Меҳри мунир, зеби торак

28

Башарият тафаккурининг юксак чўққиларидан саналмиш Мир Алишер Навоий шеъриятга доир манзумаларида бадиий санъатни порлоқ нур ва меҳр улашувчи ҳамда бош устида товланиб турувчи тож безагига қиёслаган. Буни Навоий билан шахсан учрашиш насиб этмаган ёш Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам шоир ўлимидан беш йил ўтиб, замонанинг зайли билан Ҳусайн Бойқаронинг илтимосига кўра Ҳиротда бўлган чоғида эътироф этган.

Шоҳ Будоқ Шайбонийга қарши биргалашиб курашиш ҳаракатига тушган темурийзодалар Қобулга ҳукмдорлик қилиб турган Бобурни жанг майдонига тортмоқчи бўлганлари бизга тарихдан яхши маълум. Қаҳратон қиш ҳукм сураётган бир кезда Бобур бу чақириққа «ҳамма оёқ билан юриб борса, мен бошим билан юриб боришга ҳам тайёрман», дея ҳеч бир хаялламай Ҳиротга ўн минг лашкари билан йўл олган. Ва эътиборли жиҳати, Навоийнинг бир неча танобга чўзилган улкан ҳовлисига барча лашкарлари, от-улови билан жойлашган. Эртаси куни у Навоий мақбарасини тавоф қилгач, бир неча кун шоир томонидан барпо қилинган «Халосия» хонақоҳида тунаган. Худди шу ерда «Чор девон» мутолааси билан шуғулланиб, Навоий даҳосига яна бир карра қойил қолган. У хаттотларига буйруқ қилиб, куллиётни тўла кўчиртириб олган.
Чиндан ҳам Навоий шеъриятда бадиий сўзнинг чексиз қудрати ва имкониятларига юксак баҳо бериб, бу ҳақда «Ҳайратул аброр»да махсус тўхталган. Ўзи кечирган бу шавқу ҳайратни шундай ифодалайди: «Чарх томиға нардбон ясамоқ, меҳр шамъиға шамъдон ясамоқ. Қилибон анкабут ипини каманд, Айламак аждаҳо анинг била банд».
Энди сиз ҳам шоирнинг ижодий хаёл ихота доирасини бир тасаввур этиб кўринг-а! Бадиий ижодга, шеъриятга қўл урмоқ баайни фалакнинг пештоқига монанд нарвон тайёрлашу, қуёш шамъиға муносиб шамъдон ясаш билан ўргимчак ипидан сиртмоқ ҳозирлаб, афсонавий аждаҳони банд этишга тенглаштирилади. Бу — инсоният имконига сиғмайдиган нарса ва ҳодисалардан ғаройиб мўъжизакор ҳолат — яратиш санъати, инсон заковати журъат қилмаган ўй-хаёлларга ижодий жасорат топиш иқтидоридан далолат беради. Шоир сўз санъатининг самовий қудратидан рағбатланиб, шундай ёзади: «Заррада меҳрни ниҳон айлай, Баҳрға қатрани макон айлай». Заррада — қуёш, қатрада — денгиз акс этишидек оламнинг мўъжизаларини такрор-так­рор эшитганимиз учунми, улар бизни унчалик ҳайратга солмаслиги мумкин. Улуғ санъаткор эса мана шу ҳодисадан ижодий фойдаланиб, шеъриятга янада сайқал бахш этади. Шоир, зарурат туғилса, оламнинг энг улкан жисми ҳисобланмиш қуёшни энг кичик жисм — заррага, уммонни эса қатрага жойлай олишдек афсунгар маҳоратига эга бўлганлиги учун ҳам шоир-да! Шеърият санъатига хос бундай фавқулодда бадиий мантиқ кучи юқоридаги каби муболағанинг иғроқ, ифрот каби нафис ва сирли поэтик усулларида ўзига хос ҳолатда намоён бўлади.
Бадиий сўз сеҳргарларидан бири Алишер Навоий шеър яратишга қанчалик юксак масъулият билан киришмасин, бу майдонда ўзини шунчалик эркин, шавқ-у рағбат қуршовида ҳис қилган:
…Агар хоса маъни, гар ийҳом эрур,
Онинг кунда юз байти ҳалвом эрур.
Бу байтнинг ўзига жалб қилувчи сири «хоса маъни», «ийҳом» сўзларининг замирига яширинган мазмундадир. Навоий қаламининг илоҳий қудрати ҳам шунда — буни яхши ҳалвопазнинг ўз ишидан завқ-шавқ олишига қиёс этилишидан ҳам билса бўлади. Бироқ шоир энг қийин ва мураккаб бадиий усуллар билан ишланадиган шоҳбайтларни кўзда тутаётганини эътибордан қочирмаслик керак. Ҳар ҳолда, Навоий қонуний ифтихор ҳисси билан тилга олган, ҳар бир шоир ҳам уддасидан чиқавермайдиган хоса маъни, ийҳом санъати аслида ўзи нима эканини билмай туриб, унинг сўз даҳоси ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш қийин. Шунинг учун дастлаб нисбатан ­камёб ўша икки санъат заминида яратилган байтларга разм солиб кўрайлик:
Бош қўяй дедим оёғи тупроғига,
деди: қўй,
Бўса истаб лаъли рангин сўрсам
эрди деди: ол.
