сатира ва ифода

316

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида график рассом Ҳусан Содиқовнинг «Сатира ва ифода» деб номланган иллюстрациялар кўргазмаси очилди.

Кўргазмада рассомнинг ҳажвий ҳикоя ва латифаларга ишланган 80 га яқин иллюстрациялари ҳамда шарж (ҳазил сурат)лар намойиш қилинмоқда. Жумладан, латифа ва ҳангомаларда яшаб келаётган ўзбек, турк, эрон, озарбайжон, қозоқ халқларининг қаҳрамонлари, хусусан, Насриддин афанди ва Алдар кўса мусаввирнинг сатирик образларида ўз ифодасини топган. Рангли қалам ва акварелда тайёрланган ушбу ишларни нафақат катталар, балки болажонлар ҳам қизиқиш билан томоша қилишмоқда.
Қайд этиш жоизки, рассомнинг ижоди нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам машҳур. Унинг ишлари Жанубий Корея, Португалия, Кипр, Туркия, АҚШ, Хитой, Испания, Япония, Россия каби давлатлардаги шахсий коллекцияларда сақланади.
Кўргазма доирасида ташкил этилган ижодий учрашувда график рассом Ҳусан Содиқов йиғилганларга иллюстрация жанри ва унинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Кўргазма 23 февралгача давом этади.

Гавҳар САОДАТОВА,
журналист

Бошқа хабарлар