Ҳар каллада ҳар хаёл ёхуд икки бошли илон тақдири

455

Ўқувчилик йилларимиз. Директоримиз бир йиғилишда ташаббус билан чиқиб, туман раҳбарига берган ваъдасига кўра, юқори синф ўғил болаларидан 90 нафарлик чалғичилар бригадаси тузилди. Одамбормаснинг бепоён даштида ўт-ўланлар ўсиб ётибди, хоҳлаганча ўриш мумкин.

Ҳавас ва қизиқиш билан ўт ўришга киришдик. Ғайратимиз ичимизга сиғмасди. Аммо тўртинчи кунга бориб толиққанимиз билиниб, анча ювош бўлиб қолдик. Сусткашлик қила бош­ладик, ҳар хил баҳоналарни рўкач қилишга ўтдик. Пахтаобод канали яқин. Сув ичамиз ёки чўмилиб келамиз, деб ўқитувчиларимиздан ижозат сўраймиз-у, вақтни чўзамиз. Тушликдан кейин ҳам аҳвол шу. Чўмилиш роҳати жон.
Шундай кунларнинг бири. Чўмилиб чиқиб, оёқларимни сувга ботириб ўтирардим. Ўртоқларим ҳам бирин-кетин сувдан чиқа бошлашди. Ярми сувга чўккан, аммо шиддат билан мен томон оқиб келаётган тут шохи диққатимни тортди. Сал нарироқдаги юлғун танасидан ушлаганча ўнг қўлимни оқиб келаётган шох томон узатиб, сувдан тортиб олдим. Унга ўралган олачипор «арқон» ҳам кўзга ташланди. Син солиб қарадим, арқонга ўхшамади. Ажратиб олдим. Ўлган сув илони. Танасининг юқориси айри шохдек иккига бўлинган, энг қизиғи, боши ҳам иккита эди. Биринчи бошни иккинчиси ютиб юборган.
Ҳусниддин ўртоғим икки кун олдин гапириб берган воқеани эсладим. Ҳеч қайсимиз ишонмаган эдик унинг айтганларига.
— Мўминкал даштида ўт ўраётгандик, — деган эди у ҳая­жон билан. — Туш чоғи чўмилишга бордим. Сувга тушиш олдидан баданимни қуёшга тоблаб олдим. Кўзим сув бетидаги олачипор нарсага тушди. Кузатсам, сув илони экан. Тананинг юқори қисми иккига бўлинган, боши ҳам иккита эди. Ҳайратланарлиси, бошлар бир-бирига бас­ма-бас ҳамла қиларди. Бу олишув бир неча бор такрорланди. Уни сувдан чиқариб олмоқчи бўлиб хивич, таёқ ёки сим ахтардим. Келгунимга қадар кўздан ғойиб бўлибди.
Ҳусниддин ёлғон гапирмаган экан. Бугун биз Тулкихонада ўт ўраяпмиз. Мўминкал дашти билан ораси беш чақирим. Демак, икки бошли илон жанги икки кун давом этган. Мен эса жанг якунига гувоҳ эдим.
Икки бошли сув илонининг бош ва бўйинлари қонталаш, терилари шилинган. Бири иккинчисини ютгани эса ҳаёт-мамот жангининг ниҳоясидан далолат эди.
Бу воқеа узоқ йиллар кўз ўнгимдан кетмади. Илоннинг бир-бирига итоат этмас икки боши икки олам эди. Бир танага икки бош ортиқчалик қилишини ўшанда тушунгандим.

Турсунбой БОЙМИРОВ.
Қамаши

Бошқа хабарлар