Мазкур шоҳбайтда ўзаро нуктадонлик талашадиган икки лирик лавҳа — образ мавжуд бўлиб, бу «қўй», «ол» сўзларининг ҳар бири англатган қўш маъно заминига қурилган нозикхаёллик — бетакрор бадиалардан иборат. Уларни бироз шарҳлаб ўтмасак, байтнинг асл нафосатини англаш қийин бўлади. Ошиқ муҳаббат қисматининг барча қийинчиликларига дош бериб, маҳбуба оёқларига эмас, унинг гардига бош қўяр даражага бориб етса-да, у бағритош унга аввалгидай беписанд. Ҳажр изтиробида тўлғониб, васл илинжида ҳокисорлик билан қилган илтижосини рад этади. Демак, маҳбуба ё бошқани севади ёхуд ошиқ аҳволига раҳм-шафқат қилмаслик — унинг одати. Маҳбуба муҳаббатнинг жиддий синовлари давомида тўла қаноат ҳосил қиладики, ошиқ ўзининг чин эътиқоди, бениҳоя шикастаҳоллиги, фидойилиги билан садоқат ва вафонинг мужассам тимсоли бўлиб қолажагини, муҳаббат йўлидаги бутун қийинчиликларни тақдир насибаси ўрнида кўришини намойиш этаётир. Демак, унинг кўнгил илтижоларига ўшандай муҳаббат билан жавоб қилса, висол ризолиги билан дардига малҳам қўйса арзигуликдир.
Кейинги мисранинг ўзаро зид икки маъноси: ҳажрнинг турфа хил қийноқларини кечиришга, ишқ йўлидаги азалий ва ногаҳоний балоларни даф этишга куч, сабот берган, энг мушкул дамларда дилдаги умид чароғини сўндирмаган сеҳрли умид туйғуси, васлнинг бебаҳо мукофоти — бўса истагига ошиқ ноил бўлса ҳам, буни ошкор этишга ҳаёданми, ваҳмданми журъат қилмайди-да, болаларча: «Лаълингни ранги қандай эди?» деб савол беради. Маъшуқа эса ё бу савол маъносини атайин англамаганга олиб тоғофил билан ё ошиқнинг журъатсизлигидан кулиб, шўхлик, ғамза-ю истиғно билан унинг дардига бедардларча юзаки жавоб қилади. «Наҳотки шуни ҳам билмасанг, лабимнинг ранги қизил»: сен фазлу камолинг билан муҳаббатдек буюк давлатнинг закоти — покиза бўса илтифотига мушарраф бўлмоқ учун ушшоқ аҳли ўтиши вожиб қийин ва муқаддас йўлнинг барча манзилларидан ўтдинг. Сенинг чин ошиқлигинг шундаки, ўзинг сазовор бўлган бу бахт истагини очиқ айтишга ҳаё қиласан, зеро, муҳаббат туйғулари ўша пардалилиги билан қадрли ва жозибалидир. Сенинг рамзий, ишорали саволларингдан менинг ҳам висол иштиёқим пурзиёд бўлди. Сенга ўша муборак туҳфани топширишга мингдан-минг розидирман, ол. Шундай қилиб, ийҳом санъати билан безатилган мазкур шоҳбайтда истанг — зоҳирий-ошкор, истанг — ботиний-пинҳон маънолар тақдим этилади. Ийҳомнинг жозибаси ҳам унинг мана шундай танқислигида кўринади. Бундай байтларда поэтик санъат турларидан тўғри фойдаланиш учун шоир ижодининг ички маънавий дунёсини кенг­роқ ўрганиш зарурати туғилади. Навоийнинг сўлмас дурдоналари бўлмиш минглаб шоҳбайтларда оловли эҳтирослар билан бирга, вазмин фикрларнинг омухта бўлиб келиши санъаткордан чинакам истеъдод билан бирга, зўр малака ва пухталикни тақозо қиларди. Лирикада асрлардан бери ишланиб келган муайян қоидалар, «темир қонун» бўлиб кетган муфассал шартлар вужуд­га келган эдики, буларни билиш ҳар бир шоир учун фарз эди. Акс ҳолда ўша шоирни саводсизликда, ноқобилликда ёки чинакам бадиий завқнинг йўқлигида айблашарди.
