Ортиқча гап

243
Яқинда яхши бир китоб ўқидим. Аввал билмаган ва эшитмаган эканман, балки сиз азизлар учун ҳам фойдали бўлишини ўйлаб унда битилган ибратли бир нуқтага тўхталаман.
Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз даври ижодкорлари билан муносабатларини «Бобурнома»да муфассал баён қилади. Аммо бу муҳташам китобда аввал учратмаганим тарихий бир воқеага Ҳасанхўжа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» тазкирасида дуч келдим. Унда ёзилишича, ўша замон шоирларидан бири, ўзбек адабиёти тарихига «Қиссаи Сайфулмулук» асари муаллифи сифатида кирган  Мажлисий Бобурга бағишлаб қасида ёзади.
Қасида Бобурнинг таъбига хуш-маъқул келади ва шу мақтовли шеър эвазига шоирга етмиш минг танга инъом қилмоқчи бўлади. Бироқ шу орада нима учундир Бобурнинг эсига:
«Мискин чиғатойки кундузи
                                       тундир анга,
Аҳволи паришон қора
                                     тундур анга.
Мағрур бўлиб ер юзига
                                        сиғмас эди,
Сичқон тешуги эмди минг
                              олтундир анга»,
деган рубоий келиб қолади. Бобур Мажлисийдан: «Муҳаммад Солиҳ бу рубоийни нима сабаб билан айтган?» дея сўрайди. Мажлисий шу рубоий ҳам Бобурга жуда ёққан экан-да, деган хаёлга бориб, сўралмаган бир гапни ҳеч заруратсиз айтиб, мақтаниб қўяди: «Аслида бу рубоийни мен ёзганман, лекин одамлар орасида Муҳаммад Солиҳ номидан машҳур бўлиб кетди». Бобур ундан рубоийни ким ёзган, деб сўрамади. Ёзилиш сабабини билмоқчи бўлди, холос. Аммо Мажлисий ўзидан савол тўқиб, сўралмаган гапга жавоб айтади. Шунда Бобурнинг авзойи бузилиб, қошлари чимирилади. Рубоий мазмуними ёки  Мажлисийнинг ортиқча гапириб қўйгани Бобурга маъқул келмаганми? Буниси бизга қоронғу. Далил шуки, Бобур Мажлисийни қатл этишга буюрмоқчи бўлади, аммо мурувватли подшоҳ сифатида кечиришни маъқул кўриб, ниятидан қайтади ва: «Шеър сийлови учун тайин этилган етти минг танга мулланинг хунбаҳоси ҳисобланади, ўзини эса бу ердан чиқариб юборинглар», деб айтади.
Мажлисий билан Бобур ўртасида бўлиб ўтган шу суҳбат ва буйруқни ижикилаб шарҳлашга зарурат йўқ. Гап тушунарли. Агар кимдир анг­лашга  қийналган бўлса, унга ҳазрат Ғаззолийнинг «Тил офатлари» китобини тавсия қиламиз.
Баҳодир КАРИМОВ, 
филология фанлари доктори
Бошқа хабарлар