Эътиқод — амали билан улуғ

327

Мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқ манфаатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, ислом динини кенг тарғиб этиш, бу борада қулайликлар яратишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Чилонзор туманида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи билан аталувчи масжид бунёд этиладиган бўлди.

Куни кеча Давлатимиз раҳбари масжид бунёд этиладиган жойга ташриф буюриб, унинг қурилиши масаласида ўз тавсияларини берди. Бу нафақат биз, оила аъзоларини, балки халқимизни ғоятда қувонтирди. Шу билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклади. Негаки, ҳазрат бошлаган ишларни давом эттириш, янада шижоат билан меҳнат қилиш лозим бўлади. Янги бунёд этилаётган мажмуада масжид, ҳазрат ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи музей, кутубхона, қироатхона, шунингдек, уч юз кишилик халқаро даражадаги анжуманларни ўтказишга мўлжалланган зал, умуман олганда, мўминларга ибодатдан тортиб, маънавий озуқа олиши учун муносиб шароитлар яратиш кўзда тутилмоқда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари динимиз ривожи йўлида бор кучини, илмини сарфлаган, одамлар қалбига ҳидоят, эзгулик уруғларини қадаган бағрикенг олим эдилар. Мисол учун, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси вазифасида ишлаб юрган пайтлари собиқ Иттифоқ раҳбари М.Горбачёвга расман мурожаат қилиб, диёримиздан ҳаж зиёратига борувчи мусулмонлар сонини кескин кўпайтиришга, 1990 йилда Марказий Осиё республикаларининг ўзидан беш юз нафар мусулмонни Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига олиб боришга эришган. Бундан аввал Иттифоқ бўйича бор-йўғи 20-30 кишигина ҳажга борган холос. Яна бир қувонарли жиҳат, шу кунгача ҳазратнинг 120 дан зиёд номдаги диний-маърифий китоблари нашр этилган. Бу машаққатли ва шарафли меҳнат маҳсулидир. Президентимиз қайд этганидек, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганиш ва тарғиб этиш, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлаган эди».
Ҳазрат вақтнинг қадрига етиб ишлашни хуш кўрарди. Айни пайтда ўзгалар вақтини ҳам қадрларди. Шу боис барча ишларини тартибли ва вақтида амалга оширган.
Ҳазрат бирор ишга қўл урса, уни Аллоҳнинг розилиги, динимиз ва шариатимиз ривожи йўлида сид­қидилдан бажарарди. Ушбу камтарона меҳнатларининг давлатимиз томонидан эътироф этилиши, у кишига ҳурмат кўрсатилиши динимизга, бутун мусулмонларга кўрсатилган эҳтиром, десак хато бўлмайди. Шу билан бирга, ҳазрат қолдирган улкан маънавий мерос маънавиятимизни бойитишга хизмат қилади. Шу маънода Президентимизнинг ушбу хайр­­­­ли ташаббуси халқ манфаатига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қувонарлиси, хушхабар нафақат халқимиз, балки дунё мусулмонлари, жумладан, ҳазратнинг ҳамкасблари, шогирдлари томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди. Жумладан, энг яқин шогирди ва сафдоши бўлган, қўшни тожикистонлик Ҳожи Акбар Тўражонзода ҳазратлари телефон орқали ушбу хабардан жуда хурсанд бўлганини билдириб, ўз ташаккурини Президентимизга етказиб қўйишни сўради ва у кишининг ҳақларига дуо қилди. Бундан ташқари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги кўплаб шогирдлари, сафдошларидан табриклар келиб турибди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳазрат диннинг, шариатнинг билимдони сифатида ҳар бир қилаётган ишида, шу қатори оилада, фарзандлар тарбиясида шариат аҳкомларига қатъий амал қилган. Бунда Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз (с.а.в) суннатлари асос бўлган. У киши фарзанд тарбиясида ҳам талабчан, ҳам меҳрибон мураббий эди. Бу ҳолат яқинлари ва шогирдларига бўлган муносабатда ҳам яққол сезилиб турган.
Қатъий кун тартибини бизга кичиклигимиздан ўргатган. Ўқиш, ёзишни билганимизда, олдига чақириб: «Бир кунлик иш тартибингни ёзиб кел», деб айтарди. Ёзиб келганимизда уни таҳлил қилиб, ўз маслаҳатларини берар, ёшимизга муносиб тарзда тушунтирарди. Умрининг сўнгига қадар йўл-йўриқ кўрсатишдан малолланмаган. Исломда ҳам фарзанд­­га гўзал тарбия бериш юксак даражада улуғланади. Жумладан, ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ота фарзандига берадиган нарсаларнинг ичида энг афзали гўзал одобдир», «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир», деган сўзлари келтирилган.
Ҳазратнинг яна бир яхши одати: аввал айтганман, яна қайтаришим шартми, демаганлар. Инсон зоти асли унутувчан эканлигини назарда тутиб, токи ўгит сингиб, ҳаёт тарзига айлангунча эслатиб туришдан ҳеч ҳам эринмаганлар. Фарзандларига, шогирдларига тартибли ҳаёт кечириш, яъни уйқудан эрта туришни кўп тавсия қиларди. Ҳазрат бомдод намозидан аввал туриб, ишга ўтирарди. Турли учрашув ва тадбирларга борганида ҳам соф диний таълимотни аҳолига етказиш пайида бўларди. Умуман, ҳар бир масалада тартибга риоя қилган ҳолда фаолият юритарди. Айниқса, илмга кўп вақт сарфларди.
Яна бир фазилатлари яхшилик қиламан, дин йўлида хизмат этаман, деган одамни ҳеч қачон қайтармасди. Ҳар қандай ҳолатда иқтидори ва салоҳиятига қараб, хизмат буюрган, қўллаб-қувватлаган. Менга ҳам, бирор инсон олдингга келдими, унинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қил, кечиктирмагин. Чунки, у одамнинг ўзгариши бор. Бугунги ихлоси ёки имконияти эртага бўлмаслиги мумкин. Шу боис яхшилик йўлидаги одамга имкон қадар тез ёрдам бериш лозим, дерди. Ҳазрат ҳузурига келган инсоннинг ихлосидан имкон даражасида фойдаланиб, йўлга соларди. Бир сўз билан айтганда, у киши одамлар билан муносабат ўрнатишда кучли психолог бўлган ва бунда, шубҳасиз, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳаёт тарзи ибрат эди. Ҳозирда ўқийман десангиз, китоблар бор ва интернетдан ҳар қандай мавзуда манба топишингиз мумкин. Аммо ўқиб амал қилиш бошқа. Ҳазрат ўқиганига доимо амал қилганлар.
Ҳаёт йўли барчага ибрат бўлган шундай улуғ инсонга кўрсатилаётган юксак эҳтиромга муносиб бўлиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу борада эса зиммамизда қилиниши лозим бўлган вазифалар кўп. Динимиз, азалдан аждодларимиз ардоқлаб келган эзгу фазилатларимиз тарғиботида бор куч-ғайратимизни сафарбар этиб, камарбаста бўлсак, бизни кўп улуғ манзиллар кутиб турганига гувоҳ бўламиз, иншоаллоҳ!

Исмоил МУҲАММАД СОДИҚ

Бошқа хабарлар