Бир неча асрлар мобайнида Шарқ классик шеъриятининг назарий ва амалий фаолиятига кўрсатма бўладиган илмлар зоҳир топган эдики, булар «Илми бадеъ», «Илми аруз» ва «Илми қофия» номлари билан аталади. Буни барча қомусий олимлар «Илмҳои сегона» деб атаб келишган. Санъат оламидаги бу «учлик»ни билиш ҳар бир адабиётшунос учун мутлақо шарт бўлган. Адабиёт шинавандалари ҳар қайси бадиий шеъриятга баҳо бераётганларида, унинг ўша поэтик қирраларига қараб ўлчов ясаганлари ҳам бежиз эмас. Навоий ҳам ўз ғазалларини фақат илҳом ва туйғу омилларигагина риоя қилмай, адабиёт қоида ва назарияларини кўздан қочирмай қалам тебратган. У ўзигача «Илми бадеъ» ҳақида яратилган асарларни турли мамлакат кутубхоналаридан топтириб келиб, чуқур ўрганган. Буни шоир ўзининг «Мезонул авзон» деб номланган асарида очиқ айтади. Жумладан, у ҳижрий III асрда яшаб ўтган Аббосийлар шажарасига мансуб Ибн Муътасим яратган дастлабки 17 та санъат усулини тажрибада синашга уринган. Ундан кейин Қуддам бин Жаъфар томонидан ёзилган «Нақдуш шеър» ва Халил ибн Аҳмаднинг аруз ва қофия илмига доир асарларини мутолаа қилган. XI асрда яшаган Умар Родуёнининг «Таржимонул балоға», Мансур Самарқандийнинг «Канзул ғаройиб», Муҳаммад Рашидийнинг «Зийнатнома» каби поэтикага доир қўлёзмаларини ўрганган.
Айниқса, шоирлар учун XII-XIII асрларда яратилган иккита асар муҳим бўлган.Булардан бири машҳур хоразмлик шоир ва олим Рашидиддин Ватвотнинг «Ҳадойиқус сеҳр» асаридир. У Хоразмшоҳ Муҳаммаднинг отаси султон Такеш саройида хизматда турган. Шайх Нажмиддин Кубронинг суюкли хулофаларидан саналган Маждиддин Бағдодий ўша султон Такеш билан ака-ука бўлган. Ватвотнинг бу асари ўз даври учун қўлланма ва дастуруламал вазифасини ўтаган.
Иккинчи йирик асар эса Хоразмшоҳ саройида маълум вақт хизмат қилган Қайс Розийга тегишлидир. Унинг катта шуҳрат қозонган «Алмуъжам» номли поэтик асари форс тилида Хоразмшоҳлар саройида яратилган. Бу асар ўша пайтда мўғуллар талотуми авжга минган бир пайтда йўқолган, бироқ илм-маърифат қадрига етадиган Жалолиддин Мангубердининг укаси Рукниддиннинг ­саъй-ҳаракати билан қўлёзма ахтариб топилган.
Навоий XV асрда ёзилган «Шарафномаи Мунирий» деб номланган машҳур асарни ҳам чуқур ўрганган. Унда айтилишича, Қайс Розий Хоразмда яшаган пайтларида бевосита султон Жалолиддин Мангуберди номига атаб «Қанғли» шеваси асосида турк­­ча бир луғат яратган. Унинг номи «Тибенул луғотит туркий ало лисонул қанғли» деб аталган. Қанғлилар туркий халқлар ичидаги бир қавм бўлиб, уларнинг бир қисми Тошкент атрофида ҳам яшаган. Бу қавмнинг номи бугун ҳам шаҳарда «Кичик қаъни», «Катта қаъни» номлари билан аталиб келинади. Қанғли сўзининг асл луғавий мазмуни Рашидиддиннинг «Жомеъ-ут тавориж» асарида «Қониқарли кишилар», «қониқли одамлар» деган маънони бериши айтилади. Бундан кўринадики, Қайс Розий туркий тилни ҳам яхши билган. У шайх Нажмиддин Кубронинг суюкли хулафоларидан бўлган Маждиддин Бағдодий, имом Фахр Розий, Сирожиддин Саккокийлар билан биргаликда Туркон Хотун саройи­­да хизмат қилган. Гурганж мўғуллар томонидан забт этилгач, Қайс Розий ҳам эрон томонга қочишга мажбур бўлган. Қайс Розийнинг қанғлилар ҳақидаги асари XI асрда яратилган Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғотит турк» асаридан кейин иккинчи йирик асар эди, десак асло хато бўлмайди. Сарой теграсида юз минг жилддан ортиқ китобга эга бўлган Навоийни бу асар ҳам қизиқтирган бўлиши табиий бир ҳолдир.
