«Энди сир сақлашга ҳожат йўқ»

274

Республикамизда истиқомат қилаётган аҳолини иссиқлик манбаи билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Айни пайтда 6 миллион 143 минг истеъмолчи — шундан 3 млн. 300 мингдан ортиқ уй-жой ҳамда 83 мингга яқин улгуржи истеъмолчи табиий газ, 2 млн. 750 минг аҳоли хонадони суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.

Миллий матбуот марказида «O`ztransgaz» акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган «Аҳолига мунтазам ва узлуксиз газ маҳсулотларини етказиб бериш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси» мавзусидаги анжуманда шу ҳақда сўз борди.
— Ҳозирда асосий эътибор газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлардаги хонадонларни суюлтирилган газ билан таъминлашга қаратилган, — дейди «O`ztransgaz» АЖ бошқарма бошлиғи Акмал Эшонқулов. — Тўғри, биз йиллар давомида табиий газ етишмаслигини одамлардан яшириб келдик, энди сир сақлашга ҳожат йўқ. Жорий йилнинг 1 августидан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларига суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилади.
Ҳозирда 1 килограмм суюлтирилган газ нархи Қорақалпоғис­тон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, водий вилоятларида 644,7 сўм, Тошкент вилоятида 606 сўм, Бухоро ва Навоий вилоятларида 450 сўм, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 320 сўм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эса 327,6 сўм этиб белгиланган.
Маълум қилинишича, шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб аҳолига сотиладиган 1 килограмм суюлтирилган газнинг нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, водий вилоятлари ва Тошкент вилоятида 700 сўм, қолган ҳудудларда эса 500 сўм даражасида бўлиши кўзда тутилган.
Тадбир сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Сулаймон ҲАЙДАРОВ
«Ishonch»

Бошқа хабарлар