«Энди «қора» рўйхатда эмасмиз!»

298

«Дунёда номинг қорага чиқишидан ёмони йўқ. Худдики, ҳамма қўлини бигиз қилиб кўрсатаётгандек туюлаверади, кишига. На ейиш-ичиш, на ётиш-туришда ҳаловатинг бўлади. Бир марта адашиб қўйилган қадаминг алами йиллар давомида ҳаётингга раҳна солаверса, бунинг азоби қаттиқ экан». Кўзда ёш билан айтилган бунга ўхшаш сўзларнинг қанчадан-қанчасини тингладик. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ижроси доирасида кўплаб юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар негизини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Очиғи, шу пайтга қадар «мулоқот» деган тушунчанинг мағзини чақмаган эканман. Мулоқот бу суҳбатдошинг­нинг кўнглига қўл солиш, қийнаётган муаммоси ечим топишига қадар у билан ҳамнафас бўлмоқ дегани экан.
Хусусан, диний экстремизм оқимига хайрихоҳ оила вакиллари билан ўтказилган суҳбатлар ва бу ишларнинг амалий натижаси биз учун ҳам, улар учун ҳам самарали кечди. Одамларимизда ҳукуматга бўлган ишонч ортаётганининг жонли гувоҳига айландик. Янгича яшаш, ўзгача фикрлаш замони келганини англаганлар бугун чиндан-да эзгуликка йўғрилган ишлар бошини тутишди.
Улардан бири Наманган шаҳридаги «Янги қурилиш» МФЙда истиқомат қилувчи Акрамжон Юнусовдир. Акрамжон суҳбат асносида «қора» рўйхатдан чиқиш энг катта истаги эканлигини айтганди. Оилавий нов­войчилик билан шуғулланувчи А.Юнусов бугунги сиёсатдан жуда хурсандлигини, аҳолига берилаётган имтиёзлардан у ҳам фойдаланиб, тадбиркорлик соҳасини кенгайтириш ниятида эканлигини билдирганди. «Билиб-билмай қилган хато оқибати ҳалигача юзимизни қора қилаётир», деган эди ўшанда. Бугун эса у бутунлай ўзгача: қадди тик, қувончи дунёларга сиғмайди.
«Янги ҳаёт» МФЙда истиқомат қилувчи Мусохон Усмонов ҳам шундай бахтиёр инсонлардан. Ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланиб, эл корига елка тутаётган бу йигит билан суҳбатимиз кечагидек ёдимизда. «Бирор ташаббус билан чиқсак, кўплаб ташкилотлар аввалига қучоқ очиб кутиб олишади, қўллаб-қувватлаймиз, деб ваъдалар беришади. Икки-уч кундан сўнг эса «узр, бу иш бизга тўғри келмаскан», дея силлиққина рад жавобини беришади. Бунинг замирида диний тушунчаларимизни нотўғри асосга қурганимиз, жиддий бўлмаган хатоларимиз турибди. Бироқ хатомизни тушунганимиз, аллақачон тўғри йўлга қайт­ганимизни англата олмаяпмиз, шекилли. Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан биз каби адашганларни кечириши ва Ватанимиз учун нималарга қодирлигимизни кўрсатишга имкон беришларини сўрардик», дея дардини очганди у.
Жамоат ташкилотимиз ваколатларидан келиб чиқиб, Мусохон каби диний экстремизм оқимига хайрихоҳ оила вакилларидан олти нафари билан суҳбат ўтказиб, уларнинг афв мазмунидаги мурожаатларини тегишли идораларга етказдик. Қарангки, уларнинг барчаси бугун «қора» рўйхатдан чиқарилди. Энди улар ҳам ҳеч қандай қисиниб-қимтинишларсиз юрт корига елка тутиб, ижтимоий ҳаётда ўз ўринларига эга бўлишади. Бугун адолатпарвар сиёсатимиздан рози, ҳаётга мамнунлик билан боқаётган бу кўзларга тикилар эканман, қанчадан-қанча оилалар бахтиёрлигида ҳиссамиз борлигидан ифтихор туймоқдамиз.

Зулхумор ҲОЖИМАТОВА,
АСМ ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар кенгаши раиси

Бошқа хабарлар