Шоир ғазалларидан бирининг мақтаида шундай бир байт келтиради:
Навоий назм аро тийғи забонни
ўйла сурдиким,
Пичоқ топмас уятдин ўзни
ўлдирмоққа Саккокий.
Навоий бу байтда Саккокий номи остида кимни кўзда тутган экан дерсиз? Маълумки, Навоийдан бир мунча олдин Отоий ва Гадоийларнинг замондоши бўлган Саккокий деган шоир ўтган. У Мирзо Улуғбек саройи­­да қасиданавис шоир сифатида танилган. Бироқ Навоий бу шоирга юксак баҳо берган эмас. Шоир Абдураҳмон Жомий, Саъдиддин Кошғарий ва Хўжа Аҳрорларнинг маслаҳати билан Самарқандга бориб, Абулайсий ҳузурида илм олаётган кезларда, Тошканд ҳокими Аҳмад Ҳожибек ёрдамида унинг девонини кўп излатган. Саккокийнинг девони шуҳрат топмагач, у кўп кўчирилмаган. Навоий фақат унинг айрим поэтик заиф шеърларинигина ўқиб, тегишлича хулосага келган. Шу боис у шеърда тил қиличини музаффарона суғурганини кўриб, уялганидан ўзини ўлдиришга пичоқ тополмай гаранг бўладиган даражада ашаддий рақиб бўлолмайди. Навоий бу ўринда ўзига мусобақадош, рақиб деб бошқа бир устодни кўзда тутган. Бу шоир Жалолиддин Мангубердига ҳам устозлик қилган Сирожиддин Абу Яқуб Юсуф бин Абубакр Саккокий (1159-1227) дир. У асли хоразмлик бўлиб, «Мифтохул илм» номли поэтик санъатга дахлдор асарнинг муаллифи сифатида шуҳрат қозонган. Бу асарда Саккокий морфология, синтаксис илмини илгари суриш билан бирга, шеъриятда маъно, баён ва адабий санъатлар хусусида, аруз ва қофия тўғрисида ҳам муфассал маълумотлар берган. Унинг бу китобига кўп машҳур адиблар, жумладан, Темурнинг замондоши Саъдиддин Тафтазоний ҳам муфассал шарҳ ёзган. Бадиий санъатларнинг ҳамма қоидаларини мукаммал билган бир донишманд олдида бадиий ҳунар кўрсатиш, албатта, Навоий учун катта шараф саналган.
Шоир бу байтда худди шу нуқтани кўзда тутган. Буларнинг бари мумтоз поэтика анъаналарининг Навоий даврида жуда юксак поғонада турганидан дарак беради. Навоий ўзи ҳам кўп асарларида «илми бадеъ» атамаларини кўп қўллайди. Шеъриятнинг таҳлил ва таърифида у юксак илм соҳиби бўлганини намоён этади. Масалан, фақат битта асарнинг ўзида у: рубоийнинг вазни хусусида, маснавий ва қасида, унинг ихтиролари тўғрисида, тажниснинг икки вазнли, икки қофияли турлари ҳақида, ғазал ва қасидалардан ташкил топ­ган девон ҳақида, Хамса ҳақида, мунозара ва бадиҳа тўғрисида, шеърдаги салосат (равшанлик) ва латофат ҳақида, тарсеъ санъати, наът тури ва қофия ҳақида, табъда хаёлангезлик ҳақида, баҳория қасидаси деган тур ҳақида, муаммо санъати, вазн, қофия, радиф ҳақида, ғазалнинг мақтаъи ва ташбеҳотлар тўғрисида тиниқ маълумотлар беради. Навоий ҳамма бадиий санъатларни, сўз, вазн, қофия бобида устозлар ишлаб кетган қоидаларни ўқиб-ўрганишга даъват этади.
Шеърни ёзаётганда маънининг бутунлиги, фикрнинг тўғрилиги энг муҳим эканлигини тушунтиради. Сохталикдан қочиш, ёлғон ташбеҳлардан, тушунарсиз, ғализ ишоратлардан, мушкул имолардан, қайтариқ сўзлардан, такрорий тажнислардан, узундан-узун ишоратлардан, нотўғри мажозлардан, ўринсиз иборалардан ҳазар қилишни уқтиради. Айниқса, бу ўринда тарих зарварақларини, ўтмишдаги машҳур арбоблар, ҳукмдорлар, донишмандларнинг саргузаштларини, ҳукамолардан мерос бўлиб ўтган салафларни яхши билишни тавсия этади. Бу ўринда Навоий шеърда бутунлик, шакл ва мазмуннинг жобажолигини, мазмуннинг устунлигини талаб қилади. Бу айтилганларнинг бари ўша даврда мумтоз поэтика анъаналарининг жуда юксак пояларда турганидан дарак беради.

Маҳмуд НАЗАРОВ,
филология фанлари номзоди

Бошқа хабарлар